Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ИНТИЛГАННИНГ ҚЎЛИ БАЛАНД

Ёшларни маънавий жиҳатдан етук, меҳнатсевар, ҳозирги замон технологияларини пухта эгаллаган, иродаси бақувват, виждон-иймони бутун, юксак салоҳиятли авлод этиб тарбиялашда тизимли таълим-тарбияни оилада, касб-ҳунар даргоҳида, ишлаб чиқариш корхоналарида янада мустаҳкамлаш лозим.

Таҳлилларга кўра мамлакат аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этишини инобатга олган ҳолда улар ўртасида ватанпарварлик ва соғлом турмуш тарзини жорий этиш учун барча шароитлар муҳайё этиб келинмоқда. Ўрта махсус ўқув юрти талабалари ўзларининг якка тартибдаги амалиётини қўлга киритиш мақсадида чет элга боришни ҳавас қилмасдан, шу азиз Ватаннинг дилбанди сифатида жон куйдириб меҳнат қилишга камар- баста бўлиб интилсалар келажакда бахтли ҳаёт кечириш уларники.
Ота-боболаримиз бежизга узоқнинг буғдойидан яқиннинг сомони яхши, демаган. Чет элда ғарибона мардикорликдан кўра ўз уйинг – ўлан тўшагинг деганларидек, замонавий лойиҳали қурилиш объект-ларида ғишт терувчилик, сувоқчилик, пайвандчилик сингари касбларга эҳтиёж жуда катталигини айтмоқчиман.
Айрим нодон ёшларимиз қачонгача бегона юртларда сарсон-саргардонликда яшаб юришни маъ-қул биладилар. Ўша юртдан топадиган пулни шу ерда – ўзимизда ҳам ишлаб топсалар бўлади-ку! Нодоннинг жони азобда, деганлари балки шудир! Масалан, агар қурилишда 1 дона ғишт териш 100-130 сўм, 1 метр квадрат сувоқ 5-6 минг сўм, 1 метр квадрат бўёқлаш ишлари 4-5 минг сўм турса, бир кунда 150-155 минг, бир ойда 3.600 минг сўмни ташкил этади.
Қурилишларимизда ишлайдиганлар асосан вилоятимизнинг Нарпай, Пахтачи, қўшни Навоий вилоятининг Хатирчи туманидан.

Ўзимизнинг тумандошларимиз саноқли. Олдингдаги ариқнинг суви бўтанамикан, киндик қони тўкилган тумандошларимиз табаррук маконда ишлашни хоҳламаяптилар. Улар асосан туман раҳбарлари, ИИБ ходимлари ва маҳалла фаолларининг минг бор тушунтиришларига қарамай, ўзбошимчалик билан хорижни кўзлайдилар.
Дилсўзлик ун-садоси фақат кўнгил ичида қолиб кетмайди. У бонг бўлиб халқ, Ватан фарзанди ҳайқириғига айланиб, яқинларни тўғри йўлга даъват этади, ундайди. Бундай даъватни ота-она, ёр-биродар, халқ нойиблари айтадилар. Бу даъватлар беғубор, самимий, куюнчаклигидан фидойи қалб тандиридан аланга олиб чиқади.
Зеро, халқимиз фарзандлари баркамол авлод бўлиши, дунё бўйлаб нуфузи ошиши, ҳақиқий интеллектуал тафаккур, мустақил фикр, кенг дунёқараш соҳиби бўлиб шаклланиши учун пойдевори мустаҳкам илм даргоҳлари, замонавий турли тўгараклар, кўркам спорт мажмуалари, стадионлар, сув ҳавзалари каби етарли шарт-шароитлар мавжуд. Бир сўз билан айтганда, ёшлар – мустақил Ўзбекистонимиз келажаги, жамиятнинг таянчи ва ажралмас қисми.
Навқирон авлодимизни ҳар томонлама миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқ, Ватанимиз, халқимизга меҳр-муҳаббатли, юксак марраларни кўзлайдиган инсонлар этиб камол топтириш – бугунги ҳаётимизнинг талаби.

Даврон ИСЛОМОВ, туман Кенгаши депутати


Дата добавления: 14/04/2017 15:44;   Просмотров: 1510
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку