Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 октябрда имзолаган "Сайлов жараёнига замонавий ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида" ги Қарори ижроси қай даражада таъминланаётганлиги билан танишиш мақсадида тумандаги 3- сектор штабига йўл олдик. Бизни туман ички ишлар бўлими бошлиғи, сектор раҳбари А.Сулаймонов мамнуният билан қабул қилди.
- Ҳудудларни комплекс ижтимоий ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва турмуш даражасини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича тузилган ишчи гуруҳ штаби қошида бўлажак сайловларга тайёргарлик ишлари қизғин давом этмоқда, - деди у. 10 нафар малакали оператор, етарли миқдорда компьютер жамланмалари билан таъминланган алоҳида марказга эгамиз. Унумли, тезкор ва бенуқсон ишлаш учун зарур шароитлар муҳайё. Ходимлар тушлик овқат, 2 ойлик моддий рағбатлантириш имкониятидан баҳраманд.
Агробанк ходими, фаол оператор йигит Суҳроб Худойбердиевни ҳам суҳбатга тортдик.
- Бу йилги сайловлар мамлакатимизда илк бор жаҳон стандартига мос замонавий усулда ўтказилиши кутилмоқда, -деди Суҳроб. Шунинг учун ҳудудимиздаги 23 та маҳаллада истиқомат қилувчи 67404 нафар (11322 та хонадон) аҳоли электрон хатловдан ўтказилмоқда. Бешикдаги чақалоқдан энг ёши улуғ фуқарогача барча юртдошларимиз қамраб олинган. Ҳар бир хонадон аҳлининг тўлиқ кадастр коди, ёши, миллати, жинси, прописка санаси, шахсий ҳисоб рақами электрон ахборот базасига киритилмоқда.
2018 йил 29 ноябрдан бошланган хатлов жараёни жорий йил фераль ойида ниҳоясига етади. Менга бириктирилган учта маҳалла: Ал-Бухорий, Қуйи Чордара ва Юқори Чордарада яшайдиган барча фуқаролар юз фоиз ҳисобга олинди. Четдан келганлар ҳам киритилади.
Суҳбатдошларимизнинг билдирган фикр-мулоҳазаларидан шунга амин бўлдикки, 2019 йилнинг декабрь ойида Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашларга ўтказиладиган навбатдаги сайловлар тубдан янги шакл ва мазмун касб этади. Бунинг эвазига ватанимиз ва жамиятимиз тараққиёти учун бағоят муҳим ва шаффоф статистик маълумотлар банки яратилади. Умумдавлат, умумхалқ манфаатини кўзлаб бажарилаётган бу ташкилий-амалий ишлар ортида улкан иқтисодий-ижтимоий ривожланиш самараларини кўриш қийин эмас. Ҳар бир эзгу қадам, яхши ният ва олий мақсад юксалиш кафолатидир.
МЕҲРАНГИЗ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.