Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ИНСОН МАНФААТИ ХАЛҚ БИЛАН МУЛОҚОТДА АЁН БЎЛАДИ

Инсон дунёга нима учун туғилади? Ҳар бир киши бу саволга, агар у инсонпарварлик туйғуси билан яшаётган бўлса, бахт учун, дунё неъматларидан баҳраманд бўлиш учун, дея жавоб бериши аниқ. Чунки инсоннинг умри бетакрор, унга берилган ҳаёт Аллоҳ томонидан инъом этилган.

Биз тараққиёт даврида яшаяпмиз. Илм-фан, техниканинг ривожи билан бирга, жамият ҳаёти ҳам тубдан ўзгарди. Мустамлакачилик, одамларнинг ирқий камситилиши, бир-бирига қарамлигига чек қўйган ХХ аср ўз даврининг биринчи ярмини инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини халқаро миқёсда мустаҳкамлаган ҳужжат қабул килиши билан якунлади. 1948 йилнинг 10 декабрида БМТга аъзо давлатлар томонидан маъқулланган «Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси» бутун халқаро ҳамжамиятнинг мақсад ва умидларини ўзида мужассам этган мурожаатнома бўлди, дейиш мумкин. Чунки турли сиёсий тизимлар, мафкуравий қарашлар, диний ва маданий қадриятлари билан фарқ қиладиган, ижтимоий-иктисодий ривожланиш моделлари ҳам турлича бўлган давлатлар бир мақсадда – инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун бирлашдилар.

Ўшандан буён давлат ва жамият учун инсон ҳуқуқларини кафолатлаш асосий ўринга чиқди ва бу ҳуқуқ давлатларда Конституция билан кафолатланади. Инсон ҳуқуқлари инсоннинг ажралмас олий қадрият бўлиб, агар у суд томонидан чекланмаса, ҳеч ким бу ҳуқуқдан уни маҳрум этиши мумкин эмас.

Ўзбекистон мустақиллигини ҳуқуқий жиҳатдан тасдиқлаган Асосий Қонунимизда жаҳон конституциявий тажрибаси ҳисобга олиниб, унда жамики дунёвий қадриятлар орасида энг улуғи – Инсон, деган муқаддас тушунча илгари сурилди, яъни ҳамма нарса инсон учун, инсон манфаати учун. Шўро тузуми даврида давлат манфаатлари шахс манфаатидан устунлиги қатъий белгиланган бўлса, Конституциямизда давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъуллиги белгилаб қўйилди (2-модда) ва шахс манфаати давлат манфаатидан устунлиги (13-модда) эътироф этилди.

Шу ўринда Республикамизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қўйидаги сўзлари ўз аҳамиятини йўқотмаганини қайд этиш лозим. "Конституциянинг ҳуқуқий ҳужжат сифатидаги қиммати шундаки, у жамият аъзоларининг тенглигини қайд этади, унга кафолатлар беради. Дарҳақиқат, раҳбарми, оддий ишчими, у амалда тенгдир, шу халқнинг вакилидир. Бизда айрим раҳбарлар мансаб курсисига эришгани ҳамоно халқдан ўзини ажратишга уринади. Аслида мансаб халқдан ўзини устун сезиш учун эмас, унга сидқидилдан хизмат қилиш учун берилади. Халқ орасидан ажралиб туришнинг биргина кўринишини оқлаш мумкин. У ҳам бўлса, фидойилик, бошқалардан кўра кўпроқ меҳнат қилиш."

Афсуслар бўлсинки, жойларда, ҳатто марказда ҳам турли соҳаларда фаолият юритаётган айрим раҳбарлар бу ибратли сифатларга етарли эга эмасликлари 2016 йилнинг 25 сентябрида Бош вазирнинг интернет тармоғида электрон қабулхона ташкил этилгандан кейин билиниб қолди. Аҳоли билан алоқа килишда бу усул жуда қулай бўлиб, истаган одам интернет орқали ҳукумат раҳбарига мурожаат қилиш имкониятига эга бўлди. Илгарилари бошлиқлар фуқароларни қабул қилишга ҳафтанинг маълум бир кунида бир-икки соат вақт ажратишган бўлишса, эндиликда уларнинг кўпчилиги фуқароларни ҳар куни қабул қилишларини маълум қилишди. Афсуски, эскича ишлаш услубидан қутила олмаган айрим бошлиқлар томонидан, ҳатто Бош Вазирнинг ягона порталига келиб тушган мурожаатлар ҳам ўз вақтида кўриб чиқилмади ёки пайсалга солинди. Натижада уларга нисбатан ўз вазифасидан озод этилишигача бўлган чоралар кўрилди ва келгусида ҳам бундай салбий ҳолатлар қаттиқ жазоланиши огоҳлантирилди.

Давлат раҳбари томонидан 2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатари йили” деб эълон қилиниши бежиз эмас. Конституцияга бағишланган маросимда қайд этилганидек : “Бугун ҳаётимизнинг ўзи Конституциямизда ифодасини топган энг асосий мақсад – инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш масаласини долзарб вазифа қилиб қўймоқда. Инсон манфаатларини таъминлаш учун эса аввало одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш керак”.

Юртимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг мақсади, мухтасар қилиб айтганда, шундай - аждодлардан мерос бўлиб келаётган орзу-ҳавасларга эришиш, болаларига илм-ҳунар бериб, уйли-жойли қилиш, уларнинг роҳатини кўриш. Ота-боболаримиз бугунги ҳаётимизни орзу қилиб яшаб ўтдилар. Биз эса фарзандларимиз янада бахтиёр ҳаёт кечиришларини истаймиз. Бунга эса иқтисодиётимизнинг юксак суръатлар билан барқарор ривожлантириб, аҳолининг, биринчи навбатда ёш авлоднинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш билан қонун устуворлигини таъминлаш орқали эришишимиз мумкин. Чунки, мустақил тараққиётимизнинг янги даври шуни тақозо этмоқда.

Хуршид НУРУЛЛАЕВ

 

 

 

 

 


Дата добавления: 10/02/2017 16:13;   Просмотров: 1640
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку