Улуғ ҳадисшунос олим Имом Бухорий ўз мероси билан ислом динини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшибгина қолмай, дунёвий илмлар хазинасини ҳам бебаҳо асарлари билан бойитган. Ушбу хазина билан танишар эканмиз, уларда инсонпарварлик, Ватанга муҳаббат, инсоннинг инсонга бўлган меҳри, одоби мадҳ этилганини англаймиз, шуларга амал қилиш ғоялари бизда мужассам бўлади.
Юртбошимиз Ш.Мирзиёев томонидан таъкидланган бу сўзлар, бизни янада ғайрат кўрсатиб ишлашга, истиқлолни мустаҳкамлаш, Ватан тараққиётига ҳисса қўшишга даъват этади. Мамлакатимизда имон-эътиқод эркинлиги таъминланаётган экан, буларнинг ҳаммаси давлатимизнинг оқилона сиёсати, тинчлик-омонлик шарофатидандир.
Биз, имом-хатиблар жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда маҳаллаларда миллий қадриятлар, эзгу фазилатлар хусусида аҳоли билан очиқ мулоқотларда, кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатиш, касалманд ва жисмоний иконияти чекланган кишилар ҳолидан хабар олиш каби мурувват тадбирлари хусусида сўз юритмоқдамиз. Шунингдек, ота-оналарга оила, рўзғор ташвишларидан ортиб болалари тарбияси, уларнинг доимий назоратда бўлишлигини таъминлашлари, китоб-газета мутолаасига бўлган қизиқишини оширишлари ҳақида ҳам гапираяпмиз.
Энг катта мактаб - ҳаёт мактаби экан, юз бераётган ҳодисаларга тўғри баҳо берган ҳолда мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қушишни ўз бурчлари ҳисоблаган ёшларга диққатни қаратмоғимиз шарт. Шундагина улар маънан етук инсонлар бўлиб ўсишлари, ҳар қандай топшириқни кўнгилдагидек бажаришга интилиб яшашлари мумкин.
Гапнинг очиғини айтганда, ҳар биримиз Юртбошимизга елкадош бўлиб ишласак, қабул қилинаётган Фармон, Қарорлар ижросини таъминлашга ҳисса қўшсак, юртимиз янада обод бўлиб, халқимиз тинч ва осойишта ҳаёт кечиради. Негаки, динимиз эзгулик, яхши фазилатлар манбаидир.
Л.ИБОДУЛЛАЕВ
Хўжа Абду Берун жомеъ масжиди имом-хатиби
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.