Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЖАДИД - ЯНГИЛИК ДЕГАНИ

Тошкентдаги "NOSHIRLIK YOG'DUSI" нашриёти тумандошимиз таниқли адиб, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, устозимиз Нусрат Раҳматнинг буюк маърифатпарвар Маҳмудхожа Беҳбудийга бағишланган "Жадид" романини чоп этди. Асар "Жадид" деб номлангани бежиз эмас.

Мазкур китобнинг дебочасида таъкидлаб ўтилганидек, "жадид" сўзи "янгилик" маъносини англатади. Роман қаҳрамони юртдошимиз, маърифатпарвар шахс - Маҳмудхожа Беҳбудийнинг мақсади ҳам ўлкамизга янгиликни олиб келиш ва ҳаётга жорий этиш эди. Муаллиф шундай ёзади: "Асаримизни Жадид" (Беҳудийга бахшида ҳикоялар) деб номладик. Зеро бу ҳикоялар фақат Беҳбудий ёки жадидлар ҳақидагина эмас, маориф ва маънавият учун жонини тикканлар, тамаддуни баланд ёки ночор бўлганлар, улар орасидаги тафовутлар, зиддиятлар ҳақида ҳамдир". Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, устозимиз Нусрат Раҳмат романни ёзиш учун кўп йиллар заҳмат чекди, сафарларда бўлди, бедор тунларни ўтказди.
"Қўлингиздаги асар анъанавий роман жанрига унчалик мос келмаслигини тан олишим керак, - деб ёзади муаллиф, - мазкур романда биз ибрат олишимиз зарур бўлган бош қаҳрамон, сюжет чизиғи, салбий, ижобий персонажлар, ёки муаллиф позицияси ҳам йўқ ҳисоби. Аммо шунга қарамай, ўқувчилари кўп..." Ҳақ гап. Китобнинг адабиёт мухлисларида қизиқиш уйғотгани унинг содда ва равон ёзилгани, фактларга бой бўлишидир. Зеро муаллиф катта тажрибага эга адиб. Унинг "Буни ҳаёт дебдилар", "Тақдимот" шеърлар ва "Фожиа" деб номланган ҳикоялар тўрламлари, шунингдек, "Мен мухбирман", "Мен редакцияданман", "Энг ашаддий каллакесар", "Асқар Мухтор дедилар" сингари китоблари мухлислар эътирофига сазовор бўлган.
Биз имкониятдан фойдаланиб, устозимиз Нусрат Раҳматга янгидан-янги ижодий парвозлар тилаймиз.

Н.КАРИМОВ
З.ҲАСАНЗОДА


Последнее редактирование: 20/02/2020 14:22;   Просмотров: 797
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку