Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ КЕНГ НИШОНЛАНДИ

Барча жойда бўлганидек, туманимизда ҳам Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 26 йиллиги байрами кенг нишонланди. 18 август куни Гулобод шаҳарчасидаги Амфитеатрда байрам муносабати билан тантана бўлиб ўтди. Байрам шукуҳига истиқлолни улуғловчи шиорлар, давлат байроғи, сермазмун паннолар янгича руҳ ва мазмун бағишлаб, қатнашчиларга олам-олам завқ улашди. Дилкаш тароналар остида узоқ-яқиндан бу ерга меҳнат фахрийлари, ишлаб чиқариш илғорлари, фаоллар ташриф буюрдилар. Уларнинг юзи-ю кўзида хурсандчилик балқиб турибди.

Шуни мамнуният билан айтиш мумкинки, ўтган 26 йил давомида ҳаётимизнинг барча соҳаларида мисли кўрилмаган марралар қўлга киритилди. “Ўзбек модели” дея эътироф этилган тараққиётимиз стратегияси том маънода ўзини оқлади. Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг босиб ўтган шонли ҳаёт йўлларига назар солар эканмиз, у киши эркин, демократик жамият барпо этишнинг ҳақиқий назариётчиси ва доно амалиётчиси эканликларига амин бўламиз.
Мамлакатимиз ҳаётида рўй бераётган ўзгаришлар, янгиланиш ва эришилаётган муваффақиятларни кўрган ҳар бир инсоннинг кўнглидан “Ким эдигу, ким бўлдик!” деган ҳаётий савол ўтиши мумкин. Ҳа, озод ва обод юртда яшаб, ибратли ишларни амалга оширдик. Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев айтганларидек: “Ислоҳот-ислоҳот учун эмас, аввал инсон учун” деган тамойили асосида халқимизнинг ҳаёт даражасини ва сифатини муттасил юксалтириб бориш, кучли ижтимоий сиёсат юритишдан иборатдир. Юртбошимизнинг бевосита ташаббуслари билан Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта йўналиши бўйича қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси, мамлакатни юксалтириш бўйича дастуриламал эканлиги ҳаммамизга аёндир. Унда мамлакатни ривожлантиришдан бошлаб халқ фаровонлигигача бўлган ҳар бир босқич, унинг ижрочиси ва ижро муддатлари 5 йил давомида аниқ белгилаб берилган. Ундаги энг асосий мақсад ҳар бир қилинаётган эзгу иш фақатгина шахс ва унинг манфаати учун хизмат қилишга қаратилган. Туманда ялпи ҳудудий маҳсулотнинг 78 фоизи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келиши, бунинг асосида янги 1675 та иш ўринлари яратилганлигини таъкидлашнинг ўзи етарли.
Байрам куни туманимизда юз бераётган ўзгаришларни ҳар қанча такрорласак арзийди. Айниқса маҳаллалар қиёфаси кундан-кунга чирой очиб, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратилганлигидан ҳамма мамнун. Қурилиш ва бунёдкорлик соҳасида туманимизда 25 га яқин ижтимоий соҳа объектлари, савдо, маиший хизмат ва бошқа янги иншоотлар қурилиб, фойдаланишга топширилиш арафасида. Хусусан, 23-умумтаълим мактаби, 5-мактабгача таълим муассасаси, 25 дан ортиқ бошқа соҳаларга тегишли объектлар янгитдан қурилди, капитал ва жорий таъмирланди. Ушбу мақсадлар учун турли манбалар ҳисобидан 3 миллиард 258 миллион сўм маблағлар ўзлаштирилди. Энг асосийси, байрам арафасида ижтимоий соҳа объектлари билан биргаликда 319 та намунавий қишлоқ уйлари қурилиб, фойдаланишга топшириш арафасида.
Давлатга дастлаб пилла ва яқинда эса ғалла сотиш бўйича шартномани ортиғи билан уддалаган деҳқонлар ҳам, пиллакорлар ҳам муносиб рағбатлантирилди. Улар орасида “Талабот” фермер хўжалиги гектаридан 60 центнер, “Асрорқул Носиров узумзорлари” ҳамда “Илёс Раббимқул” фермер хўжаликлари далаларидан 59 центнер, “Аъзам Азамат агро” фермер хўжалиги 56 центнер, “Нурафшон Азамат” фермер хўжалиги 55 центнердан ғалла етиштирдилар.
Ана шундай муваффақиятлар билан байрамни кутиб олган туманимиз аҳли тантанада қатнашишди. Шу билан бирга тадбирда илғорларга туман ҳокимлиги, ҳомийлар совғалари топширилди.
Туман маданият бўлими санъаткорлари ва пойтахт Тошкентдан ташриф буюрган хонандалар томонидан катта концерт уюштирилди. Мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, мактаб ҳамда коллеж ўқувчилари, ёш спортчилар ва ҳарбийларнинг бадиий чиқишлари томошабинларда катта таассурот қолдирди.

Н.ОЛИМОВ
СУРАТЛАРДА: тантанадан айрим кўринишлар акс этган.
Суратлар муаллифи Б.ҚОДИРОВ


Последнее редактирование: 13/09/2017 13:57;   Просмотров: 1372
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку