Ҳаёт қизиқ. Инсон кўзи нималарни кўрмайди-ю, нималарни бошидан ўтказмайди, дейсиз. Ҳаммасига инсоннинггина иродаси дейиш мумкин. Ҳа, иродаси кучли инсон ҳар нимага қодир. Шу ўринда ўзим гувоҳ бўлган бир воқеани айтиб бермоқчиман.
Бир дўстим бор. Соғ-саломат ишлаб юрган, дўстлар даврасини гуллатаётган бир пайтда икки оёғи ишламай, юра олмай қолди. Бундан тушкунликка тушмади, аксинча, зўр-зўр табиблар-у шифокорлар кўригидан ўтди, улар буюрган дориларни истеъмол қилди, оёқларига суртди. Аммо... Дори - дармон фойда бермади, сўнгра спорт билан шуғулланди, оёқларини, борингки, бутун вужудини ҳаракатга келтирди. Тинимсиз машқ, тинимсиз ҳаракат боис оёққа турди. Дастлаб икки-уч қадам, сўнгра эса олти қадам ташлади. Қарабсизки, юрадиган, ўтириб турадиган бўлди. Ҳатто, чойхонага чиқиб дўстлари билан гурунглашишга вақт ҳам топди. Ният қилган экан, турмуш ўртоғи билан Маккаи Мадинага умра сафарига ҳам бориб келди. Мана сизга инсон иродасининг кучлилиги. Бошқалардек берсанг ейман, урсанг ўламан, демасдан машқ қилган дўстим мақсадига эришди, иродасининг мустаҳкам эканлигини намойиш этди.
Ҳожи Қамар МУАЗЗАМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.