Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ёлғиз кексалар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ва “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурининг тегишли бандлари асосида иш юритган бўлимимиз жамоаси ўтган 2017 йилни қувончли натижалар билан якунлаб, Янги 2018 йилни ёруғ юз билан кутиб олдилар.
Йил сарҳисоби бўйича йиғилган рақамларни таҳлил қилар эканман, шунга амин бўлдимки, Юртбошимиз доимо нуронийларга ғамхўрликлар кўрсатиб, уларнинг сиҳат-саломатлиги-ю, яшаш шароитларига диққатни қаратиб келмоқда. Бундан хурсанд бўлган нуронийлар турли-туман тадбирларда фаол қатнашишдан ташқари, ёшларнинг ватанпарвар, инсонсевар бўлиб ўсишларига ўз ҳиссаларини ҳам қўшмоқдалар.
Туманимиз ҳудудида жами пенсионерлар 19792, ёшга доир пенсионерлар 17943 нафарни ташкил этади. Булар орасида бир нафар 100, 88 нафар 90 ёшдан ошган отахон ва онахон бор. 4 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ҳолидан ҳамиша хабар олиб турибмиз. Айниқса, туман ҳокимлиги, маҳалла фуқаролар йиғинлари, тегишли ташкилотлар, тадбиркорлар кўмагида барча нуронийлар ижтимоий ҳимоя қилинаяпти.
14 январь - Ватан ҳимоячилари куни, 8 март - Халқаро хотин-қизлар байрами, 21 март - “Наврўз” умумхалқ байрами, 9 май - Хотира ва қадрлаш куни, Рамазон ҳайити, Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги, Қурбон ҳайити, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллиги байрамларида 1995 нафар уруш ва меҳнат фахрийсига, мурувватга муҳтож кексалар ва ногиронларга 102 млн.сўмдан зиёд моддий ёрдам ва озиқ-овқат маҳсулотлари ҳомийлар томонидан берилди. “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими томонидан эса Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари, тўшакда ётиб қолган ёрдамга мўҳтож кексаларнинг беш нафарига 800 минг сўм пул, 58 нафарига озиқ-овқат жамланмаси, 20 кишига гилам, 4 кишига яктак, қалпоқ, белбоғ жамланмаси, 21 нафарига эркаклар пижамаси, 7 кишига чойшаб, 12 кишига кўрпа-ёстиқ жамланмаси, 32 кишига дори-дармон жамланмаси, 7 нафар якка-ёлғиз кексага қишки мавсум учун бир қоп ун, бир қоп картошка, бир қоп пиёз, 5 кг. ўсимлик ёғи, 6 кг гуруч, 5 кг. шакар, 10 нафар якка-ёлғиз кексага қиш мавсуми учун кийим-кечак, оёқ кийими берилди.
Яна шуни алоҳида қайд этиш керакки, туман ҳокими, туман прокурори, ИИБ, Жоме масжиди имом-хатиблари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши, ташкилотлар раҳбарлари иштирокида маҳаллаларда ижтимоий муҳит, аҳолининг иш билан бандлиги, ёшлар тарбияси, уларнинг ҳар хил оқимларга кириб кетмаслиги ҳолатларининг олдини олиш борасида давра суҳбатлари уюштирилди. Тумандаги 6 та жоме масжидида Рамазон ва Қурбон ҳайити намозлари ўқилди, сўнгра кекса отахон-онахонларни, тўшакда ётган беморлар, кам таъминланган оилаларга туман ташкилотлар раҳбарлари ҳомийлик совғаларини топширишди. Июль, август ойларида туман амфитеатр, Маиший хизмат коллежи, 12-болалар мусиқа ва санъат мактабида нуронийларнинг ёшлар билан учрашувлари, байрам тадбирлари уюштирилди.
Юртбошимизнинг “ишлаган эътиборсиз қолмайди”, деганларидек, ишимиз ўз ижобатини топди. Туман ҳокимлиги томонидан бўлимимизга “Дамас” автомашинаси берилди. Албатта, бу нуронийларимизга кўрсатилган ғамхўрликдир. Шу билан бирга туман марказида алоҳида “Нуронийлар маскани” биноси қурилиб фойдаланишга топширилди. Бу маскан отахон-онахонларнинг севимли жойи бўлиб, бу ерда ҳар хил учрашув ва кечалар ўтказилади.
Кириб келган йил Ўзбекистонда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилингани эътирофга сазовор. Бу йил ҳам барча ишларни шоду хуррамлик билан давом эттирамиз ва отахон-онахонларни хурсанд қилиб, дуоларини оламиз. Беҳуда халқимиз “Қариси бор уйнинг фариштаси бўлади!” дея айтмаган. Фариштасифат нуронийларимиз бор экан, улар айтган ўгитларга амал қилиб иш юритиш бугунги кун талабидир.
А.АЛИЕВ,
“Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.