Инсоният ақл-заковатининг маҳсули бўлган шундай кашфиётлар борки, улар бир пайтнинг ўзида ҳам эзгуликка, ҳам ёвузликка хизмат қилиши мумкин. Ҳар қандай кашфиёт каби интернет ҳам инсонларнинг интеллектуал салоҳиятининг натижаси ҳисобланади. Биз интернет ёрдамида исталган маълумотларга жуда тез вақт оралиғида эришишимиз, масофадан туриб таълим олишимиз, хорижда яшаётган қадрдонларимиз билан суҳбатлашишимиз ва ҳаттоки электрон адабиётлардан баҳраманд бўлишимиз мумкин.
Аммо, бугунги кунда бутун инсоният ҳаётига хавф солаётган диний экс-тремистик оқимлар ҳам ўз тарафдорлари сонини кўпайтириш ва бузғунчи ғояларини ташвиқот қилишда интернет тизимидан кенг фойдаланмоқда. Қайд этиш жоизки, сўнгги йилларда террорчилик ташкилотлари ғояларини тарғиб қилишга қаратилган веб-сайтларнинг сони бир неча баробарга ошган. Айтайлик, 10 йил аввал бундай сайтлар сони 20 та бўлса, бугунги кунда тероррорчилар фойдаланаётган 7000 дан ортиқ интернет сайтлари мавжуд бўлиб, уларга хизмат кўрсатувчи порталлар сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Бундай сайтларга зўравонлик, ахлоқсизлик, тайинсиз секталар, ўзларини аллақандай диний жамоа вакиллари деб номлаётганларнинг чиқишлари ҳамда ғоялари жойлаштирилмоқда.
Деярли барча кўринишдаги экстремистик ва террорчи оқимлар, асосан, ижтимоий-психологик ва мафкуравий таъсир омилларига катта эътибор қаратишади. Экстремистик ҳаракатлар таъсири остида шаклланган веб-саҳифалардаги ахборотлар ҳам уларнинг ғоялари билан йўғрилганлигини таъкидлаш керак. Албатта, бундай ахборотларни ўзлаштирган кишиларнинг фикрлари ва қарашлари ҳам уларнинг таъсири остида шаклланишига туртки бўлади.
Шунингдек, ушбу тоифадаги сайтлар бир томондан, террорчилик ташкилотининг фаол аъзоларига, иккинчи томондан, террорчиларнинг асл мақсад-муддаоларини билмайдиган, уларни "курашчилар", "мухолифат" ва шу кабилар сифатида қабул қилишга ўрганган одамларга мўлжалланган. Шунинг учун ёшлар ҳаёти ва тарбиясига катта хавф солаётган, бутун жаҳонда бало-қазодек тарқалиб бораётган бундай хуружларга қарши курашиш ҳаётий заруратга айланмоқда.
Ҳозирги пайтда диний экстремистик оқимлар интернетга ўз ақидаларини секин-асталик билан сингдириб, маълум вақт ўтиши билан интернет орқали кўрсатмалар берган ҳолда ўзларининг мудҳиш жиноятларини амалга оширмоқда.
Ғаразли мақсадларни кўзлаган бундай кучларга қарши курашишда эса, маънавият энг катта қурол бўлиб хизмат қилади. Шундай экан, вояга етаётган ҳар бир фарзандларимизни кучли мафкуравий иммунитет ва юксак маънавиятга эга шахс сифатида тарбиялаш муҳим аҳамиятга эга эканлигини унутмаслик лозим.
Тошпўлат ЮСУПОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.