Мамлакатимизда солиқ тизимини такомиллаштириш, аҳоли ва тадбиркорларнинг солиқ юкини камайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 2018 йилда Солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар, жисмоний ва юридик шахсларга тақдим этилаётган енгиллик ва имтиёзлар ўз самарасини бермоқда.
Жумладан, 2018 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкалари мол-мулкнинг кадастр қийматидан белгиланди. (2017 йилда инвентаризация қийматидан эди.)
Турар жойлар, квартиралар, дала ҳовли қурилмалари (умумий майдони 200 кв.м.дан ошиқ бўлганлари бундан мустасно), бошқа иморатлар ва хоналар учун 0,2 фоиз миқдорида. (2017 йилда 1,7 фоиз).
Умумий майдони 200 кв.м.дан ошиқ бўлган турар жой ва квартиралар, дала ҳовли қурилмалари учун - 0,25 фоиз миқдорида: (2017 йилда 2,1 фоиз). солиқ ҳисобланади.
Шунингдек, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳисоблаб чиқариш мақсадида мол-мулкнинг кадастр қиймати ҳужжатларидан келиб чиқиб, (бироқ 42000,0 минг сўмдан кам бўлмаган миқдорда) ҳисобланиши кўзда тутилган. Мисол учун мол-мулк солиғи тўловчиси бўлган шахс кадастр корхонасидан уйини баҳолаб уйнинг кадастр қиймати 34000,0 минг сўм бўлса, бу ҳолда солиқ ҳисоблаш 42000,0 минг сўмдан амалга оширилади.
Жисмоний шахслар мол-мулкини боҳолаш бўйича органлар белгилаган кадастр қиймати бўлмаса, бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларда 90000,0 минг сўм миқдорида мол-мулкнинг шартли қиймати белгиланган.
Шуни ҳисобга олган ҳолда аҳоли ўзларига тегишли бўлган ҳовли ва квартираларни кадастр органларида расмийлаштириб уларнинг кадастр қийматини аниқлаштириб олсалар мақсадга мувофиқ бўларди.
Шунингдек, мол-мулкка кадастр қийматидан келиб чиқиб солиқ солишга ўтгандан кейин солиқ юкининг кескин ўсишини олдини олиш мақсадида, кадастр қиймати асосида ҳисоблаб чиқарилган жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ суммаси 2017 йил учун ҳисобланган солиқ суммасидан 1,2 баравардан ортиқ бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган.
Кўчмас мулкка ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказувчи органларда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган янги қурилган турар жойлар бўйича жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ суммаси 2017 йил учун ҳисобланган солиқ суммасидан 1,2 баравардан ортиқ бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган.
Жисмоний шахслар томонидан тўланадиган ер солиғи ставкаси 2018 йилда 1,15 бараварга индексация қилинди.
2018 йилнинг 1 январидан бошлаб Самарқанд туман бўйича жисмоний шахслар учун белгиланган ер солиғи ставкаси 7911,60 сўмни ташкил қилади ва ер участкалари жойлашган жойидан келиб чиқиб кўпайтирувчи коэффициентлар қўлланилиши кўзда тутилган.
Жисмоний шахсларга тадбиркорлик фаолияти учун берилган ер участкаларидан солиқ юридик шахслар учун тасдиқланган ставкалар бўйича ундирилиши тасдиқланган.
Тугалланмаган қурилиш объектлари эгаллаган ер участкаларига агар қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, ер солиғи икки баравар ставкада тўланади.
Солиқ идоралари томонидан солиқ қонунчилигига киритилган ўзгариш ва қўшимчалар юзасидан доимий равишда солиқ тўловчиларга зарур маълумотларни етказиш оммавий ахборот воситалари орқали ҳамда ўтказилаётган семинарлар шунингдек, солиқ идорасида бевосита тушунтиришлар усулида амалга оширилмоқда.
Юқоридагиларни инобатга олиб туман аҳолиси солиқ қонунчилигига доир масалалар юзасидан ҳар қанақа саволлар бўйича солиқ идорасига мурожаат қилишлари ва бу мурожаатларга ўз вақтида жавоб олишлари мумкин.
М.ЛАТИПОВ,
Туман ДСИ ЖШСМ бўлими бошлиғи
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.