Бугунги кунда мамлакатимизда кенг қамровли ислоҳотлар янгича ёндашув ва шиддат билан олиб борилмоқда. Мазкур жараёнда давлат ҳокимияти органларининг, энг аввало, халқ манфаатлари йўлида хизмат қилиши кучайтирилди. 2017 йил 11 сентябрда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди.Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 3 декабрда қабул қилинган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги ЎРҚ-378-сонли Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири тасдиқланди.Ушбу Қонуннинг мақсади давлат органлари ва давлат муассасаларига, шунингдек уларнинг мансабдор шахсларига жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир. Қонуннинг амал қилиши давлат иштирокидаги ташкилотларга ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Қонуннинг амал қилиши кўриб чиқиш тартиби маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия, хўжалик процессуал қонун ҳужжатлари ва бошқа қонунлар билан белгиланган мурожаатларга, давлат органларининг, шунингдек улар таркибий бўлинмаларининг ўзаро ёзишмаларига нисбатан татбиқ этилмайди.Янги таҳрирдаги Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ, жисмоний шахснинг мурожаатида жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак. Юридик шахснинг мурожаатида юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак.Жисмоний ва юридик шахснинг мурожаатида давлат органининг, ташкилотнинг аниқ номи, мурожаат юборилаётган мансабдор шахснинг лавозими ва (ёки) фамилияси (исми, отасининг исми) кўрсатилган, шунингдек мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак. Мурожаатларда мурожаат этувчиларнинг электрон почта манзили, алоқа телефонлари ва факслари рақамлари кўрсатилиши мумкин. Мурожаатлар давлат тилида ва бошқа тилларда берилиши мумкин.Янги таҳрирдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан мурожаатларнинг самарали кўриб чиқилишини ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тузилиши белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонасининг асосий вазифалари аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилиш мурожаатлар билан ишлашнинг самарали тизимини таъминлаш, мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқнинг сўзсиз амалга оширилиши, Халқ қабулхоналарига ва Виртуал қабулхонасига келиб тушган мурожаатларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилишини жорий қилиш ҳамда тегишлилиги бўйича давлат органларига, ташкилотларга юборилган мурожаатлар устидан мунтазам мониторинг ва назоратни амалга оширишдан иборат.Шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг қабулларини ўтказиш, шу жумладан видеоконференцалоқа воситасида ўтказиш, келиб тушаётган мурожаатларни қайд этиш, умумлаштириш, тизимлаштириш, уларни кўриб чиқиш устидан мониторинг ва назорат қилиш бўйича электрон ахборот тизимини жорий этиш ҳамда юритиш орқали мурожаатлар билан ишлашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш орқали йўлга қўйишдир. Қонуннинг мазмун-моҳиятини жойларда кенг тарғиб қилиш, фуқароларга тушунтириш, қонунчиликни такомиллаштиришда фаол бўлиш соҳа ходимлари зиммасига катта масъулият юклайди. Зеро, демократик ислоҳотлар моҳият эътиборига кўра, давлат ва жамият учун муҳим бурилиш ҳисобланади. Буни тўғри англаган ҳолда, барча даражадаги давлат бошқаруви ҳамда вакиллик органлари масъуллари, умуман, ҳар бир фуқаро қонунда кўзда тутилган вазифаларни сидқидилдан бажариши мақсадга мувофиқдир.
К.ТЎХТАЕВ,
Тайлоқ туманлараро
иқтисодий суди раиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.