Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

КАР-КАРНИ КЎЧАДА ТОПАДИ...

Халқимизда "Кар-карни кўчада топади, кўр-кўрни кечада топади деган мақол беҳудага ишлатилмайди. Албатта, ушбу мақол мажозий маъно касб этсада, айрим бадхулқ инсонларни турли қинғир ишларда бир-бирлари билан дарров тил топишиши ёки тезда "ҳамфикр" ёхуд "ҳамтовоқ" бўлишларига нисбатан қўлланилади.

Қуйидаги жиноят тафсилотида ҳам ана шундай кимсалар хусусида сўз юритилади. Эътибор беринг-а юртимизнинг узоқ шимолидаги Хоразм қаерда-ю, Самарқанднинг Ургути қаерда. Гарчанд, масофа узоқ бўлса-да жиноят содир этишда кўнгиллар яқинлашди. "Заҳри қотил" деб аталмиш гиёҳванд моддаларнинг "ашаддий шайдоси" бўлган, муқаддам судланган хоразмлик А.Р. деган шахс 2018 йил тахминан май ойларида Ургут туманида яшовчи ота ва қиз С.Д. ва С.В. лар билан танишиб, ўзаро олдиндан жиноий тил бириктириб, биргаликда гиёҳвандлик воситаларнинг савдоси орқали ноқонуний даромад топишга келишишади. А.Р. ота ва қизга 4000 АҚШ долларни қолдириб, ушбу пулларга "опий" гиёҳвандлик воситасини топиб беришини сўрайди. Бунга жавобан С. В. "опий" гиёҳвандлик воситасининг нархи 28 АҚШдоллар эканлигини аммо агар 0,5 кг ва ундан кўпроқ миқдорда сотиб олмоқчи бўлса, унга арзонроқ нархда яъни, 20 АҚШ доллардан топиб беришини айтади.
2018 йил июл ойининг ўрталарида С.Д., А.Р. га 30грамм "опий" гиёҳвандлик воситасини 840 АҚШ доллар эвазига топиб беришга келишади. Пулни олган С.Д. келишувга биноан уни Самарқанд шаҳри, "Улуғбек" расадхонаси яқинидаги Тошкент йўналиши бўйича қатновчи автомашиналар тўхтайдиган жойда кутиб турган А.Р. га 30грамм гиёҳвандлик воситасини Самарқанд нонлари орасига яширинча етказиб беради. А. Р. ушбу "мол"ни сотмай аксинча уйида сақлаган ва истеъмол қилган.
А Р. бир неча ой мобайнида "қаҳрамонларимиз" ота ва қиз билан мунтазам алоқада бўлиб, турли миқдорларда "опий" гиёҳвандлик воситасини харид қилиб турган ўз ўрнида ушбу савдодан катта даромад кўраётган С.Д. ва С.В. лар ҳам мижозига ўз вақтида "опий" гиёҳвандлик воситасини етказиб туришди. Кейинги воқеалар юқорида тилга олганидек тус олади.
Жумладан, 2018 йилнинг сентяб ойи охирларида 50 грамм "опий" гиёҳвандлик воситасини бир грамми 20 АҚШ долларидан топган С.В. қизи С.Д. га граммини 25 АҚШ доллардан, С. Д. эса ўз навбатида жинойи шериги А. Р.га грамми 28 АҚШ доллардан жами 1400 долларга пуллайди. Бундан ташқари 2019 йил 16 январда А.Р., С. Д. га яна 60 грамм "опий" гиёҳвандлик воситаси топиб бериши учун 1700 АҚШ доллар, 2019 йилнинг январ ойи охирида эса 400 грамм учун яна 8000 АҚШ доллари эвазига келишилади. Ушбу воситачилик савдосида ҳам устамадан келаётган даромаддан фойда кўради.
Ва ниҳоят 2019 йил 16 мартда навбатдаги келишувга биноан Самарқанд шаҳри, "Чўпонота" ЙПХ маскани яқинидаги АЁҚШ ёнида навбатдаги олди-сотдини амалга ошириш мақсадида С.Д. иккита бир литрлик сарёғ солинган банкалар ичида салафан пакетга яширинган 400 грамм"опий" гиёҳвандлик воситасини 8000 АҚШ доллари эвазига А. Р. га сотади. Харидни амалга ошириб уйига, яшаш манзилига қайтаётган А.Р. нинг "ови" бу сафар бароридан келмай ҳуқуқ тартибот ходимлари томонидан ушланди ва уларнинг жиноятларига чек қўйилади.
Суд ҳукми билан А.Р. га Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан 8 йил 6 ой, С.Д. га 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Қолган судланувчиларга ҳам ЖКнинг тегишли бандлари асосида жазо чоралари қўлланди.

Т. БАЙЗАКОВ,
жиноят ишлари бўйича туман суди раиси


Дата добавления: 13/09/2019 17:20;   Просмотров: 775
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку