Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ИЗЛАНУВЧАНЛИК, ИНТИЛУВЧАНЛИК, ЯРАТУВЧАНЛИК ИШТИЁҚИДА ФАРОВОН ҲАЁТ САРИ

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида ўтган ойнинг 14-15 апрель кунлари вилоятимизда бўлди. Таъкидлаш жоизки, вилоятимиз ўзининг ривожланган саноати ва қишлоқ хўжалиги, табиий бойликлари, улкан сайёҳлик салоҳияти билан мамлакатимиз иқтисодий-ижтимоий ва маданий ҳаётида муҳим ўрин тутади.

Жаҳондаги энг юксак стандартлар асосида жиҳозланган Самарқанд автомобил заводи, “JV MAN AUTO Uzbekistan” қўшма корхонасида ўнлаб турдаги машиналар ишлаб чиқарилмоқда. “Бритиш Американ тобакко”, “Сам Антеп Гилам”, “Vrg-GazCarpеt”, “Амин Инвест”, “Дака Текс”, “Агромир Самарқанд” қўшма корхоналари, “Сино”, “Самарқандкимё” акциядорлик жамиятлари, “Шарқ саноати” хусусий концерни сингари йирик ишлаб чиқариш қувватларига эга корхоналар вилоятнинг иқтисодий ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда. 2016 йилда яна 19 та янги қўшма корхона ташкил этилиб, вилоят бўйича улар сони 263 тага етди. Ташқи савдо айланмаси 1 миллиард 195 миллион долларни ташкил этиб, экспорт ҳажми 2015 йилга нисбатан қарийб 1,5 баробарга ошди. Пировард натижалар, ялпи ҳудудий маҳсулот 2016 йилда 8,7 фоиз ўсгани шундан далолат беради.
Азалдан ҳунармандчилик ва ишбилармонлик фазилатлари билан донг таратган ҳамшаҳарларимиз кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида ҳам улкан натижаларга эришмоқда. Мазкур соҳанинг вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотидаги улуши 78 фоиздан ошгани ва меҳнат билан банд аҳолининг 84 фоиздан зиёди шу соҳада фаолият кўрсатаётгани бунинг яққол мисолидир. Вилоятимизда қишлоқ хўжалиги соҳасини ҳам ислоҳ қилиш ва модернизациялаш юзасидан муайян ишлар тизимли равишда амалга оширилмоқда. 2016 йилда 2838 та кўп тармоқли фермер хўжалиги, 9079 гектар интенсив боғ ва 1000 гектар майдонда токзорлар барпо этилиб, 11 минг 349 та янги иш ўринлари яратилди. Бугунги кунда сабзавотнинг 33 фоизи, меванинг 38 фоизи, сутнинг 34 фоизи, гўштнинг 27 фоизи вилоятдаги маҳаллий корхоналарда қайта ишланяпти. Бу эса одамларнинг турмуш шароити, шаҳар ва қишлоқлар қиёфасида ўз аксини топаётир. Иқтисодиётнинг асосий йўналишларидан бири туризм-сайёҳлик ресурсларидан оқилона фойдаланиш, кўрсатилаётган хизмат турларини кўпайтириш ва сифатини замон талабларига мослаштириш борасида ҳам вилоятимизда тизимли ишлар ижро этилмоқда. Давлатимиз томонидан яратилган имконият ва имтиёзлар туфайли бугунги кунда Самарқандда юздан ортиқ меҳмонхона ва 80 дан зиёд сайёҳлик фирмалари фаолият юритмоқда. Бир сўз билан айтганда, муҳтарам Юртбошимизнинг Самарқандга ташрифлари 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастуридаги мақсад-вазифалар ижросининг амалий ифодаси бўлди. У киши томонидан белгилаб берилган кенг кўламли вазифалар, муҳокама қилинган йирик лойиҳалар вилоятимиз тараққиётини янада янги чўққиларга олиб чиқиши шак-шубҳасиздир.


Дата добавления: 05/05/2017 12:07;   Просмотров: 1411
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку