Электр энергияси, газ ва сув истеъмолчиси сифатида барчамизга ҳисоблагичларни маълум муддатда қиёслашдан ўтказиш зарурати таниш ҳол, албатта. Хўш, ҳисоблагичларни ечиш ва қиёслашдан ўтказишга қанча вақт кетади, бунинг учун қанча ҳақ тўлаш талаб этилади?
- Аввалги тартиб бўйича истеъмолчилар мутахассислар томонидан ечиб олинган ҳисоблагичларни қиёслаш марказларига ўзлари олиб боришлари керак эди, - дейди Давлат хизматлари агентлиги Тошкент вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Турсунов. - Жорий йилнинг 1 ноябридан бошлаб бу тартиб бутунлай ўзгарди. Яъни, эндиликда истеъмолчилар бевосита давлат хизматлари марказига сўровнома ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон тарзда мурожаат қилиши зарур. Ҳисоблагич ускуналарини ечиб олиш 5 иш куни, қиёслашдан ўтказиш 3 иш куни, ўрнатиш ҳам 3 иш куни муддатида амалга оширилади.
Маълум қилинишича, ҳисоблагични қиёслашдан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатганлик учун жисмоний шахслардан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи, яъни бугунги кун ҳолатидаги ҳисоб бўйича 44 минг 600 сўм тўлов амалга оширилади. Юридик шахслар эса базавий тўловнинг 1,5 баробари миқдорида банкдаги тегишли ҳисоб рақамига маблағ ўтказиши талаб этилади. Ҳисоблагични қиёслашдан ўтказиш назарда тутилмаган ҳолларда ечиш ёки ўрнатиш учун йиғим ундирилмайди. Қолган барча жараёнлар таъминотчи корхоналар томонидан бажарилади.
Ҳисоблагич ускунасини ечиб олиш 5 иш куни, ўрнатиш эса 3 иш куни муддатида бажарилади. Ариза топширувчи жами 14 иш кунида ўз мурожаатига жавоб олади. Мазкур хизматларни кўрсатганлиги учун истеъмолчи электр энергияси ҳисоблагичини ечиб олиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиб бериш регламенти бўйича жисмоний шахслар барчасини бепул амалга оширади. Юридик шахслар эса базавий тўловнинг 1,5 баробари миқдорида тўлайди. Қолган барча жараёнлар таъминотчи корхоналар томонидан бажарилади. Газ, электр, ичимлик ва иссиқ сув бўйича истеъмолчи давлат хизматлари марказига мурожаат қилганда эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи, яъни бугунги кундаги ҳисоб бўйича 44 минг 600 сўм давлат хизматларига тўловни амалга оширади.
Ҳисобга олиш ускунасини ечиб олиш, қиёсловдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича бир вақтда мурожаат қилинганда йиғим миқдори фақатгина бир марта ундирилади. Шунингдек, ҳисоблагич ускуналарини ечиш ва ўрнатиб бериш учун ҳеч қандай йиғим ундирилмайди.
Ҳисоблагичларни қиёслаш даврийлиги жисмоний шахслар учун 8 йил, юридик шахслар учун 4 йилни ташкил этади.
Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ, ЎзА
Интернетдан қисқартириб олинди.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.