Мактаб – муқаддас даргоҳ. Мурғак қалбларга илм, одоб, инсонийлик, нафосат, поклик нурини сингдирадиган улуғ маскан.
Тумандаги таълим муассасалари жамоалари зиммасидаги давлат аҳамиятига молик, янги авлод тақдирига боғлиқ вазифаларни бажаришга масъул эканлар, ҳар кун, ҳар соат иш жойларидаги маънавий муҳит, атроф тоза-орасталиги, ўқувчилар таълим-тарбияси, бўш вақти ва давомоти каби долзарб масалаларга эътибор қаратишлари шарт. Минг афсуски, ўқув йили бошида туман ҳокимлигининг махсус Ишчи гуруҳи томонидан бир қатор мактаб ва мактабгача таълим муассасалари ўрганилганда киши ғашини келтирадиган кўпгина хато-камчиликлар аниқланди. Бу борада таълим тизими ходимлари билан ўтказилган йиғилишда аччиқ ва очиқ гапирилди. Туман ҳокими ўринбосари Р.Ражабов чуқур таҳлил ва далиллардан иборат танқидий чиқишида слайд орқали кўрсатилган жойлардаги хунук манзараларга тўхталиб ўтди. Ўқитувчиларнинг тўлиқ тиббий кўрикдан ўтмаганликлари, кўргазмали қуроллар сифатсизлиги, эскирганлиги, бадиий китоблар ва Биринчи Президент И.Каримов портрети ҳамда асарларига эътиборсизлик, куз-қиш мавсумига лоқайдларча муносабат, айрим 10-синфларда ўқитувчиларнинг дарс ўтмаганлиги, мактаб ҳовлиси ва орқа томони, ҳожатхоналардаги камчиликлар ҳақли кескин танқидга учради. Йиғилиш иштирокчилари номидан мактаб директорлари Н.Саломов (41-мактаб), Ф.Валихўжаев (36-мактаб), Д.Азизова (48-мактаб), Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудири К.Тоҳиров, бўлим мудири ўринбосари Б.Мардонов ва бошқалар йўл қўйилган хато ва камчиликларни бир ҳафта муддатда бартараф этишга ваъда бердилар.
Туман ҳокими Ш.Жамолов ўзининг якунловчи сўзида йиғилиш иштирокчиларини давр нафаси билан ҳамоҳанг ишлаш, масъулиятни теран англашга чақирди.
Н.МЕҲРАНГИЗ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.