Ёзнинг иссиқ жазирама кунларида истироҳат боғи айниқса ёшлар билан гавжум.
Қизлар гўёки ҳуснларини кўз-кўз қилиб, аниқ гап бўлмаса ҳам, пиқир-пиқир кулишиб ўтган-кетганларни диққатини ўзларига жалб қилиш билан овора. Ёш оилалар фарзандларини айлантиришга олиб чиққан, улар расмга тушиб ҳар қадамда учраган ўйинчоқ машиналарга кичкинтойларини сайр қилдириб, завқланадилар. Ўриндиқлар лиқ тўла. Бир иккита эътиборсизларнинг қоғоз, писта пўчоқларини ерга ташлаганларини айтмаса, ёши улуғларнинг ўйингоҳда набиралари билан айланганлари жуда файзли эди. Йигитлар Европага тақлид қилиб сочларини хохлаган фасонда ўзларича чиройли қилиб худди бир ишни қойиллатиб бажаргандай хурсанд. Орада обакидандон сотадиганлар ўз савдоси билан, парк эгалари мижозга хизмат қилиш билан машғул бўлган бир пайтда ёшгина келин-куёв жанжаллашиб қолишади. Ҳамма ҳайрон. Кимдир орага кириб ажратмоқчи бўлади. Қани улардан биттаси жим бўлса. Худди икки душман бир-бирини ушлаб олгандай. Йигитни қўя турайлик, келинчак янги бўлса керак дўпписи билан куёвни урмоқчи бўладимией, нима эмиш куёв бошқасига қарабди. Кўз бўлгандан кейин қарайдида. Барака топкур, айланишга олиб чиқибди-ку, хурсанд бўлмайсанми. Наҳот арзимаган гап учун шунча можаро. Ҳозирдан шундай бўлса уларнинг кейинги умр йўллари қандай ўтади. Ҳаёт ташвишларига бу келинчак чидай олармикан. Ишончни поймол қилиб, кўпнинг олдида бундай шармандачилик қилгани кечирилмас хато эканлигини билармикан. Бу воқеа кулгили кўринсада, айрим қизларимизнинг бетарбияликлари, ҳаётга тайёр эмасликлари оқибатида юзага келган ҳодисадир. Яхши илм эгаллаб ўз ўринларини топган таърифга лойиқ ёшларимиз талайгина. Улар нафақат уйда келинлик вазифаларини, балки давлат ишларини ҳам аъло даражада бажариб, ютуқларни қўлга киритаяптилар. Ҳавас қилса арзийдиган уй бекаларимиз ўз ҳунари орқасидан мартабага эришган хотин-қизларимиз сони ортмоқда. Ҳунарли киши хор бўлмайди. Истироҳат боғидаги бундай хунук воқеа истамасакда ҳаётимизда учраб туради. Юриш-туриши ўз ўрнида бўлган, оқу-қорани таниган қизларни ҳамма келин қилсам дейди. Чунки улар ҳаётнинг ҳамма синовларига дош беришади. Ҳеч нимага осонликча эришиб бўлмайди. Салга маънисиз жанжал чиқариб, юзи шувут бўлишидан қўрқмаган келинчак нима қилмоқчи, ота уйига қайтди ҳам дейлик, бу билан ҳаммаси изига тушиб кетмайдику, жамиятимизда бундай калта ўйлайдиган ёшларнинг келажаги нима бўлади. Оилада тинчи бўлмаган кўчада ҳам ҳаловатини йўқотади. Ёшлар оилани асранг. Аёл бошлаган йўлдан эркак боради. Уларни адаштирманг.
Ҳидоят УМУРҚУЛОВА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.