Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЖОМДА БОДОМ ГУЛЛАДИ

Жом ва Гирдиқўрғон қўшни Нуробод туманидаги энг қадимий, хушҳаво, сераҳоли фуқаролар йиғинларидан бўлиб, бугунги кунда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан «Обод қишлоқ» дастури доирасида тубдан янгилаш, замонавий гўзал қиёфага келтириш ишлари бошлаб юборилди.

Ўтган ҳафта якшанба куни вилоят ОАВ ходимлари ушбу ҳудудда олиб борилатган бунёдкорлик ва ободонлаштириш жараёни билан яқиндан танишиш учун хизмат сафарига отландилар.
Айни пайтда ушбу катта ҳудудда 30 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилмоқда. Биз, журналистлар манзилга етиб боргач, ажойиб, ҳайратомуз меҳнат ва манзаранинг гувоҳи бўлдик. «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бошқаруви раиси М.Бобоёров, «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раҳбари Ҳ.Нормуродов, махсус тузилган штабнинг масъул ходимлари, турли давлат ва жамоат ташкилотлари, маҳаллий кексаавлод вакиллари фикрларига кўра икки қишлоқда замонавий маҳалла марказлари, истироҳат боғи, хотира майдони, ёзги амфитеатр, иккита МТМ, 3 та ҳаммом, сартарошхона қурилади.
Жом бозори замонавий архитектура талаблари бўйича реконструкция қилинади. Таълим ва тиббиёт муассасалари, аҳоли хонадонлари таъмирланади. Аҳолини тоза ичимлик суви, суюлтирилган газ билан таъминлаш, қишлоқда электр таъминоти яхшилаш, йўлларни таъмирлаш, янги боғ-роғлар, хиёбону майдонлар барпо этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилади. Ҳудуддаги аҳолининг барча қатлами, малакали мутахассислар жалб этилган ҳолда чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади. 4 минг 300 дан зиёд ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш ҳамда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган кишиларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилади.
Иш қизғин кетаётган жойларни кўриб, кузатиб 90 ёшли нуроний отахон Бердимурод Равшановни суҳбатга чорладик.
- 1952 йили Самарқанд қишлоқ хўжалиги институни битириб, агроном ихтисоси бўйича дипломни олиб ўша даврдаги «Ўзбекистон 40 йиллиги» совхозига ишга қабул қилиндим. Етти нафар ўғил-қизнинг отасиман. Шу ёшга кириб бундай ғамхўрлик ва эътиборни кўрмадим. Энди орзуимга етдим, деам бўлади. Давлатимиз раҳбарига минг раҳмат. Ҳақиқий халқпарвар, жонкуяр, ташаббускор эканлигини амалда кўрсатмоқда. Жомликлар бошига бахт қуши қўнди. Ишончим комил, ҳаётимиз янги сифат босқичига кўтарилади, фарзандларимиз уйили, жойли иш биланд банд бўлади.
Суҳбатимизга «Экопланета» МЧЖ раиси Сайёра Салимова қўшилди:
- Вилоят хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси ва раҳбарлигида биз ана шу ҳудуднинг Тегирмонбоши маҳалласида филиал сифатида тикувчилик цехи очяпмиз. Ўн нафар хотин-қизларни иш билан таъминлаймиз, - деди у.
- «Бибихоним» ўқув маркази эса уларга бепул, имтиёзли равишда ҳунар сирларини ўргатиб сертификат беради, - илова қилди Дилфуза Ғафурова. - Шунингдек, ёш қизларни оила қуришга тайёрлайди. Вилоят «Оила» илмий маркази раҳбари Салима Муҳаммадиева кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, шароити оғир оила аёллари оғирини енгил, мушкулини осон қилиш ниятида эканлигини билдирди. Уларга моддий ёрдам кўрсатиш тури ва кўлами аниқланмоқда.
- Маҳаллий тадбиркор Алишер Ёрматов ҳам 1 та хусусий МТМ (60 ўринли) қуришга киришланлиги таҳсинга лойиқ, деди Нуробод туман МТБ мудири Диловар Амирова. Гапнинг индаллоси, Жомда ҳаёт қайнай бошлади. Барча қишлоқ аҳли руҳиятида уйғониш, иштиёқ, ишонч барқ урмоқда. Кўзларда нур, қалбларда сурур лиммолим.
Ҳа, Жомнинг, жомликларнинг ўтмиши шарафли, ютуқларга бой бўлсада, бугунги ҳаётида улкан бурилиш, беқиёс янгиланиш юз бераётганлиги ҳам айни ҳақиқат.
Бу қадимий диёр шуҳратини ошираётган фидойи фарзандлар қаторида ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст, олима Дилором Ёрматова, журналистлар Абдурасул Сатторов, Муҳаббат Равшанова ва бошқаларни кўрамиз. Бу маскандаги ажойиб расм-удумлар, қадриятлар, миллий ҳунармандчилик анъаналари ўз тароватини йўқотган эмас.
Нуробод туман «Ҳунарманд» уюшмаси раҳбари Гулшан Мирзаева таъкидлаганидек, Жомда айниқса жундан қўлда гилам тўқиш, қуроқчилик, каштачилик яхши ривожланган. Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 17 ноябрдаги «Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5242-сонли Фармони бу соҳа фидойиларини руҳлантирди, янада самаралироқ ишлашга замин яратди.
Жомдан қайтиш чоғида баҳорий ёмғир ёға бошлади. Тепаликлар, қир-адирлар бор чиройини кўз-кўз қилиш билан банд. Боғу тоғ бағридаги бодом оппоқ гуллаган, қўй-қўзилар яйраб, оилаларнинг шодмон турмушидан, серфайз тирикчиликдан дарак бермоқда.
Наврўз байрами олдидан бу жойлар янада гўзал, янада шукуҳли кўриниш касб этишига аминмиз.

Н.КАРИМОВ


Последнее редактирование: 09/03/2018 16:03;   Просмотров: 1377
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку