Маълумотларга кўра, бугунги кунда туманимизда 2250 га яқин камбағал оила бор экан. Уларни камбағалликдан чиқариш, доимий даромад манбаига эга бўлиши учун туман ҳокимлиги, жамоатчилик томонидан зарур чоралар кўрилаяпти. Ким камбағал бўлиши мумкин деган савол билан туман ҳокимининг ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қуввватлаш туман бўлими бошлиғи Саид Мардоновга мурожаат этдик.
-Доимий иш жойи ва томорқаси бўлмаган, бемор ёки ногирон киши шундай вазиятга тушиши мумкин, - деди у. - Баъзида бунга ишёқмаслик, дангасалик ҳам сабаб бўлишини кўрамиз. Бундай оилалар, кишиларга бир марта, икки марта ёрдам берамиз, лекин қўлдан берганга қуш тўймас, деган гап бор. Шу боис камбағал, кам таъминланган оилага пул эмас, пул топиш учун имконият яратиб берилса, бу ўша фуқаро учун ҳам, давлат ва жамият учун ҳам фойдали бўлади. Японларнинг ҳаётий принципларига қараганда инсонга тайёр балиқ бергандан кўра, балиқ овлаш учун қармоқ бериш афзал. Шундагина у тўкин яшамоғи учун курашади.
Дарҳақиқат, ана шу тоифадаги фуқароларни жамоат, деҳқончилик, қурилиш, саноат корхоналарига ишга жалб этиш борасида кенг кўламли чора - тадбирлар кўрилаётгани айни ҳақиқат. Айниқса, тумандаги 148 та тадбиркорлик субъектлари шароити оғир, камбағаллик домига тушган аҳолини ҳимоя остига олиш борасида хайрли ишларга бош қўшишди.
Имкониятдан келиб чиқиб, қайсидир тадбиркор бир ойда мисол учун 10 та, бошқа бири эса 20 та оилага кўмаклашиши, энг муҳими, муҳтож оилалар аъзоларини ишга жалб қилиши мумкин. Давлат томонидан ўз навбатида бундай тадбиркорларга солиқ, лизинг, кредит тўловлари, зарур ресурслар билан таъминлаш бўйича турли имтиёз ва преференциялар берилади.
Нормурод КАРИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.