"Аввалига овсинимнинг онаси бир ҳафта ўтар ўтмас, акаси ҳам шу касаллик сабаб вафот этишди. Янгаси ва норасида икки боласи айни пайтда касалхонада даволанаётган эмиш. Мана шу шум хабарни эшитгунимча коронавирус бунчалик хавфли касаллик эканлигига, айтишса ҳам, ишонмай юргандим. Карантин эълон қилинганлигига қарамай ўтган ойлар давомида тўй-маъракаларга бордим, хеч нима қилмади деб яширинча дугоналар билан ўтириш ташкил қилдик, хуллас, карантин чекловларига ҳам касалликка ҳам беписанд қарадим. Фақатгина уларнинг бевақт ҳаётдан кўз юмгани мени ишонишга, ҳушёр бўлишга ундади..."
Юртимизда коронавирусга чалинган биринчи бемор аниқланган кундан бошлаб орадан 7 ой ўтди. Касалланганлар сони 69 мингдан ошиб кетган бўлсада, аммо орамизда бу касалликнинг борлиги ва инсон саломатлигига хавф солиб турганлигига ҳалигача ишонмаётганлар учраб турибди. Уларнинг ишонишлари учун эса ё ўзлари ё яқинларидан бири шу касалликдан жабр кўришлари керакдек гўё. Унгача бу каби кимсаларга гап кор қилмайди...
Бошқа бир вазиятда эса баъзибир инсонларни огоҳлликка чорлаш учун айнан рақамларнинг аниқлиги муҳим. "Мен яхши биламан, ОАВ орқали айтилаётган маълумотлар, кўрсатилаётган рақамларнинг барчаси ёлғон. Бор ҳақиқат халққа аслича ошкор этилмай, аксинча сир тутилаяпти. Одамлар орасида ваҳима уйғотмаслик мақсадида касалликка чалинган бемор ва коронавирусдан вафот этаётганлар сони атайин камайтириб айтилмоқда. Ахир, бошқа мамлакатларда ҳар куни минглаб одамлар касалланиб, яна қанчадан-қанча беморлар вафот этаётган бир пайтда бизда ўтган ойлар давомида атиги беш юзтадан ортиқ йўқотиш? Бунга ишониш қийин..." Улар билан суҳбатлашганингизда касаллик хавфи эмас, кўпроқ рақамларнинг ноаниқлиги ташвишга солаётганлигини англайсиз.
Аслида ҳам рақамларнинг аниқлиги ишониш ва эҳтиёткор бўлишимиз учун шу қадар муҳимми?
Фотима МАҲМУДОВА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.