Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

"КАРАНТИН" МОЖАРОСИ

(Коронавирус ҳажвиясининг давоми)

Кимга маска - кимга маза

Коронавирус оилавий алоқаларга ҳам таъсир қила бошлади. Шусиз ҳам мураккаб соҳа саналмиш эр-хотин муносабати синовга тушди. Ваҳоланки, уч ой олдин эру хотин тўшакда маска тақиб ётади деб кимни ҳам хаёлига келарди?! Бугун бу бировни ҳайратга соладиган ёки кулдирадиган гап бўлмай қолди. Тўғри-да, эпидемия шароитида масканинг қиёси йўқ - уни таққан одам ўзини ва атрофидагиларни вирусдан ҳимоя қилади. Ёйин учун тақмайди. Бироқ, қарангки, эр-хотин муносабатига келганда масаланинг ўзга томони ҳам бор экан: маска кимга баҳонаю кимга чин дегандай. Бир ҳазилкаш жўрам буни образли тушунтирди қўйди: "маска бир-биридан чарчаган жуфтларга нафасни ростлаш имконини берди", деб, "мажбурлаш ҳам, хафагарчилик ҳам йўқ".

Яқинда бир аёл фэйсбукда шикоят ёзаяпти: "эрим кўчага маскасини унутиб чиқиши мукин, лекин ётганда ҳеч қачон бўйинтуруғи эсидан чиқмайди" деб. Бечорагина, олдин нега эри айнан кечаси "масканинг муккасидан" кетиши сабабини ўйлаши керакдир. Бошқаси эса бахтиёр: "коронавирус чиқдию, уйқумда ҳаловат бор" деб. Эри маска тақаётганидан буён хуррак отмасмиш... Во ажаб, нақадар қизиқ бу ҳаёт дегани - кимдир эрининг тунгги маскасидан нолийди, кимдир бунга қувонади. Бир япон дўстимнинг ҳам қисматига вирус касрига тушди. Балои олам унинг "оилавий ишларига аралашиб" хотини билан қир-пичоқ қип қўйди. Ҳикоямиз қаҳрамони шу одам. Унинг исми Такаҳиро, атрофдагилар қисқагина "Така" деб чақиради.
ЭҲтиёткор Така
Така билан фитнес спорт залида танишганман. Ҳар куни ёки кунора ўша ерда учрашиб турамиз. Ёши қирқлар атрофида, ўрта бўйли, пурра юзли, аммо семизлик аломати сезилмайди, озғин ҳам эмас, ёшига нисбатан қоматини анча яхши сақлаб қолган. Японларга хос бир мунча камгап бўлса-да, кўнгли очиқ ва соддадил йигит. Фақат бир айби - жуда эҳтиёткор одам. Фитнеснинг студия машғулотларига (гимнастика, ёга ва ҳоказо) кирган куни куч сарфлаш талаб қилинадиган амалларини бажармайди у, мушак толалари яллиғланади деб. Аксинча, оғир тренажёрлардан фойдаланса, ярим соат албатта мушакларини чўзиши керак. Фитнесдан сўнг кўпчилик офурога (сув ҳарорати 40 градусдан ошадиган муштарак ҳовуз) киради. Ёзим шахсан офуро ишқбозиман. Офурода баданни қизитиб совуқ сувга кирса борми, ваҳ-ваҳ, бутун аъзолар куйга киради. Том маънода қушдек енгил тортади одам. Така ўзи учун қатъий қоидалар жорий этган: офурода камида етти минут ўтирмагунча, совуқ сувга қўлини урмайди. Сауна вақти эса тўққиз минутдан ошмаслиги керак. Ундан ортиғи юракка зўр келади дейди. Қани ўзингни қатил қилчи, шу қоидаларни бузармикан у?! Эҳ-ҳе, овора бўлгани қолади одамни. Умуман, қонунга сўзсиз риоя қилиш япон маданиятининг қон-қонига сингиб кетган. "Қонун - уни бузиш учун яратилади" деган эски совет "нақли"ни японга уқтириб кўргинчи тушунармикан?! Сен ҳазиллашаётган бўласан, у эса мантиқ қидириб қийналади...
Гоҳида ўйлаб қоламан, эҳтиёткорлик Таканинг "касб касаллиги"масмикин деб. Бундай хаёл қилишимга асос бор, албатта. Така - аптекачи. Япония аптекаларида берилаётган дорининг хусусияти, муҳлати ва қанча дозада ишлатиш кераклиги беморга (харидор) батафсил тушунтирилади. Боз устига, буларнинг бари ёзма равишда беморнинг қўлига топширилади, исми қайд этилиб. Шу билан дори шахсий аҳамият касб этади, алалхусус, бегона одам билмасдан истеъмол қилмаслиги учун. Қилган тақдирида ҳам олдиндан кўрилган ушбу чора-тадбир туфайли жавобгарлик аптеканинг бўйнидан соқит қилинади. Зероки, ана шундай эҳтиёткорлик Таканинг табиатига таъсир қилган бўлса ажабмас.
Таканинг ташвиши
Корона вирус чиқдию, Така бир мунча безовталаниб қолди. Фитнес залида бир ёки икки соат вақтимиз тўқнаш келадими, йўқми, шу орада унинг қайталаб қўлини спирт билан дезинфекция қилаётганига кўзим тушади. Студия машғулотларини мутлақо рад этди, у ерда одамлар орасидаги масофа қисқа деб. Вирус ҳақидаги янгиликларни тинимсиз кузатиб борадиган одат чиқарди. Ва, шу билан ҳам ўзини қийнаб қўйяптими дейман?! Етмаганидек, сўнгги пайтларда хотини Ҳарука билан чиқишмай қўйди. Илгари фитнесга эр-хотин эргашиб келарди, бирга қайтарди. Энди эса ҳар бири алоҳида. Худди бир-бирига мустақиллик эълон қилган республикалардай.
Қайсидир куни, ҳали эр-хотиннинг таранглашган муносабатидан бехабар, фитнесга кираётсам, Ҳаруканинг бир ўзи қайтаётганини кўриб қолдим. Уни доим Така билан бирга кўриб кўникканим учун бу ҳолат ғайриоддий туюлди менга. "Бугун ёлғизсиз?.. Така қани?" деб қизиқувчанлик билан сўрасам, "хабарим йўқ, қайтиб кетгандир-да" деди бамайлихотир. Ҳаруканинг совуққон жавобию мутлақо бепарволиги мени шошириб қўйди.
- Йўғ-э, ростданми? - дедим ҳайратимни яшира олмай. - Бунақа одати йўқ эди-ку уни?! Кутиб турарди доим...
- Кутарди.., бир замонлар, - деди Ҳарука заҳархандалик билан. - Энди бошқа кутадигани бор - вирус! Яхши қолинг.
Ҳарука тезда чиқиб кетди. Анқайиб қолганимдан хайрлашиш ҳам эсимдан чиқибди. Ичкарига кирсам, Такани кўриб қолдим. Кутмаганим учун ҳайратим икки баравар ортди. Залнинг бир чеккасидаги велосипедли тренажёрда телефонини томоша қилганча педални чархлаб ўтирарди у. Ёнидаги велосипедга бориб ўтирдим.
- Ҳозир Ҳарукани кўриб қолдим, шошилиб кетаётган экан...
- Бирон иш-пиши бордир-да, - бепарво жавоб берди Така, айфон экранидан кўзини узмай бир нима ўқишда давом этаркан.
- Қизиқ, доимо бирга кетардинглар?! - дедим, бироз қитмирлигим келиб.
- Ҳа, энди... ҳар бир майда-чуйда учун менга ҳисобот бериб ўтирмайди-ку? Кетгиси келган экан, кетибди-да, - пинагини бузмай жавоб берди Така. Гапим унга малол келганини сўз оҳанги ифодасидан сездим.
Ўртага сукунат чўмди, залда янграётган мусиқани ҳисобга олмаганда. Иккимиз ҳам анча пайт жимгина велосипед "ҳайдашда" давом этдик. Барибир бўлмади. Секин Таканинг дилига қўл солдим. Гапни узоқдан бошлаб бугунги кўрган ҳолатдан хавотирда эканимни айтдим. Ниҳоят, дарди йиғилиб қолган эканми, Така ёрилди, борини дастурхон қилди. Унинг суҳбатидан билдимки, сўнгги пайтларда эру хотин бирор масалада ҳам тил топиша олмаяпти, бесабаб жанжал эса борган сари болалаётган экан. Хуллас, бир сўз билан айтганда, оила тинчлиги бузилган. Барча муаммолар вирус дастидан эканига Така ўзини қаттиқ ишонтириб қўйганини сездим. "Вируснинг тарқалиши ҳукуматни довдиратиб қўйди, довдираш жамиятдаги руҳий мувозанатни бузди, мувозанати бузилган жамиятда оилавий муносабатлар таранглашади", деди у файласуфона. Ўзим ҳам бу гапларга ўйланиб қолдим, ҳақиқатан ҳам чуқур мантиқ борга ўхшайди. Бироқ мен учун "жамиятнинг руҳий беқарорлиги" эмас, балки унинг оиласи нечун инқирозга юз тутаётгани сабабини билиш муҳимроқ эди. Ниҳоят, суҳбат қизиб муаммонинг моҳиятини илғагандай бўлдим.
Коронавирус хавфи кучайиши билан Така оиласини ҳимоя қилиш чораларини кўра бошлабди. Бу чоралар жумласига бир "чекловчи омил" ҳам кириб қолганки, айнан шуни мен муаммонинг муҳим нуқтаси деб билдим. Гап шундаки, вирус ваҳимаси тинчиб кетгунга қадар Така эр-хотин тўшагини алоҳида қилиш ғоясини илгари сурган. Бу - эр-хотин ўртасидаги ишқий муносабат "карантинга" тушди дегани. Ноиложлигиданми ё тез кунларда "карантин" тугайди деган умид биланми, ишқилиб, Ҳарука эрининг ташаббусига рози бўлган.
Эр-хотин қилинган қарорга тушунча билан ёндашиб, унинг тўғрилигига шубҳа қилмаган. Негаки ҳар иккиси ҳам одамлар билан бевосита алоқада бўладиган хизматда ишлагани боис, қачон ва қай бири вирус юқтириб келиши Худога аён. Шу маънода, эҳтиёткорлик муҳим ўринга чиққан. Дастлаб бари яхши кетган, бироқ вақт ўтгани сайин эр-хотин муносабатлари таранглашган. Таканинг фикрича "вирус ваҳимаси Ҳаруканинг феъл-атворини жиззаки қилиб, салга жанжал кўтарадиган инжиқ аёлга" айлантирибди. "Наҳот шунчаликка борса", ўйладим ичимда, "бошқа сабаблар бордир?!" Такадан "янги чоралар" қачондан бошлаб амал қилаётганини сўрадим. "Чамаси уч ҳафталардан ошди" деди у...
Эҳ-ҳе, мана гап қаерда?! Така тушмагур-эй, ахир, "карантин" муддати халқаро нормалардан ҳам ўтиб тушибди-ку? Ожизалиги туфайли, эҳтимолки, Ҳарука буни тушунтира олмагандир унга. Табиийки, юзага келган ҳолат "манфаатлар тўқнашуви"га олиб борган! Бир ҳуқуқшунос ўртоғимни гапи билан айтганда, Така қарорни қабул қилишга қилгану унинг ишлаш механизмини ўйламаган. Яъни, "чеклов" жорий этилгану аммо унинг ўрнини қоплайдиган моддий асос яратилмаган. Бунинг оқибатида эру хотин муносабатида бўшлиқ вужудга келган. Бўшлиқ вақтида тўлдирилмаса умумий муносабатлар ларзага келиши аниқ, энг ёмони, оилани ҳалокатга етаклаши ҳеч гапмас. Вазият ноумид эмаслигини англадим. Агар Така зудлик билан хотинини кўнглини топиб, у-бу арзигулик совға ҳадя қилса, зора ларзалар жунбиши ором олса! Мияга келган шу ўйларга бир шакл бериб, энди оғиз жуфтламоқчи ҳам эдим, Така велосипед машқини тугатиб, хайрлашганча залдан чиқиб кетди.
Така билан ўша охирги суҳбатдан сўнг яна икки бор учрашдик. Ҳамсуҳбат бўлишга унчалик имкон бўлмади. Сезишимча, вазият ўзгармаган, қайтага, кескинлашган. Энди мени бир жиҳат қийнаяпти - муаммо вирусдамас, балки "карантин"да эканини Такага қандай айтишни билмай турибман. Агар карантинни бекор қилиш фурсати келмаган бўлса, унда унинг аниқ муддатини белгилаш мақсадга мувофиқ.
Эх, коронавирус, қаердан ҳам сен пайдо бўлдингу, мени бошим қотиб қолди...

Сангин ЖАББОР


Дата добавления: 20/05/2020 17:04;   Просмотров: 720
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку