Ҳа, мўл-кўлчиликка нима етсин! Асл деҳқонлар халқимиз дастурхонини сероб қилиш, улар кўзида севинчни кўриш учун қишда ҳам мева-сабзавот маҳсулотларини тортиқ этмоқдалар. Бу йил туманимиз деҳқонларининг юзи ёруғ, қўли баланд бўлди. Негаки, Аллоҳ инояти билан мўл қишоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирилди. Уларнинг ортиғи эса музлаткич омборларга жойлаштирилди. Айни дамда ушбу ноз-неъматлар байрам дастурхонига тортиқ этиляпти. Шу муносабат билан туманда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги ваколатхонаси томонидан «Қишлоқ хўжалигида қиймат занжирини ривожлантириш» лойиҳаси доирасида «Музлаткич омборларида мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш: бугунги ҳолат ва соҳани ривожлантириш истиқболлари» мавзуида семинар бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан мева-сабзавот етиштирувчи, уларни сақлайдиган ва қайта ишлайдиган фермерлар, тадбиркорлар, экспортёрлар, транспорт хизмати кўрсатувчилар ҳамда савдо тармоқлари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда ислоҳотлар жараёнида боғдорчилик, мева-сабзавотчилик ва узумчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Соҳага замонавий илғор технологиялар жорий этилаётгани боис маҳсулотлар сифатли ҳамда мўл етиштирилаётгани ҳам кўрсатиб ўтилди. 2011 йилгача мамлакатимизда 60 минг тоннага яқин маҳсулот музлаткич омборларида сақланган бўлса, бугунга келиб, бу миқдор 1 миллион 150 минг тоннага етди. 2016 йил ҳисоботига кўра Ўзбекистон музлаткичлар қуввати бўйича етакчи 20 таликдан ўрин олди. Бозор ривожланиш индексида эса мамлакатимиз дунё бўйича энг юқори кўрсатгич (219 фоиз)ни қайд этган. Бугунги кунда ушбу соҳада жадал иш олиб борилаётган Шимолий Африка, Хитой ва Туркияда ҳам бу кўрсатгич 30 фоиздан ошмаган.
Семинарда тақдимотлар бўлди, шунингдек, иштирокчилар маҳсулотларни сақлаш ва экспортга чиқариш билан боғлиқ масалалар юзасидан тажриба алмашдилар, таклифлар ўртага ташланди. Шундан кейин тадбир қатнашчилари тумандаги бир неча музлаткич, омбор фаолияти билан ҳам танишишди.
Н.МУҲАММАД
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.