Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ИНТИЗОМ

Эрта-индин коронавирус пандемиясидан бутунлай халос бўламиз. Кейин нима қиламиз?

Юзта, балки мингта, унданам кўпроқ мақола ёзгандирман, бадиий публицистика, ҳикоялар қоралагандирман, аммо бирортасига "Интизом" деб сарлавҳа қўймабман.Чунки мен ва миллионлаб инсонлар риоя қиладиган ҳаёт тарзининг ўнлаб қирралари ичида энг ўткири интизом эканлигини чуқурроқ ўйлаб кўрмаган эканман. Уни нима эканлигини бизга коронавирус пандемияси билдирди, кўзимизни очди, интизомни бор-будича кўрдик. Карантин қоидасига риоя қилганларни интизомли дейишди.Вирусдан омон қолай деган оналар уйида болаларини бағрига босиб, эртак айтиб берди. Топишмоқ, шеър айтишни ўрганди. Топишмоққа жавоб топишни ўрганди. Онлайн дарсларига ёрдам берди, бирга-бирга ўқитувчи бўлиб ўқитди.Бу хил интизомга мажбурий кўникди. Уйда ўтириб қонунларни ҳурмат қилди, Президентимиз кунора таъкидлаётган "Бу балодан халқни интизом қутқаради, темир интизом қутқаради, интизомли бўлайлик, интизомли бўлайлик!" деган хитобига ҳурмат кўрсатишди - риоя қилишди. Интизомсизлар интизомли бўлишни ўргандилар. Кўриб турдим -ҳеч ким айтмаса ҳам аёлим, болаларим, невараларим ва бошқа минглаб кишилар заруратдан кўчага, дўконга чиқсалар, юзига ниқоб тақдилар.Дорихонадан кунига 3-4 та тиббий ниқоб сотиб олдилар.
"Мана бу арифметик масалани тушунтириб беринг, неварам иккимиз тушунмаяпмиз,- дея уйимизга кириб келади умрида қўлига китоб ушламаган ён қўшнимиз Мастура опа.- Телеканалдан онлайн юборилаётган дарс мавзуси, биз тўғри ечсак муаллими баҳо қўяди."
-Жуда яхши-да, Мастура опа, - дейман аёлнинг 2-синфда ўқиётган набирасининг дарсларига ёрдамлашаётганидан хурсанд бўлиб. Арифметик масала шартлари ва ечимини буви билан набирага тушунтириб бераман. Бирпасда жавоби тайёр бўлади. Илмни, мактабни, ўқитувчи меҳнатини тушуниб, қадрлаб,юракдан ҳис этаётганлар кўпайгани яхшида."Ўқитувчининг жонига тўзим берсин-е,- дейди аёл.- Икки ойдан бери уч неварамга дарс ўргатаман деб эсим оғиб қолаёзди.Бошим оғрийди. Карантин тугаб инфекцияга чалинганлар тезроқ тузалса, тезроқ мактаб, боғча очилсайди"
Она-бола эшикка йўналаркан, енгил йўталган неварасига "Касал бўлманглар, ҳозир шифохона ҳам банд, дўхтирлар ҳам банд", деди елкасини қоқиб
Ҳафтада бир кун дўконга, дорихонага, бозорчага чиқаман. Йўлда учраган танишлар оралиқ масофа сақлаб юзида ниқоб билан бош ирғаб саломлашади.
-Юрагим зўр ишлаяпти, - дейди доимо ҳазил-ҳузул қиладиган дўкондор ҳам тўйхона-ресторан соҳиби Шавкат ака.- Шу десангиз жўра, тўйиб овқат еявериб, қорин қўйиб ҳаётнинг мазмунини унутиб қўйган эканмиз. Ҳар куни тўй, меҳмонлар кетгач ошпазлар иззат кўрсатиб дастурхон ёзишади, "юз-юз" бўлади, маишат, текин таом, ярим оқшом... кейин юрак безовта қилишини кўринг. Ухлаёлмай безовталикдан ўлиб қолаёзардим.Карантин, пандемия кўзимни очди - мана, бўларкан-ку! Соғлом турмуш тарзи, энг зўри - интизом! Соғлом, отдекман! Энди худо хоҳласа, юзга кираман. Уйда, кўчада тартиб-интизом. Насиб бўлса, карантин тугаса, тўйларни ихчам ўтказиш, 100 кишини таклиф қилиб кексалар дуосини олиш, бўлди! Маъқулми? Одамлар ўрганди, бадавлатлар муҳтожлар ҳолини кўрди, уларга ёрдам беришни ўрганди.
Бир-икки кун ҳушёр юрмаса, беш кун сархуш, чиркин юрадиган ва баланд овозда гапирадиган Насим ака ҳам уст-боши тоза-озода, соч-соқоли олинган, интизомли. Қон босими доимо юқори юрадиган нафсиламри бандалар ўз-ўзидан тузалиб қолди.- дори ичмаяпти, дўхтирга бормаяпти. Сабаби, коронавирус инфекцияси юқмасин, уйда ўтирайин, дейди. Кўп емайди ва кўп ухламайди. Вирусдан омон қолайин , деб ўзи, болалари ва оиласи интизомга ўрганди.Гигиена қоидаларига риоя қилаяпти.
Дезинфекция шарофати туфайли уйда, ҳовлида, кўчада ҳашаротлар -пашша, чивин йўқ, дайди ит ва мушуклар санғимаяпти. Чунки, чиқинди тўпланмаяпти, дезинфекция таъсири кучини кўрсатаяпти. Диёримизга қанотлари чиройли, рангли қушлар учиб келди.Лайлакни кўрмаганимга ўн йиллар бўлувди.Баланд оқ теракнинг учида иккита лайлак ин қурибди. Янги қушлар сайраши ёқимли, патлари,қанотлари яшил, кўк ва сариқ, кўзлари чиройли қушлар айвонимизга ин қурибди. .Боиси, атроф-муҳит ҳавоси мусаффо, экология тоза бўлди.Машиналардан заҳарли тутун чиқмаяпти.
Карантин қоидалари эрта-индин юмшатилиб, одамлар ўзини, ҳаётини ўзлари асрайдиган бўлишмоқда. Ниқоб тақишни одат қиламиз, соғлом турмуш тарзига қатъий риоя қилинади. Ҳар қадамда шахсий гигиена. Тўйларга, меҳмондорчиликка боравериб ҳаётнинг асл мазмун-моҳиятини эсдан чиқариб қўяёзганлар энди "Ҳаёт картаси"ни тузиб, унга риоя қилишмоқчи.Соғлом турмуш тарзи, уйда ўтириш, сабр-тоқат, сукут, фарзандлар шодлиги ва қувончи, булар -умр саодати, масъулият! - сўровимга юзлаб кишилар шундай жавоб беришди.- Дунё мамлакатларидаги пандемиянинг аянчли аҳволи, нохуш вазият, даволаниш мураккаблиги, шифокорлар етишмаётгани, ўлим ҳолатлари одамни ҳушёрликка чорламоқда.Тириклик неъмати нақадар азиз, умр-жон омонат.
-Ҳаёт баъзан ўта шафқатсиз бўлади,- дейди психолог танишим.- Дард бошингга соя солса, ҳеч ким суянчиқ бўлолмайди. Буни коронавирус инфекциясига чалинган юзлаб беморлар нигоҳида кўрдик, соғайиб шукрона айтиб шифокорларга миннатдорлик билдиришмоқда. Бошида ҳукуматимиз, муҳтарам Президентимиз суюнчиқ бўлишди. Биронта одам ҳалок бўлмайди, ҳаммалари соғаяди, ҳамма имкониятимиз етарли, деди юксак ишоч билан давлатимиз раҳбари. Интизом, ҳа, темир интизомгина омон сақлади халқимизни. Ҳаётда тушунтириб бўлмайдиган ҳодисалар бор, Covid -19 ҳодисаси одамларни бирликка, оғир кунларда бир-бирларини қўллаб-қувватлашга, муҳтожларга кўмак беришга ўргатди. Оиласи, уйи, фарзандлари даврасида йиллаб ўтирмайдиганлар борлиги маълум бўлди. Интизом одамларнинг ҳаёт тарзига айланди.Ота-оналар зиммасига катта масъулият юклади- педагог бўлди, педагог меҳнати қадрини англади. Мактабни хушламайдиган ўқувчилар мактабхонани соғинди, синфдошлари, дўстларини соғинди. Мактаб ижтимоий институт, ўқувчининг иккинчи уйи, иккинчи оиласи.Бу ерда тарбия бор, бола ҳаёти, келажаги мужассам. Муаллим иккинчи она. Буни кўпчилик ота-оналар тушунмасди, энди тушунди.
Интизом меҳр-оқибатнинг бир неъмати экан, қадру қиммат, хотиржамлик ёр бўлсин, барчамиз соғ-омон бўлайлик...

Убайдулло СИРОЖЕВ


Дата добавления: 20/05/2020 16:05;   Просмотров: 761
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку