Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов айтганларидек, “Бугунги кунни компьютер ва ахборот технологияларисиз, интернетсиз ва мобил қурилмаларисиз тасаввур этиб бўлмайди”. Ўзбекистон Республикасида телекоммуникация хизматларини кўрсатиш билан шуғулланувчи оператор ва провайдерлар томонидан сифатли хизматларни тақдим этиш мақсадида фаол ишлар олиб борилаётгани, шунингдек замонавий технологияларни тадбиқ этган ҳолда хизмат сифати янада оширилаётганлиги ва қўшимча турлари янада кенгайтирилаётганлиги, албатта, кишини қувонтиради. Аммо, Республика миқёсида ахборот технологияларини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётган пайтда, бир мунча камчиликлар ҳам кузатилаётганлиги ва айрим ҳолларда ушбу камчиликлар инсон ёки бўлмаса техник факторларга боғлиқлиги маълум бўлмоқда.
Жорий йилнинг 21 апрель куни Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясининг Самарқанд вилояти ҳудудий бўлинмасига Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи Ўзбекистон Респуликаси фуқароси О.Турдиқуловнинг (исм шарифлари ўзгартирилган) алоқа хизматидан фойдалана олмаётганлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига йўллаган мурожаати келиб тушди.
Музкур мурожаат Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясининг Самарқанд вилояти ҳудудий бўлинмаси, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси ва “ЎзИ-Самарқанд” филиали ходимлари билан ҳамкорликда ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш жараёнида фуқаро телефон носозлиги бўйича берган буюртмалари ўрнатилган тартибда қайд қилинмаганлиги, бирламчи ҳужжатлар норматив ҳуқуқий ҳужжатлар талабига мос равишда юритилмаганлиги ва носозликни бартараф этиш чоралари кўрилмаганлиги сабабли О.Турдиқуловнинг уй телефони 3 ҳафта давомида ишламасдан келганлиги аниқланди. Аниқланган камчиликлар ҳамкорликда бартараф этилиб, фуқаро О.Турдиқуловнинг уй телефони сифатли ишлаши таъминланди.
Мазкур асосли мурожаатнинг келиб чиқиши ва носозликлар бўйича тушаётган буюртмалар ўрнатилган тартибда қайд этилиб бартараф қилиниш назорат қилинмаганлиги сабабли Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникациялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясининг Самарқанд ҳудудий бўлинмаси томонидан “ЎзИ-Самарқанд” филиали масъул ходимига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг “Алоқа хизматининг сифатига доир нормалар ва давлат тармоқ стандартларини бузиш” ҳақидаги153-моддасига асосан маъмурий иш кўриб чиқилди.
Шунингдек, телефон ишламаган кунлари учун корхона томонидан қайта ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилиши таъминланди.
Хулоса ўрнида шуни маълум қиламизки, агарда алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида қонуний ҳуқуқларингиз ёки манфаатларингиз бузилганда ёки соҳани янада такомиллаштириш юзасидан таклифларингиз бўлса, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясининг Самарқанд вилояти ҳудудий бўлинмасида ташкил этилган 235-01-11 рақамли “Ишонч телефони” орқали ёки samarkand@gig.uz электрон почтаси орқали мурожаат қилишингиз мумкин.
К.РАХМАТОВ,
Инспекциянинг Самарқанд ҳудудий бўлинмаси бошлиғи
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.