Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ҚИШЛОҚ ҚИЁФАСИ ЎЗГАРАЯПТИ

Шўрбойи маҳалласи кейинги йилларда янада обод бўлиб, бу ерда тўй-маъракалар ихчам ва тартибли ўтмоқда. Бу ишларнинг ҳаммаси фуқаролар йиғини раиси Асатилло Каримовнинг саъй-ҳаракатлари туфайли бўлаяпти. Ишнинг кўзини билиши, аҳолининг тинч ҳамда осойишта ва фаровон яшашига ҳисса қўшаётгани боис Асатилло Каримов фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгашининг таъсис конференциясида делегат сифатида қатнашди.

Унинг қисқача таржимаи ҳолига эътибор қаратадиган бўлсак, 1956 йилнинг 22 февралида шу маҳаллада туғилган. Ўқиш, изланиш туфайли ҳисобчи-иқтисодчи мутахассислигини олди. Шундан кейин «Наврўз» (собиқ М.Горький номли) жамоа хўжалигида ҳисобчи, бош ҳисобчи бўлиб ишлади. Қатор йиллар вилоят адлия бошқармасида аудитор бўлиб фаолият кўрсатди. 2014 йил февраль ойидан мазкур маҳалла фуқаролар йиғини раиси лавозимида фаолият кўрсатиб келмоқда. Оилали, 4 нафар фарзанди, 9 нафар набираси бор. Яқинда, оқсоқол билан мулоқотда бўлиб, конференция таассуротлари ва маҳаллада олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳикоя қилиб беришини илтимос қилдик.
- Конференциядан олган таассуротларим боис ишни янада уюшқоқлик билан амалга оширдим, - дейди Асатилло ака. - Маҳалла фаоллари, маслаҳатчилар билан келишган ҳолда ободончилик, тўй-маъракаларни тартибли ўтказиш, уюшмаган ёшлар билан ишлашда бор тажрибаларимизни ишга солдик. Бу ишларда Б.Одилов, А.Султонов, Н.Раҳмонов, Р.Рустамов, М.Қосимов, Я.Исматов, Р.Бурҳонов каби тадбиркору фаоллар, М.Остонқулов, Қ.Сирожқулов, Т.Расулов, Н.Сиддиқов, Қ.Шарипов каби нуронийлар, Р.Қамаров, М.Халиқов, Ҳ.Расулов, С.Комилов сингари кўча бошилари ўзларининг салмоқли ҳиссаларини қўшдилар. Шунинг учун ҳам ўтказилаётган тўй-маъракалар, оилавий тантаналар ихчам, тартиблилиги билан барчага манзур бўлаяпти.
Айни дамда маҳалламизда 4 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилмоқда. 1105 та оила бўлиб, уларда умрбасар қилаётган инсонлар аҳилликда ҳаёт кечириб, ўз маҳаллалари ободончилигига ҳисса қўшмоқдалар. Бу ерда 392 нафар пенсионер, 66 нафар ногиронлар яшайдики, уларнинг ҳаммаси давлатимиз ғамхўрлиги-ю, фаолларимиз томонидан кўрсатилаётган эътибордан мамнун. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 29 мартдаги «Обод қишлоқ дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида қишлоқ аҳоли пунктларини тубдан янгилаш, одамларнинг турмуш шароитини янада яхшилаш каби муҳим вазифалар белгилаб берилди. Шунга биноан ҳар бир ишни белгиланган режа асосида ташкил этмоқдамиз. Ўйлайманки, жонкуяр фаоллар, тадбикорларимиз бор экан маҳаллаларимиз янада обод бўлаверади.

Р.ШАРИФЗОДА ёзиб олди.


Последнее редактирование: 18/05/2018 14:24;   Просмотров: 1068
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку