Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ИСРОФГАРЧИЛИК ГУНОҲДИР

Яқинда ОАВ орқали Олий Мажлис Сенати Кенгаши ва Қонунчилик палатаси кенгашининг қўшма мажлисида тўй-ҳашамларни тартибга солиш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақида эълон қилинди. Ушбу янгилик кўпчилик қатори мен учун ҳам ажойиб хушхабар бўлди десам муболаға эмас. Чунки охирги пайтларда тўй ва бошқа маросимларни ўтказишда меъёр чегарасидан анча четга чиқиб ортиқча исрофгарчиликка йўл қўйилаётган ҳолатларнинг гувоҳи бўлаётган эдик. Бу ҳам мени ташвишга солиб қўйганди. Албатта, ҳамманинг ҳам ўз орзу-ҳаваслари бор.

Дабдаба билан, тўкин-сочинликда дастурхон ёзиб тўй қилишни ким ҳам хоҳламайди дейсиз. Пул кетса кетсин, обрў кетмасин деб охирги тийинигача сарф- харажат қилиб, қарзга ботиб охири мажбурликдан ишлаш учун чет элга кетаётганлар камми орамизда. Динимизда исрофгарчилик гуноҳ эканлиги ҳақида айтиб ўтилган, ҳадисларимизнинг бирида "Ейинглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчиликка йўл қўйманглар дейилган. Лекин баъзи бировларнинг қулоғига гап кирармиди, мол давлатини кўз-кўз қилиш мақсадида бир кунлик тўй ўтади кетади, уёғи бир гап бўлар, муҳими одамлар мақтасин, уларнинг оғзида дув-дув гап бўлсин, қабилида йўл тутадиганлар ҳам етарлича топилади. Бундай кимсаларга маслаҳат солгудек бўлсангиз, юқоридаги гап бугун ўтсин, эртага Худо пошшо, жуда бўлмаса чет элга кетаман деганча гапингизни оғзингизга суради. Уларнинг гап-сўзларидан ўзга юртда гўё "доллар дарахти ўсадию пулларни хазондек териб ортга қайтадилар. Бироқ мусофирчиликнинг азоб-машаққатлари-чи? Ҳаёт уларни шунчага мажбур қилдими? Йўқ, ахир бу йўлни танлаган уларнинг ўзлари-ку?
У волидон қўрқиб, мўйсафедларнинг насиҳатларига қулоқ солиб ортиқча исрофгарчиликка йўл қўймасдан тўй-маъракаларини ихчам, камхаражат қилиб, меъёр қоидаларига амал қилган ҳолда ўтказиб, қолган маблағни фарзандларининг ўқиши, олий маълумот олиши, янги рўзғор бўлган келин-куёвларнинг эҳтиёжларига ишлатсалар, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Тўйларимиздаги йўл қўйилаётган исрофгарчилик ҳақида гапираяпмизу аммо бугунги кунда дафн этиш ва мотам маросимларидаги дабдабани кўриб очиғи азада ўтирганлигимиз ҳам сал қолса ёдимиздан чиқади. Бу ноз-неъматга тўла дастурхон, ўлган майитга кўрсатилаётган ҳурматми ёки вафот этган кимсанинг тўйими, билолмай ўйга толамиз. Ўйлаб топилмаётган янгича урф-одатлар тўғрисида диний китобларимизда ҳеч қандай маълумот келтиролмаган. Буларнинг борини ўйлаб топаётган одамларнинг ўзи ортиқча ҳою-ҳавасларга берилишининг оқибатидир.
Аслида исрофгарчилик қилиб унинг уволига қолиш ҳам, савоб олиш ҳам ўз қўлимизда. Меъёр қоидаларига амал қилишни унутмасакгина бу икки йўлдан энг тўғрисини танлай оламиз. Шундай экан, исрофгарчиликка йўл қўйишдан ўзимизни асрайлик.

Ҳожи Қамар МУАЗЗАМОВ


Дата добавления: 11/10/2019 17:48;   Просмотров: 783
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку