Мустақил Ўзбекистонимиздада жисмоний имконияти чекланган, турли сабабларга кўра ногирон бўлиб қолганларга меҳр-оқибатли бўлиш ва турмуш шароитларини яхшилашга катта эътибор берилмоқда. 2017 йилнинг 1 декабрида муҳтарам Президентимизнинг «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Яна бир қувончли воқеа Юртбошимизнинг 2018 йил 16 апрель Фармонига асосан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига беш миллион сўм миқдорида бир йўла пул мукофоти ҳам берилди. Бизнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман бўлими бошлиғи Ф.А.Ғаниев билан бўлган мулоқотимиз жамиятимизнинг юксак комиллик даражасини белгилаб берувчи инсоний фазилатлар тўғрисида бўлди.
- Маълумки, давлатимиз сиёсати ногиронларга болалик чоғидан бошлаб чексиз ғамхўрлик кўрсатишни назарда тутади. Шу боис республикамизда қонунлар, фармонлар ва бошқа муҳим ҳужжатлар қабул қилинди ва аҳолининг меҳр-мурувватга муҳтож қатламини ижтимоий ҳимоялашнинг ҳуқуқий асослари яратилди, - деди Фирдавсжон Ғаниев, - ногиронларга қўшимча шароитлар яратиш мақсадида 2017 йил 1 декабрида эълон қилинган Президент фармонига асосан «ногирон» тушунчаси муомаладан чиқарилди ва у энг аввало инсон эканини ҳисобга олган ҳолда умумэътироф этилган «ногиронлиги бўлган шахс» атамаси киритилди.
Мазкур фармон билан 51 банддан иборат чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
- Фирдавсжон Абдурауфович, айни пайтда туман ҳудудида қанча ногиронлиги бўлган шахслар истиқомат қилишмоқда?
- 2018 йил 1 апрель ҳолатига кўра бўлимимиз ҳисобида жами 25 минг 528 нафар нафақа олувчилар бор. Улардан 540 нафари биринчи гуруҳ ногирони, 2 минг 973 нафари иккинчи гуруҳ ва 419 нафари учинчи гуруҳ ногиронлари бўлиб, 1047 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Шунингдек, туман ҳудудида уч нафар Иккинчи жаҳон уруши ногиронлари ва 170 нафар фуқаро 1941-1945 йиллардаги уруш даврида фронт орқасида меҳнат қилган шахслар сифатида нафақа олишади. Туман ҳокими Шуҳрат Жамолов бошчилигидаги бир қатор корхона ва ташкилотлар вакиллари, «Нуроний» жамғармаси ва «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва бизнинг идорамиз ходимлари, оммавий ахборот воситалари билан биргаликда Ватанимиз озодлиги ва шон-шарафи ҳимоячиларининг хонадонларида бўлиб, Президентимиз совғаларини тантанали равишда топширдилар. 1925 йилда туғилган Юқори Абархона фуқароси Аҳад бобо Очилов, Кўл маҳалласи фахр-ифтихори бўлмиш 95 ёшли Жума бобо Ҳасанов ва Талибарзу маҳалласидан 1923 йилда туғилган Салом бобо Исҳоқов каби Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг хурсандчиликлари чексиздир. Чунки,табрик учун узоқ-яқиндан келаётганларнинг кети узилмайди.
- Ногиронларга қандай имтиёзлар бор?
- I ва II гуруҳ ногиронлари мол-мулк, ер ва ҳар бир ой учун энг кам иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида солиғидан озод қилинган. Муҳтож ногиронлар реабилитация техник воситаларини ўз маблағлари ҳисобига сотиб олган тақдирда, уларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда компенсация тўланади. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг умумий саводхонлиги, олий таълим муассасаларида ўқиш учун комплекс имкониятга эга бўлишини таъминлаш мақсадида 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитурентлар қабулининг умумий сонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча равишда икки фоизли квота киритилмоқда.
Шуниси диққатга сазоворки, туман ҳокими Шуҳрат Жамолов 12 нафар ногиронларни имтиёзли равишда манзил билан таъминлаш учун беғараз моддий ёрдам кўрсатди.
- Умрбоқийлик ҳеч кимга насиб этмаган. Паймона тўлгандан сўнг тақдир ҳукмидан қочиб бўлмайди. Ўлим муқаррар. Нафақада бўлган фуқаро вафот этганидан сўнг марҳумни дафн этишга нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида ҳам гапириб берсангиз?
- Айни муддао савол. Чунки бу масала бўйича бизга кўп мурожаат қилишади. Ўзбекистон Республикаси «фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуннинг 63-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 14 июндаги 174-сон қарори билан тасдиқланган Низоми асосида пенсионер вафот этган ой учун олинмай қолган пенсия пули кўрсатиб ўтилган оила аъзоларига ёки дафн маросимини ўтказган шахс энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баробари миқдорида дафн этиш нафақаси тўланади. Шуни унутмаслик керакки, пенсионер вафот этгандан кейин марҳумнинг оила аъзолари олтмиш кун ичида бизнинг идорага мурожаат этишган тақдирдагина бу пул тўланади.
- Энди туман аҳолисига беминнат хизмат кўрсатаётган ходимларингиз билан таништирсангиз?
- Мен 2009 йилда иқтисодиёт ва сервис олийгоҳини битириб ана шу идорага оддий хизматчи сифатида ишга қабул қилиндим. Бошлиғимиз, афғон уруши қатнашчиси ажойиб инсон, меҳри дарё устоз Илҳом Ваҳобовдан кўп нарсаларни ўргандим. Замона тақозаси билан мазкур идорага бошлиқ бўлиб тайинландим. Аммо биз, ёшлар мураббийси Илҳом Ваҳобовнинг маслаҳатлари билан фаолият олиб бораяпмиз. Айни пайтда идорамизда 22 нафар ходим бор. Матлуба Муртазоева, Жамшед Турсунмуродов, Суҳроб Маҳмудов, Зафар Боймуҳаммедов, Бахтиёр Қосимов, Моҳира Мансурова, Дилфуза Қулизода ва бошқалар бизнинг фахр - ифтихоримиз.
- Фирдавсжон Абдурауфович, ниҳоят сизнинг истакларингиз?
- Меҳрибон Парвардигор ҳар бир шахсни пенсия ёшига етказсин. Биз уларга нафақа тайинлаш билан бирга имкониятдан фойдаланиб, сиҳат-саломатлик, узоқ умр кўриш, фаровон турмуш ва оилавий бахт-саодат тилаймиз.
- Мазмунли ва самимий суҳбат учун раҳмат.
Зоҳир Ҳасанзода,
Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.