Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг“Амаллар фақат ниятларга кўрадир”, деяётганларини эшитганман”, деди.
Ушбу ҳадисга кўра, қиладиган барча ишларимиз Аллоҳ таолонинг ҳузурида мақбул бўлиши учун ниятимиз тўғри бўлиши лозимлиги маълум бўлади. Бунда, агарчи, шу ишни амалга ошира олмасак-да, яхши ният қилган бўлсак, ниятимиз учун ҳам ажр-савоб олаверамиз. Шунинг учун ҳар бир амалда ниятнинг ўрни қанчалик муҳим эканини яхши англаб етишимиз лозим бўлади.
Масалан, илм талаб қилаётган киши Аллоҳнинг розилиги, халқнинг манфаати ниятида илм ўрганса, ҳам илмга, ҳам савобга эришади. Агар фақат мансаб ва мол-дуён учун ўрганса мансаб, мол-дунёга эришиши мумкин, лекин савобдан бебаҳра қолиб кетади.
Демак, бизнинг қилаётган амалларимизда ихлоснинг аҳамияти жуда ҳам катта экан. У хоҳ дунёвий бўлсин, хоҳ ухровий бўлсин ишларимизни яхши ният ва ихлос билан бажармоқлигимиз лозим.
Демак ҳар бир амал ихлос билан қилинса, ўша амал пухта бўлади. Чунки Аллоҳ таолонинг розилини кўзлаб амал қилган банда доим Аллоҳнинг назоратида экани, бир лаҳза ҳам Унинг назоратидан четда қолиб кетмаслигини ҳис қилиб амал қилади. Аллоҳ таоло ихлосга буюриб шундай дейди:
“Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир”. (Баййина сураси,5-оят)
Маълумингизким, жорий 2017 йил юртимиз раҳбари томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, деб эълон қилинди. Йил бошиданоқ кўпдан-кўп хайрли ишлар амалга оширилиб келиняпти. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни, йирик лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида мамлакатимизнинг қатор вилоятларида бўлиб қайтдилар. Сафарлар давомида баъзи хонадонларда бўлиб, кекса ва ёшлар билан учрашиб, оилаларнинг кундалик ҳаёти, фарзандлар касб кори ва набиралар тарбияси тўғрисида суҳбатлашдилар. Мана шундай яхши ниятлар ва катта ташаббуслар билан амалга оширилаётган хайрли ва савобли амалларда биз мусулмонлар биринчи сафда бўлишимиз лозимдир. Зеро, Аллоҳ таоло бандаларини хайрли ишларга шошилишни буюрган. Чунончи, Қуръони каримда марҳамат қилиб шундай деган:
“Бас, хайрли (савобли) ишларда (бир-бирингиздан) ўзишга ошиқингиз!” (Моида сураси, 48-оят).
Ушбу оятга кўра, инсон доимо яхши амаллар қилишга, яхши ниятда бўлишга шошилиши лозимдир. Доимо яхши ишлар ва яхши ниятлар билан юрган инсоннинг хотимаси ҳам гўзал бўлади. Инсон ҳаёти давомида барча яхши ишларни амалга оширишга имконияти бўлмаслиги мумкин, лекин барча яхши ишларни ният қилишга имкони бордир. Аллоҳ таоло эса унга ниятига яраша савоб бераверади. Чунки Аллоҳ таоло бандалари қилган хайрли амалларнинг биронтасини ҳам зое қилмайди.
Ислом дини хайрли амалларни шу даражада тарғиб қилганки, нафақат хайрли амални қилган кишини, ҳатто хайрли амал қила олмаса-да, уни ният қилган кишиларни ҳам улкан ажр-савоблар билан тақдирлайди. Сўзимизга ушбу ҳадиси шариф далил бўлади:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз Парвардигори азза ва жалладан ривоят қилиб айтади: “Аллоҳ таоло яхшиликлар ва ёмонликларни ёзиб қўйди ва уни баён қилди: Кимки бирор яхшиликни қасд қилса-ю, лекин уни қилмаса, Аллоҳ таоло уни Ўзининг ҳузурида ўша банда учун мукаммал яхшилик қилиб ёзиб қўяди. Агар банда уни қасд қилиб, уни амалга ҳам оширса, Аллоҳ таоло уни Ўзининг ҳузурида ўша банда учун ўнтадан етти юз яхшиликкача, ундан ҳам бир неча баробар кўп қилиб ёзиб қўяди. (Яъни, нияти ва ихлосига қараб кўпайтириб бераверади) агар бир ёмонликни қасд қилса-ю, (сўнгра Аллоҳдан қўрқиб,) уни қилмаса, Аллоҳ таоло уни Ўзининг ҳузурида ўша банда учун битта мукаммал яхшилик қилиб ёзиб қўяди. Агар уни амалга оширса, Аллоҳ таоло уни Ўзининг ҳузурида битта ёмонлик қилиб ёзиб қўяди”. Имом Бухорий ривоят қилган.
Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ айтган: “Айрим кичик амалларни ният катталаштиради. Шунингдек, айрим катта амалларни ният кичрайтиради”.
Шундай экан, биз доим яхши ниятлар қилишимиз, яхши ниятда бўлишимиз лозимдир. Ана шунда Парвардигоримиз бизни ниятларимизга яраша амалларимизни ҳам тўғрилаб қўяверади.
Аллоҳ таоло барчамизни ҳар бир амалларимизда ниятларимизни тўғри қилишга муваффақ қилсин! Бу юртнинг равнақига бизнинг ҳам ҳиссамиз қўшилишига Ўзи тавфиқ ато қилсин! Омин!
Баҳодир ШАРИПОВ, туман бош имом-хатиби.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.