Оила - жамиятнинг бир бўлаги. Инсондаги барча фазилат ва хислатлар ана шу маконда шаклланади. Одоб, ахлоқ, инсонийлик, меҳмоннавозлик эл-юртга, жамоага, қолаверса атроф-муҳитга бўлган муносабатлар ҳам оила даврасида қарор топади. Буюк аждодлардан мерос қолган қадриятлар, урф-одатлар ва анъаналарни ўрганиш, идрок қилиш ва қонимизга сингиб кетишида ҳам оиланинг роли катта.
Юқорида таъкидланганидек, оила нафақат жамиятнинг, балки давлатнинг кичик ва лекин энг муҳим бўғинидир. Жамият ҳар бир аъзосининг етуклигини ҳам, инқирозини ҳам оиланинг муҳити белгилаб беради. Агар оила баркамол, ота-оналар ҳамиятли, одоб-ахлоқли, маънавияти юксак, миллий қадриятларимизга содиқ ва эътиборли бўлса, бундай оиладан ватанпарвар, халқпарвар, миллатимиз шаънини собит туриб ҳимоя қила оладиган солиҳ фарзандлар етишиб чиқади. Шу боис, миллатимизда азалдан оила қуриш нақадар муҳим ва масъулиятли эканлиги эътироф қилиниб ва шунга қатъиян амал қилиб келинган. Буюк соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳазратлари ҳам ўзининг "Темур тузуклари" китобида оила ҳақида муфассал тўхталиб, маънавий ва жисмоний соғлом хонадондан келин қилиш мустаҳкам оила пойдевори эканлигини алоҳида таъкидлаганлар.
Бугунги кунда ҳам соғлом оилани шакллантириш, унда юксак маънавий ва ахлоқий муҳитни қарор топтириш учун зарур шарт-шароит яратиш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганлигини ҳар қадамда кўришимиз мумкин. Пировардида, оилалар манфаатларини таъминлаш учун зарур ҳуқуқий асослар яратилди, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш тизими шаклланди. Жумладан, ёш оилалар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш йўлида кенг кўламли тадбирлар амалга оширилаётирки, буни кўриб шундай халқпарвар жамиятда, аниқроғи давлатда яшаётганлигингдан шукроналар келтиргинг келади, қалбингни ғурур ва ифтихор туйғулари қамраб олади.
Бу айниқса, ёш оилаларни шакллантиришнинг дастлабки босқичидаёқ яққол кўзга ташланади. Масалан, никоҳланувчи ҳар икки жинснинг тиббий кўрикдан ўтказилиши мажбурий ҳолат дея қабул қилинганлигининг ўзиям соғлом оилани бунёд этиш учун қўйилган муҳим қадам бўлди. Улар ўртасида тузилаётган никоҳ шартномаси эса ўзаро тенглик, қолаверса икки ёшга ҳам оиланинг нақадар муқаддаслигини намоён этади. Бундан ташқари ФҲДЁ бўлимлари қошида ташкил этилган "Ёш оила мактаби" машғулотларида ўтилаётган мазмундор маърузалардан баҳраманд бўлаётган келин ва куёв оила илмининг назарий жиҳатларини ўзлаштириб олишига тўлиқ кафолат бўлади, дея айтиш мумкин.
Дарҳақиқат, ҳозирги вақтда маънавият, миллий қадриятлар, урф-одатлар ва анъаналаримизни ёшлар онгига сингдиришда асосан улуғ алломаларимиз ёки азиз авлиёларимизнинг ҳаёти, ижодидан намуналар келтириш билан чекланиб қолмаяпмизми, деган савол мени қийнаб келади. Ахир давлатимизнинг мустақил бўлганига йигирма етти йилдан ошди, наҳотки шу йиллар ичида иқтисодий, ижтимоий ва маънавий соҳада эришилган улкан ютуқларимиз ҳақида гапирмаймиз. Бу муваффақиятларнинг замирида аҳил ва иноқ, тўкин оилалар турганлигини бот-бот эътироф этиш икки карра самара беришини ўйлаб кўрмаймиз.
Пировардида шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, бугунги кунда маънавият, маърифат ва маданият тушунчаларини умумлаштирган ҳолда, уларни ёш авлоднинг онгу шуурига сингдиришни аввало оиладан, сўнгра мактаб, академик лицей ва коллежлар, учинчи босқичда эса олий ўқув юртлари талаба-ёшларига, бир сўз билан айтганда тизимли олиб бориш яхши самара беради, деб ўйлайман. Ушбу фикрлардан шундай хулоса қилиш мумкинки, юқорида келтирилган бўғинлар бир-бири билан узлуксиз ва узвий боғланган ҳолатда ўзига хос занжирни ташкил қилиши лозим. Шундагина кўзланган мақсадга тез ва самарали тарзда эришиш мумкин.
Ўзбекона урф-одатлар азал-азалдан шаклланган бўлиб, ҳозирга қадар бизни имон-эътиқодга, ҳалол-покизаликка, меҳр-мурувватли бўлишга чорлаб, ундаб келади. Шу аснода доно халқимизнинг "қуш уясида кўрганини қилади" деган пурҳикмат ибораси бежизга айтилмаганлигига, бу гап тагзаминида катта маъно яширин эканлигига ишонч ҳосил қилмай иложимиз йўқ.
Мактаб хотин-қизлар бошланғич ташкилотининг фаоли сифатида қизлар ўртасида одоб ва ахлоқ, миллий қадриятларимизга хос қизлар одоби, кийиниш маданияти, хотин-қизлар гигиенаси, эрта турмуш қуриш ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари, турли таносил касалликлари тўғрисида маърузалар, тушунтиришлар қилиб бораётганлигимизни эътироф этиш ўринлидир. Энг муҳими, бу тарғибот ва тарғибот ишларини тизимли олиб бориш учун ишчи дастури шакллантирилган бўлиб, фаолларимиз ана шу дастурий ҳужжат асосида иш олиб бормоқдалар. Ана шу саъй-ҳаракатимизнинг самараси ўлароқ мактабимиз нафақат туманда, балки вилоятда ҳам рейтинги баланд билим масканлари қаторидан ўрин олган. Бу борада маҳаллалар ва атрофимиздаги намунали оилалар, масжид имом-хатиблари, тиббиёт ходимлари ва маъмурий идоралар билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, қизлар билан ўтказиладиган тадбирларга уларни ҳам таклиф этиб турамиз. Бу эса фаолиятимиз мазмундорлигини ва самарасини янада ошираётир.
Маърифат БАРАКАЕВА,
16-умумий ўрта таълим мактабининг тарих фани ўқитувчиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.