Ҳозир сизга сўзлаб бермоқчи бўлганим ҳаётимизда юз бериб турадиган аянчли воқеалардан бири...
Онаизор фарзандини дунёга келтирар экан, ўзи емай - едирар. Ўзи киймай - кийдирар. Афсуски, айрим фарзандлар кези келганда тумшуқлари осмонга кўтарилиб, ота-оналарининг оддийлигидан ор қилишар. Ҳаттоки ота-оналаридан воз кечиб, қариялар уйига олиб бориб жойлаштирар. Шунинг учун ҳам биз яшаётган дунёни беҳудага қайтар дунё дейишмайди. Ноқобил фарзандлар волидайнлар ёшига етганда, ўшанда надоматлар чекиб, "Нимага бундай ҳолат юз берди?", - дея маъюслик билан ҳайрат бармоқларини тишлаб қоладилар.
Бу воқеани сизга ҳикоя қилай, бундан ўзингизга тўғри хулосани чиқаринг: Сазаған қишлоғини бой хонадонларининг бирида орзиқиб кутилган фарзанд 1970 йилда дунёга келди. Ота ўзида йўқ хурсанд, турмуш ўртоғи ҳали туғруқхонада эди. Ота аёли ва ўғил чақалоқни туғруқхонадан олиб келиш учун уйдан чиқди. Йўлда кутилмаган нохуш ҳодиса юз берди - автоҳалокатга учраб, фоний дунёдан кўз юмди.
Бу қайғули хабар умр йўлдошининг қулоғига ҳам етиб келди. Аёл тақдирига тан бериб, қийналувчан босиқлик билан фарзандини туғруқхонадан олиб чиқди. Турмушнинг барча зарбаларига сабр билан чидади.
Орадан йиллар ўтиб, фарзанди мактабга борди. Она рўзғор тебратишга қийналса ҳам ўғлининг кам-кўстини ҳамиша бут қилишга уринар, оналик меҳри билан фарзандини эркалар, топган-тутганини ширин арзандаси учун сарфларди. Оилада бир ўзи ишлагани учун ҳаётнинг не-не қийноқларига дош бермади.
Фарзанди вояга етиб, касб-ҳунар коллежида ўқишга кирди. Йўли узоқлиги боис таълим муассасининг ётоқхонасига яшади. Биринчи босқичда ўқишининг дастлабки йилида онасининг олдига ҳафтасига бир маротаба пул олиш учун келарди. Кейинги йилларда ўқишидан сўнг ишлайдиган бўлди. Пули борлиги натижасида онасига нисбатан меҳри секин-аста сўниб, уни кўришга ой давомида атиги бир марта борадиган бўлди.
Онаси эса, ўғлини ҳар сафар кўрганда унга зор-зор ялинарди: "Ўғлим, мен ҳам энди кексайиб қолдим. Мени тез-тез келиб хабар олиб тур. Катта ҳовлида бир ўзим жуда зерикиб кетяпман". Бу сўзларнинг тошбағир, меҳри қаттиқ фарзандга фойдаси бўлмасди. Бу орада уч йил кўз очиб юмгунча ўтиб, ўғли ўқишини тугатди. У олийгоҳга қабул қилиниб, уни ҳам кези келганда битирди.
Ҳадемай Самарқанд шаҳрида қурувчилик муассасаларининг бирида архитектор вазифасида ишга жойлашди. Кунлардан бир кун бир қизни маъқуллаб, унинг уйига онасини совчиликка боришини айтди. Онаси рози бўлиб, яқинлари билан ўша қизнинг ҳовлисида қулчиликка борди. Тарафларнинг розилиги билан тўйга тараддуд бошланди. Куёв боланинг тўй қилишга маблағи етишмаслиги учун онаси катта ҳовлисининг ярмисини сотиб, данғиллама тўй қилинди.
Шаҳарлик қиз қишлоққа келин бўлиб тушгандан сўнг қишлоқнинг ташвишли ҳаётига кўниколмай, сичқон ини минг танга бўлиб қолгандай, ҳар куни уйда жалжал бўлиб турарди. Кўп ўтмай, бундай ҳолатдан безган турмуш ўртоғи шаҳарга иш излаб борди, унга яхши иш таклиф қилинди ва у ишга кирди.
Бир куни хотини эрига: "Сизга бир янгилигим бор, яқинда ота бўласиз" - деди. Бу севинчли хабарни эшитган бўлажак ота онасига: "Она, мен келинингизни қишлоқнинг оғир шароитида оғироёқлик пайтида бу ерда қолдириб кетолмайман!" - деди ва кўч-кўронини йиғиштирди.
Онаси қарилигида ёлғиз қолаётганлигини ўйлаб, ўғлига ялина бошлади: "Болам, мен бу ҳайҳотдай ҳовлида бир ўзим нима қиламан, аҳволим не кечади? Мени ҳам ўзларингиз билан олиб кетинглар!" - деб қанчалик оҳ-воҳ чекмасин, унинг илтижолари афсуски, тарвуз устидан сув қуйгандайин фарзандининг қулоғига кирмади.
Муштипар она ўғли ва келинини шаҳарга жўнатгандан кейин ёлғизликда жуда қийналди. Орадан икки ой ўтса ҳам фарзандидан дарак йўқ эди. Хасталаниб келаётган она охири ўғлига қўнғироқ қилди. Ўғли эса "Мен ишдаман" дея телефонини ўчирар эди.
Она кунларнинг бирида қулоғига набирали бўлганлиги хабари етиб келди. У бундан қанчалик суюниб, шаҳар туғруқхонасига келинини дунёга келган зурёди билан табриклашга, сўнгра ўғлининг уйига борди. Келини туғруқхонадан жигарбандини олиб келди. Болани бешикка боғлаш маросимидан бир кун олдин ўғли онасига гап очди: "Она, эртага болани бешикка боғлаш маросимига нозик меҳмонлар ташриф буюрадилар. Сизнинг бу кўринишингиздан уёлиб қолмай!" - деди. Бу зил-замбил ноўрин гап онаизорни қўлтиғидан итаргандай бўлди. Ранжиди. Ўксиди. Ич-ичидан зор-зор йиғлади. Ўғлининг уйини ва бир умрлик тарк этди.
Мурувватсиз, меҳри қаттиқ фарзанд онаси бетоб бўлиб ётганини, қўни-қўшнилар унинг иссиғу совуғидан хабар олаётганларини эшитиб, она қишлоғига йўл олди. Ўғли қишлоғига етиб келгунча, ҳаддан ортиқ камситишлар дардини кўтаролмаган она умри поёнига етиб, жони узилди. Надоматлар бўлсинки, дийдор қиёматга қолган эди...
Машойихлар "Сўнгги пушаймон - ўзингга душман" деганларидай, фарзандидан норози кўз юмган муштипар онаизорнинг ички ҳасратлариданми, Тангрининг адолатли жазосими ўғлининг иши юришмай, корхона маъмурияти уни ишдан бўшатди. Сўнгра у оила, маҳалла-кўйда ҳурмати тамомила йўқолиб, кўчаларда санғиб сарсон-саргардонликда юрарди...
Наргиза Холиқова,
Гулобод ижтимоий-иқтисодий
коллежи 303-гуруҳ талабаси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.