Ўлим фариштаси шифохонада оғир аҳволда беҳуш ётган бир мўмин йигитнинг қошига келди.
Унинг руҳини уйғотди:
"Эй, банда, сен умрингда зарра гуноҳ қилмадинг. Бас, юр сенга жаннат эшиклари очиқ. Мен томон 4 қадам ташласанг, кифоя!" Руҳ танадан қўзғалди.
У томирларига турли тиббий асбоблар уланган, оппоқ чойшабларга бурканган ўз танасига бир зум термулиб қолди. Кейин индамай фаришта томонга бир қадам ташлади. Шунда унинг ортидан йиғи овози эшитилди. "Бу кимнинг йиғиси?"
- фариштадан сўради руҳ.
"Бу сенинг энг яқин дўстинг.
У сенинг ўлимингдан 3 кун шундай йиғлайди". Руҳ Аллоҳдан дўстига узоқ умр сўради ва фаришта томон яна бир қадам ташлади. Шунда унинг ортидан аввалгидан кучлироқ бошқа бир йиғи овози эшитилди. "Бу кимнинг йиғиси?", - фариштадан сўради руҳ.
"Бу сенинг аёлинг.
У ўлимингдан 40 кун шундай йиғлайди". Руҳ Аллоҳдан аёлига сабр-у саодат тилади ва фаришта томон яна бир қадам ташлади. Шу маҳалда унга жаннат эшиклари зоҳир бўлди.
Руҳ жаннат гўзалликларидан лол қолиб бир зум тўхтаб қолди. Шунда унинг ортидан
боягиларидан ўн чандон дардли йиғи эшитилди. "Бу кимнинг йиғиси?", -фариштадан сўради руҳ.
"Бу сенинг онанг.
У ўлимингдан умрининг сўнгигача шундай йиғлайди". Руҳ бир ортига қаради, бир жаннат томон қаради. Сўнг фариштадан сўради: "Мен сен билан кетишни хоҳламасамчи? "У ҳолда сенга яна жаннатга кириш имкони берилмаслиги мумкин!"
Руҳ ортидан эшитилаётган юракни ўртовчи ғамли йиғига бир муддат қулоқ тутди ва деди:"Агар ортга қайтмасам, қиёмат кунигача онамнинг йиғиси қулоқларим остида бўлади.
Ахир қандай қилиб онамни бу ҳолида ташлаб кетаман? Мен кетмайман!" Руҳ ортига уч қадам ташлади. Фаришта ғойиб бўлди. Руҳ танага қайтиб кирди."Юрак ура бошлади!", - қўлида электрошок мосламасини ушлаб турган оқ халатли доктор ҳаяжонланиб бақирди шу пайт...!!
Йигит кўзларини очди ва ҳаётга қайтди.
Т.ЮСУПОВ тайёрлади.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.