Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЖУРНАЛИСТ ХАВФСИЗЛИГИНИ КИМ ТАЪМИНЛАЙДИ?

Ёхуд унинг малака ва тажрибаси муҳокамада

Самарқанд шаҳар "Asia Samarkand" меҳмонхонасида "ОАВ ходимлари фаолиятини кафолатлашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, суд органларининг ҳамкорлиги масалалари" мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда суд, ички ишлар, адлия идоралари ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Семинар-тренингда Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори Сайёра Хўжаева, Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети доценти Ёқутхон Маматова, Ўзбекистон Жаҳон тиллари университети журналистика факультети ўқитувчиси Гулнора Шукурова томонидан мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, оммавий ахборот воситалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, бу борадаги қонунчилик, журналист масъулияти, уларнинг малака ва тажрибасини оширишга бағишланган ўқув ва амалий машғулотлар, интерфаол ўйинлар ташкил этилди.
Таъкидланганидек, бугун мамлакатимизда 690 та газета, 309 та журнал, 65 та телевидение, 35 та радио, 1893 та "uz" доменли, шундан 211 таси ОАВ интернет сайтлари (2018 йил август ҳолатига кўра) фаолият кўрсатмоқда. Бу, ўз навбатида, республикамизда жамоатчилик назоратини ўрнатиш, халқимизни ахборотга бўлган эҳтиёжини қондириш, юртимиз ва жаҳонда рўй бераётган воқеа-ҳодисалардан хабардор этишга хизмат қилмоқда. Айни пайтда ОАВда фаолият кўрсатаётган журналистларнинг етарли малака ва тажрибага эга бўлиши, соҳага оид, шунингдек, мамлакатимизда қабул қилинган амалдаги қонун ва қонуности ҳужжатларидан хабардор бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Бу журналист фаолиятини ҳимоя қилиш, инсон шаъни, қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлмаслигини таъминлайди.
Семинар-тренингда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг мақсади, Ўзбекистон Республикасининг "Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги, "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги, "Реклама тўғрисида"ги, "Жамоатчилик назорати тўғрисида"ги қонунларининг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди. Айрим журналистлар томонидан қонунларга зид равишда йўл қўйилаётган камчиликлар, шахс дахлсизлиги, инсон ҳуқуқ ва манфаатларига қарши ҳолатлар, ОАВ ва суд-ҳуқуқ тизими органларининг ўзаро ҳамкорлиги қониқарли даражада эмаслиги масалалари муҳокама этилди.
Икки кун давом этган семинар-тренинг якунида иштирокчиларга махсус гувоҳномалар топширилди.

Дилрабо НАСИМОВА


Дата добавления: 23/11/2018 15:18;   Просмотров: 1027
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку