Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЖАНГГОҲЛАРДА ЙЎҚОТИЛГАН СОҒЛИҚ

Хўжасоатлик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси раҳматли Исо Тағиев хонадондаги 10 нафар фарзандларнинг учинчиси бўлиб, ҳаёт бўлганида бу йил 101 ёшни қарши оларди.

Исо Тағиев 1931 йили қишлоғидаги 7 йиллик мактаб-мадрасасини тугатгач, ўша замон талабига кўра колхоз (жамоа хўжалиги) аъзолигига қабул қилинади. Коллективлаштириш даврининг оғир йилларида мутахассис кадрларга талаб катта бўлганлиги боис 1937 йилда Тошкентга электромонтёрлик курсига ўқишга юборилади. Тақдирнинг ўйинини қарангки, 1938 йил ўқишни ҳали битирмасдан, ота-она дийдорини ҳам кўрмасдан ўша ердан Украина Республикасига ҳарбий хизматга жўнатилади. 1941 йил «Кавалерия» (Отлиқ армия) аскари сифатида хизматни тугатиб, уйга қайтиш арафасида машъум Иккинчи жаҳон уруши бошланади. 1941 йилнинг 22 июнь кечасида улар ўрмон ичига олиб борилди ва дарахт буталаридан ўзларига вақтинчалик қурол ясаб, ўзи тўғрисидаги барча маълумотларни қоғозга ёзиб, аскарлик формасининг махсус кармонларига солиб қўйиш буюрилди. Уруш тобора авж олаётгани, қолаверса Исо Тағиев уч йиллик ҳарбий жанговар тайёргарликка эга бўлганлиги учун «Варонеж олий армия қўмондонлиги» мактабининг тезлаштирилган курсига ўқишга жўнатилди. Олий маълумотли офицер-лейтенант унвонини олгандан сўнг, Кавалерия (Отлиқ армия) ни махсус топшириқларни бажарадиган «разведка» - қисми командирлигига тайинланади. Қақшатгич жангларда мардлик ва матонат кўрсатиб, Ватан ҳимояси учун жонини фидо қиларди. Айниқса, Лопатино, Брянск шаҳри остоналаридаги аёвсиз жангларда боши, чап оёқ ва ўнг қўлидан қаттиқ яраланиб, Москвадаги госпиталга даволанишга юборилади. Айтиш жоизки, бу госпиталда ўта оғир ярадорлар даволанаётган бўлиб, бу пайтда душман пойтахтни эгаллаш учун шиддатли жанг олиб борарди. Олий Бош қўмондон топшириғи билан ҳаттоки, ярадор-ногиронлар ҳам Москва мудофаасига жалб этилиб, душман авиацияси ҳужумидан етказилган талофатлар кечаси улар ёрдамида бартараф этиларди. Гўёки, душман бу ерга ҳеч қачон қадам боса олмаслигини тан олсин. Ана шундай шафқатсиз урушларда олган оғир жароҳатлари, қўл ва оёқ мускулларини кесиб олинганлиги, бошдаги осколкалар қолдиқлари оқибатида унинг кейинги армия фаолиятини давом эттиришда имкони йўқлиги сабаб, ғалабадан сўнг олий малакали офицерлар заҳирасига олинади.
Дарвоқе, қаҳрамонимиз ҳаётида мана бундай воқеа бўлган экан. Ўта муҳим «разведка» лар ёлғиз ҳолда бажарилган бўлиб, шулардан бирида у узоқ муддат душман қуршовида қолиб кетади. Шунда унинг ўлганлиги тўғрисида «қорахат» жўнатилади. Бу мудҳиш хабардан кейинги хурсандчилик эса ўша пайтда нашр этиладиган «Марказий ҳарбий журнал» ида босилиб, у киши журналнинг асл нусхасини доимо ёнларида олиб юрган ва кейинчалик туман мудофаа бўлими архивига топшириб, нусхаси газетамиз саҳифаларида ўзлари ҳаёт бўлган вақтларидаёқ чоп этилган. Хуллас, урушда кўрсатган қаҳрамонлик ва жасорати учун Исо Тағиев бир қатор орден ва медаллар билан тақдирланиб 1945 йилда она-юртга қайтди.
- Бутун умри давомида урушда олган жароҳатларидан азият чекиб яшаган отам, урушдан сўнг собиқ «Москва» жамоа хўжалигида кадрлар бўлими бошлиғи вазифасида ишлаб, қанчадан-қанча одамларни пенсияга чиқиш ҳужжатларини тўғрилаб берган бўлса-да ўзлари пенсия ёшига бир йил қолганда 1976 йил 59 ёшида вафот этди, - дейди яқинда тахририятимизга ташриф буюрган у кишининг ўғли Мамашариф Исоев. - Ҳозирги туман ҳокимлиги биносининг тамал тошини қўйишда ўша вақтдаги давлатимиз раҳбари раҳматли Шароф Рашидов билан ёнма-ён бўлган отамнинг жанозасида туман ва мудофаа ишлари бўлими раҳбарлари иштирок этиб, у кишини охирги йўлга кузатдилар. Отам қайғуларига доимий шерик бўлган онам Муаззам Бағирова ҳам отамдан кейин бир йил ўтмай 52 ёшида 7 нафар биз фарзандларни етим қолдириб оламдан ўтдилар. Ниҳоятда ҳалол ва камтарин бўлган отам байрамларда бирон маротаба бўлсин кўкракларига орден ва медалларни тақмаган, давлат берган имтиёзлардан бирон марта фойдаланмаган, ногиронлик нафақасидан бош тортган, ҳаттоки, йиғилишларда олган совғаларини бировга сездирмай ташлаб чиқишлари, ёш болаларни жонидан ҳам ортиқ кўриб, ўзи емай болаларга едириб, ўзларини овунтиришлари тагида нима сир бўлган экан деб ўйлаб қоламан.
Уруш ҳақида савол берган биз фарзандларга кўз ёшларини сигарета тутуни билан чалғитиб, узоқ вақт сукут сақлаб, хаёл суришларида нималарни ўйлар эдилар.
Балким, урушда дом- дараксиз кетган акаларими, аёвсиз жангларда жон берган қуролдош дўстларими, душман қийноғидан азобланган ёш болалар ва қарияларнинг ёрдамга муҳтож бўлиб, қилган нолаларими ёки гулдек йигитлик умрини хазон қилган, саломатликларини йўқотган лаънати урушнинг ҳар бир лаҳзалари кўз олдиларида намоён бўлармиди, ҳечам тушунолмасдик.

Тошпўлат ЮСУПОВ


Дата добавления: 09/05/2018 14:31;   Просмотров: 1070
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку