Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

КАРТОШКА КУЯСИ - ХАВФЛИ ҲАШАРОТ

Картошканинг энг хавфли зараркунандаси - картошка куяси ҳисобланади. У картошкадан ташқари помидор, бақлажон, ёввойи итузум, тамаки ва бошқа итузумдошлар оиласига кирувчи ўсимликларни ҳам зарарлайди.

Картошка куясининг ватани Жанубий ва Марказий Америка ҳисобланиб, юртимизда биринчи марта 2009 йилда Хоразм вилояти Шовот туманида аниқланган. Ҳозирда бу зараркунанда республикамизнинг барча ҳудудларига тарқалиб, картошкачиликка катта хавф туғдирмоқда. Зараркунанда 22-26 даража ҳароратда ва 70-80 фоиз нисбий намликда яхши ривожланади. Етук қуртлик ёки ғумбаклик ҳолида қишлайди.
Зараркунанда капалаклари бир-икки дона уруғни картошка баргларига, очилиб қолган туганакларига, агар тупроқ билан картошка кўмилган бўлса, тупроққа ҳам қўяди.
Тухумдан чиққан қуртлар картошка баргининг, туганакнинг ичига кириб олиб озиқланади. Улар битта картошкада 15 тагача бўлади. Айниқса, эртаки картошка ўрнига такрорий картошка экилса, ўсимлик кучли зарарланиши мумкин.
Картошка куяси ҳосилни омборхоналарда сақлаш жараёнида ҳам тўхтовсиз ривожланиб, тухум қўяди. Шу боис бундай омборхоналар унинг асосий тарқалиш ўчоқларидан бири ҳисобланади. Омборхонада сақланаётган картошка 25-80, баъзан 100 фоизгача зарарланиши кузатилган.
Бунда куянинг урғочи капалаги жуфтлашиб, урчигач, бир кундан сўнг дастлабки тухумларини қўйишни бошлайди. Капалак ҳаёти давомида 150-200 донагача тухум қўяди. Капалаклар кундузи баргнинг орқа томонига жойлашиб, тинч ҳолатда бўлади. Кечки пайт, ғира-шира қоронғи тушиши билан 2-3 соат ва эрта саҳарда, тонг отишига яқин 1-2 соат давомида жуда фаоллашиб, учади, шу пайтларда тухумларини қўяди. Капалаклар тухумларни картошка поясининг ўсув нуқтасига, янги чиққан баргларга, илдиз бўғзига, кесаклар ва туганаклар кўзчаларига биттадан, баъзан иккитадан ҳам қўяди.
Қуртлар тухумдан 5 кунда чиқади. Қиш мавсумида уларнинг чиқиши бир мунча чўзилади. Тухум ичида етилганлари, тухум қобиғини кемириб, ташқарига чиқади ва шу жойдаги ўсимликларни кемириб зарарлайди.
Картошка куясига қарши агротехник ва кимёвий усулда кураш олиб бориш керак. Мақсадимиз қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорти юксалишида барча турдаги қишлоқ хўжалик экинларини ҳашарот ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш ва курашни ўз вақтида олиб бориш, пировард натижада фитосанитар тоза экспортбоп маҳсулотлар етиштиришдир.

А.РАҲИМОВ,
туман ўсимликлар карантин
инспекциясининг агроном-инспектори


Последнее редактирование: 20/05/2020 16:03;   Просмотров: 776
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку