"Ростгўй" инсон бўлишга қанчалик ҳаракат қилмайлик баъзибир вазиятларда мажбур бўламиз ноилож ёлғон гапириб туришга ҳам. Лекин янги оила янги муҳитда келинчакнинг ёлғон гапирган гапи ёки куёвнинг "синаш учун" ҳазил ўрнида гапирган ёлғони бундан мустасно. Айниқса оилада ўзаро ишончнинг борлиги мустаҳкамлиги беқиёс юксак аҳамиятга эга эканлигида ёлғон сабаб бировнинг бизга бўлган ишончини йўқотиб қўймаслигимиз керак. Чунки ишонч бир марта берилади. Ўртада ишонч синса демак энди рост гапга ҳам шубҳа соя сола бошлаши бор ҳақиқат.
Мисол учун ишхона, ўқиш жойингиздан ҳар доимги вақтдан кўра эртароқ чиқиб қолдингиз, уйингизга шошилиш ўрнига аксинча кўчада бироз айланиб, дугонангиз билан КАФЕда ўтиришни ё бозорга боришни маъқул топдингиз. Бунинг сабаби эҳтимол янги оила муҳитига мослашиш сиз учун қийин бўлаётганидадир, ота-онангизни соғинганингиз, ёки " кафтдаги малика" бўлган даврингизга қайтиш, яна эрка қизга айланиб қолишни хоҳлаётганлигингиз бўлса не ажаб. Зарурат юзасидан бозорга боргандирсиз... Хуллас уйга кириб келганингизда кеч қолганингизнинг сабабини яширмоқчи бўласизда қаердан келаётганлигингизни уйдагиларингизга айтмайсиз. Сўраб қолишса йўлда ушланиб қолганингиз, машина бўлмаганлиги тайёр баҳона. Буни олдиндан ўйлаб қўйгансиз. Аммо ота-онангиз ўргатган ўгитлар, насиҳатлар қайда қолди...?
Айнан бу мавзуда мулоҳаза юритишимга синфдошим Нигора билан бўлган суҳбатимиз ва унинг афсуси сабаб бўлди.
Салом аликдан сўнг Нигоранинг тўсатдан ота-онаси, уйдагилари ҳақида сўраб қолганидан ҳайрон бўлдим
-Авваллари тез-тез бориб, хабар олиб турардинг нима бўлди ўзи?
-Э дугонажон нимасини айтай ҳаммасига ўзим айбдорман... Бир куни ишдан вақтлироқ чиқиб йўл устида ота-онамдан хабар олгани уйга киргандим Отам уйингдагиларингдан бесўроқ нимага келдинг, деб ўтиргани ҳам қўймай қайтариб юбордилар . Уйга келганимда бу ҳақида айтиб ўтирмадим Икки кун ўтиб қайнонам бугун дам олиш куни набирамни олиб ота-онангизни кўриб келинг, деб уйга жўнатдилар. Уйга қайтганимда қайнонам ўтган куни ҳам уйингизга борган экансиз, агар сўраганингизда рухсат берардим ёки келиб айтганингизда ҳам тўғри тушунган бўлардим-ку, деб мендан хафа бўлдилар. Энди аввалгидек ҳафтада эмас йигирма кун, бир ойда бир марта уйга юборадиган бўлишди, телефонда ҳам кўп гаплашолмайман...Агар ўз вақтида бор гапни айтиб яширмаганимда бугун уларнинг менга бўлган ишончи сўнмаган бўлар эди...Ҳар қандай ёлғон ҳам барибир кун келиб ошкор бўлар экан...
Фотима МАҲМУДОВА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.