Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ҚИШЛОҚЛАРДАГИ УЛКАН ЎЗГАРИШЛАР

Шаҳарлари осмонўпар бинолар билан тўлиб тошган, қишлоқлари эса янада обод бўлиб, болалар ўйнайдиган ўйингоҳлар, аҳоли яшайдиган шинам уйлар, меҳнат қиладиган шароитга эга иншоотлар... –булар бари юртимиз қиёфаси, истиқлол шарофатидир. Ҳа, кундан-кунга гўзаллашиб бораётган туманимиз қишлоқларидаги фуқаролар ҳам Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 26 йиллигини ёруғ юз, хурсандчилик билан кутиб олмоқдалар.

Туман ҳудудидаги 77 та маҳалла йиғинлари бинолари ва уларнинг моддий-техник базаси хатловдан ўтказилиб маҳаллий ҳокимлик ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳисобидан 2 тасида янги бино қурилиши, ҳомийлар маблағлари ҳисобидан 11 тасида реконструкция ишлари бошлаб юборилди. Жорий йилда Урганжи, Хожа Аҳрор Вали-2 маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳомийлар маблағлари ҳисобидан қайта таъмирланиб, тўлиқ жиҳозланди. Айни пайтда эса Конигил, Қозиқўрғон маҳалла фуқаролар йиғинлари биноларини таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Қўлба маҳалласидаги 33-умумтаълим мактаби спорт ўйингоҳи ёнида намунали “Мини футбол” майдончасини барпо этишни Навобод маҳалла фуқаролар йиғини раиси Достон Негматов ўз зиммасига олганди. Ушбу майдонча оқсоқолнинг ўз маблағи ва банкдан олган кредити эвазига бунёд этилди. Айни дамда мактаб ўғил-қизлари соат 8 дан 14 гача ўйингоҳдан бепул фойдаланишаётган бўлса, белгиланган вақтдан кейин хоҳловчиларга пулли хизмат кўрсатилмоқда.
Мустақиллик меваси бўлган Гулобод маҳалласида 4 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Мазкур маҳаллада марҳумларни кўмиш учун қабристон йўқлиги боис туман ҳокими қарори билан қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган 0,30 га ер майдони ажратиб берилди. Ҳозир қабристон атрофи маҳаллий ҳомийлар ва туман Ободонлаштириш бошқармаси кўмагида ўралиб, ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, маҳаллий ҳомийлар кўмагида Даштисўхта маҳалласидаги 200 метр асосий кўча текисланган, 20 метрига асфальт ётқизилган бўлса, Заҳлик маҳалласидаги 1 км.дан ортиқ ички йўлга шағал-қум тўкилиб, текисланди. Чоршанба маҳалласида аҳолининг тоза ичимлик сувга бўлган талабини қондириш ниятида яна қўшимча сув иншооти қурилди. Шу маҳалла фуқароси Машҳура Акрамованинг тикувчилик касбига бўлган қизиқиши инобатга олиниб, Лолазор маҳалласида яшовчи таниқли тикувчига шогирдликка қўйилди. Мунира Қодированинг 2-гуруҳ ногирон фарзанди Меҳрож Ҳамроқулов ҳам ишга жойлаштирилди.
Диёр маҳалласи фуқароси Тошмуқум Аҳадов ҳовлисида фарзандлари никоҳ тўйларида 12 нафар кам таъминланган оила фарзандларининг суннат тўйлари қўшиб ўтказилди. “Тўйболаларга” махсус кийим-бошлар, озиқ-овқат маҳсулотлари билан велосипедлар ҳам топширилди.
Хуллас, жорий йилнинг ўтган олти ойида тумандаги 811 нафар фуқаро янги иш ўринларига эга бўлди. Уларнинг 505 нафарини уюшмаган ёшлар ташкил этади.
Ҳа, ана шундай ўзгаришлар туфайли, қишлоқлар обод ва кўркам бўлаяпти.

Н.ОЛИМОВ


Дата добавления: 18/08/2017 14:39;   Просмотров: 1313
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку