Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Ис ГАЗИ...

ёхуд кислород етишмовчилиги умрингизнинг заволи

Барчамиз учун қулайлик ва мўъжизага эга бўлган табиий газдан фойдаланиш вақтида истеъмолчилардан доимий эътибор ва ҳушёрлик талаб этилади.
Эътиборсизлик ва бепарволик, газдан нотўғри ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилмасдан фойдаланиш оқибатида табиий газ хавфли моддага айланади, натижада турли турдаги бахтсизлик ва нохуш ҳолатларни келиб чиқишига аксарият ҳолларда инсонларнинг бепарволиги ва масъулиятсизлиги сабаб бўлмоқда.
Ёнғинлар, ис газидан заҳарланиш ҳолатлари ва уларнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилиб таҳлил қилинади. Бахтсиз ҳодисаларнинг келиб чиқишига эса фуқаро ва уй эгаларининг табиий газдан хавфсизлик қоидаларига риоя қилмасдан фойдаланишлари, жумладан, газ жиҳозларини ўзбошимчалик билан жойига ўзгартиришлар киритишлари сабаб бўлиши ўтказиб борилаётган мулоқотлар давомида тушунтирилмоқда. Резина шланглар орқали уланишлари, носоз ва сертификатланмаган, қўлбола газ жиҳозларидан,носоз дудбўрон ва вентиляцион каналлардан фойдаланишлари эса аянчли воқеаларни келтириб чиқариши айтилмоқда.
Совуқ кунларнинг бошланиши билан фуқаролар уйларини иситиш мақсадида табиий, суюлтирилган газ ва турли хилдаги бошқа ёқилғи маҳсулотларидан фойдаланишни бошлашади.
Ёқилғи маҳсулотлари ичида бошқаларга нисбатан қулай, шу билан бирга хавфлироғи бу табиий газ ҳисобланади.
Ис газидан заҳарланиш ҳолатлари билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларни келтириб чиқарувчи асосий омиллардан бири табиий газнинг тўлиқ ёнмаслиги, газ оқимининг бехосдан узилиб қолиши, хона ичида газ тўпланиши, газ асбобларини қаровсиз қолдириш,иситиш тизимларига уланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик ва иситиш қозонларидаги мавжуд хавфсизлик автоматикаларининг шунингдек, дудбўрон, вентиляцион каналларининг носозлиги ва уларнинг конструкцияларига ўзгартириш киритиш ҳолатлари сабаб бўлади.
Ис гази инсон организмининг нафас йўллари ва нафас аъзоларига кучли таъсир қилади. Ис газининг асосий хавфли томони шундаки, у ўпка орқали қон ҳужайраларига тез кириб олиб, унда мавжуд бўлган кислород ўрнини эгаллайди. Бунинг оқибатида организмда кислород етишмовчилиги келиб чиқади. Ис газидан заҳарланиш унинг ҳаводаги концентрацияси таъсир муддатига боғлиқ бўлади.
Заҳарланиш енгил, ўрта ва оғир даражаларда бўлади. Бундай ҳолларда бош қаттиқ оғрийди, айланади, қусиш, ҳушдан кетиш ҳамда нафас олиш секинлашади, энг ачинарлиси, баъзан ўлимга олиб келади.
Ис тегишли хусусияти - ис газининг ҳаводаги концентрациясига, унинг одамга қанчалик узоқ таъсир этиши ва ис теккан кишининг индивидуал таъсирчанлигига боғлиқдир.
Ис гази (СО) - рангсиз, заҳарли бўғувчан газ. Ис газининг нафас йўллари орқали организмга кириб, қизил қон таначаларидаги гемоглабин билан бирикишидан карбоксигемоглабиннинг фаолияти бузилади. Бу модда кислородни бириктира олмайди ва одам хужайраларида кислород етишмовчилигини келтириб чиқаради. Натижада тўқима ва ҳужайраларнинг нафас олиши қийинлашади, кислород етишмовчилигини келтириб чиқариб, оқибатида организмнинг барча органларининг фаолияти бузилади.
Ис гази билан енгил заҳарланганда бош оғриғи, кўз тинади, кўнгил айнийди, қулоқ шанғиллайди, юрак сезиларсиз уради, бош айланади, дармонсизланиш кузатилади.
Ис гази билан кучли заҳарланганда уйқу босади, кўз қорачиғи кенгаяди, нафас олиш қийинлашади, томир тез уради ва одам ҳушидан кетиб, тиббий ёрламга муҳтож бўлади.
Шифокор ёки тез ёрдам машинаси етиб келгунга қадар заҳарланган инсонни тезлик билан очиқ ҳавога олиб чиқиб, оёқларини бироз кўтариб, орқаси билан ётқизинг ва кийим тугмаларини ечинг.
Ҳушидан кетган бўлса, новшадил (5-10% аммиакли сув) спиртини ҳидлатинг. Нафас олиш ва юрак уруши тўхтаган бўлса, сунъий нафас олдиринг ва юрагини билвосита уқаланг. Боши ва кўкрагига совуқ компресс қўйинг. Ҳушидан кетмаган бўлса, унга иссиқ чой ёки кофе ичиринг. Тез ёрдам келгач, заҳарланувчини даволаш муассасасига жўнатинг.
Газ плиталари ва иситиш печларини ўз муддатларида туман газлаштириш идораси мутахассислари ёрдамида йиллик техник кўрикдан ўтказинг.
Газ ускуналарини назоратсиз қолдирманг. Болалар ва ўз ҳаракатларини бошқара олмайдиган шахслар томонидан фойдаланишига йўл қўйманг.
Ностандарт ва сифат сертификатига эга бўлмаган, носоз газ ускуналаридан фойдаланманг. Газ плитаси фақат таом тайёрлаш учун мўлжалланган, ундан уйни иситиш мақсадида фойдаланманг. Газ асбоблари ўрнатилган хоналарда ухлаш ва дам олиш мумкин эмаслигини доимо ёдда тутинг.
Баллонли ускунадан фойдаланилганда босимни тартибга солувчи ускунанинг уланиш шланглари ва баллонларнинг соз ҳолдалигига аҳамият беринг. Газ баллонларини ноқонуний йўл билан сотиб олманг. Чунки уларнинг фойдаланишга яроқлилигига кафолат йўқ.

Н.ҲАНИФОВ


Дата добавления: 21/12/2018 11:34;   Просмотров: 923
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку