Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ИШОНЧНИ ОҚЛАШ БУРЧИМИЗДИР

Хабарингиз бор, жорий йил 18-19 август кунлари Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг вилоят, шаҳар ва туман Кенгаши раисларининг малакаларини ошириш, Иттифоқнинг мақсад ва вазифалари билан яқиндан таништириш, ёшлар орасига кириб бориш, айниқса уюшмаган ёшлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган ўқув семинари бўлиб ўтди. Иттифоқнинг туман Кенгаши раиси М.Баратова ушбу семинарда иштирок этиб, бир олам таассуротлар билан қайтди. Қуйида унинг таассуротларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги ПФ-5106-сонли “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони ҳамда 2017 йил 18 июлдаги ПҚ-3138-сонли “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорининг мазмун-моҳиятини ёшлар орасига кенг тарғиб қилиш, умумтаълим мактаблари ва касб ҳунар-коллежларидаги ёшлар етакчиси лавозими, уларни таълим муассасаларидаги ёшлар манфаатларининг ҳақиқий ҳимоячиси бўлишига эришиш йўл-йўриқлари борасидаги асосий вазифалар билан яқиндан таништирилиб ўтилди. Айни дамда ёшлар етакчисига Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотлари фаолиятига раҳбарлик қилиш, тузилма номидан иш юритиш ва мажбуриятлар бўйича жавобгарлик усуллари ҳам тўлақонли тушунтирилди. Бу ташкилот зиммасига мамлакат ёшларининг барча тоифа ва гуруҳларини қамраб олиши, уларни демократик принциплар асосида бирлаштириши белгилаб берилди. Бўлғуси ташкилотнинг ҳуқуқий мақоми, асосий мақсад ва вазифалари, унинг ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузини, обрў-эътиборини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Айнан шу мақсадда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раҳбари бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати бўйича давлат маслаҳатчиси лавозимида фаолият олиб бориши ҳуқуқий асосда белгилаб қўйилди. Шу билан бирга, у Президент Фармонига биноан Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб тайинланди.
Ташкилот қошида ёшларнинг хоҳиш ва интилишларига кўра, Ёш олимлар уюшмаси, Ёшларга ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш маркази, Ёшлар туризми уюшмаси, Спорт клублари ва фитнес марказлари уюшмаси, Имконияти чекланган ёшлар билан ишлаш тизимини, яна бир қанча тўгарак ва клублар ташкил этиш мақсад қилиб қўйилган.
Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, Ўзбекистон ёшлар иттифиқига улкан ишонч ва вазифалар юклатилди. Республикамиз бўйича Ўзбекистон ёшлар иттифоқи давлат ва жамият учун раҳбар кадрларни тайёрлаб берадиган ўзига хос марказ бўлиши учун Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошида Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтини ташкил этилиши белгиланди. Бугунги кунда мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида иттифоқ томонидан барча туман ва шаҳарларда, жумладан, чекка ҳудудларда “Ёшлар уйлари”ни қуриш таклифлари ишлаб чиқилиб, уларни ҳаётга жорий қилиш йўллари изланмоқда.
Хулоса ўрнида шуни таъкидламоқчиманки, бугун ёшлар билан ишлайдиган давр келди. Юртбошимизнинг биргина мана бу фикрлари навқирон авлодга бўлган ғамхўрликнинг беқиёслигини ифодалайди: «Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг обрўси ва таъсирини ошириш учун мамлакатимизда ёшлар манфаатини таъминлашга қаратилган ишларда унинг иштирокини ҳар томонлама кенгайтириш зарур. Айтинг, бундай эътибор ёшларни юксак марраларни забт этишга чорлайдими?! Албатта. Кучига–куч, ғайратига–ғайрат қўшади». Ҳа, яратиб берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, Президентимизга, у киши бошлаб берган эзгу ишларга камарбаста бўлишимиз шарт.

Т.НУР ёзиб олди.


Дата добавления: 01/09/2017 15:29;   Просмотров: 1289
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку