"Кўпдан қуён қочиб қутулмас", "Бир тишламдан берса, тўйдиради, бир муштдан урса ўлдиради" деган ва шуларга ўхшаш халқ мақоллари бор. Бу эл бирлашиб, кўп хайрли ишларни қийналмай қилиши мумкинлиги маъносида айтилган. Дарҳақиқат маҳалла аҳли бирлашиб чойхона қургани, йўлни тартибга келтиргани, масжидни қайта тиклаганини эшитганмиз. Ҳатто бундай ташаббусда эзгу мақсадлар кўзланган бўлса, уларни давлат ҳам қўллаб-қувватлайди. Масалан, мактаб ота-оналар кенгаши қабул қилган қарор билан ўқувчилар учун қўшимча қулайликлар яратиш ман этилмаган. Айрим таълим муассасаларида ўқувчилар ўқийдиган синфлар табиий гуллар билан чиройли безалгани, буюк алломаларимизнинг суратлари ва ҳикматли сўзлари акс этган кўргазмали қуроллар билан жиҳозлангани ёки синф учун кутубхона ташкил этилгани айнан ота-оналар хоҳиши билан амалга оширилган. Лекин бундай эзгу ишлар оммалашганидан баъзан нопок кимсалар фойдаланиб қолмоқчи бўлишади. Натижада "Синф раҳбарининг туғилган кунида ўқувчиларнинг ота-оналари унга тилла узук совға қилишибди" деган гаплар бир пайтлар қулоққа чалинганди. Бундай хунук воқеалар ўз вақтида танқид қилиниб, давом этиши олди олингани ҳам рост.
Маҳалла аҳли ёки ўқувчилар ота-оналари томонидан бирор хайрли ишни қилиш борасида қабул қилган қарорни бажариш барча учун мажбурий эмас. Имконияти бўлмаганлар бу қарорга қўшилмаслиги мумкин.
2018 йилнинг 6 декабридан "Бадал" маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимида иш бошлаган А.У. маҳалла фуқароларига бирор маълумот керак бўлса, улар бу маълумотни ободонлаштириш учун маблағ тўлаганларидан сўнг олишлари ҳақида қарор қабул қилади.
Фуқаро Б.Бердиев "Бадал" қишлоғида сотиладиган уйни олиш учун тегишли маълумотнома олиши лозимлигини билдириб, маҳаллага мурожаат қилади. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси А.У. сотиладиган ҳовлининг қийматидан 5 фоизини ободонлаштириш учун ўтказиши кераклигини айтади. 12 минг АҚШ долларига баҳоланган ҳовли учун 600 АҚШ доллари берилиши лозимлигини эшитган Б.Бердиев 400 доллар бериши мумкинлигини маълум қилган. Худди шунингдек, фуқаро А.Исматов "Акфа" цехи қуриш учун маҳалла ҳудудидан ер ажратилиши мақсадида маҳалла раисидан маълумотнома олмоқчи бўлади. Унга ҳам маълумотнома олишдан олдин ободонлаштириш учун 500 минг сўм тўлаши лозимлигини айтади.
2019 йилнинг 20 февралида А.У. ушбу фуқаролардан 400 АҚШ доллари ва 500 минг сўм олган вақтда ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идора ходимлари томонидан қўлга олинди.
Суд А.У.нинг қилмишлари учун унга 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.
А.АБДУЛЛОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Бош прокуратурасининг 15-Бошқарма катта прокурори
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.