Қадимий Чунгул маҳалласига бориб, «Энг ёши улуғ аёл» ким? - деб сўрасангиз, албатта Сарвармомо Самадовани тилга олишади.
Салкам 90 ёшли табаррук момо 7 нафар фарзандга мунис она, 91 нафар невара, эвара ва чеварага азиз, дуогўй бувижондир. Умрининг кўп қисми собиқ «Гулистон» жамоа хўжалигида деҳқончилик билан ўтган. Асли Чоршанбалик бу мўътабар аёл раҳматли турмуш ўртоғи Яҳё Умуров ҳамроҳлигида давлат ва эл-юрт дастурхонини турли мева ва сабзавот маҳсулотлари билан фаровон этиш қаторида суюкли фарзандларини камолга етказди, бахтли турмуш қуришларига бош-қош бўлди. Бугун ўша ҳалол меҳнатлари, доно маслаҳатлари ва чеккан азоб-уқубатлари эвазига бахтли ҳаёт гаштини сурмоқда.
– Ҳаммасига шукр, Оллоҳ инояти билан шунча ёшга кирдим, тинч-тотув, аҳил-иноқ фарзандларим, келин ва куёвларим, невара-эвараларимга ҳам баракали умр, соғлиқ тилайман. «Меҳнатнинг таги-роҳат» деганлари рост экан. Юртимиздаги ўзгаришларни телевизордан кўриб қувонаман. Қишлоғимизда ҳам янги боғча қурилганини эшитиб хурсанд бўлдим. Пенсияни вақтида беришяпти, – дея дуога қўл очди Сарвармомо.
Матн ва сурат муаллифи
Бекзод ҚОДИРОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.