Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 1948 йил 10 декабрда Францияда, Париждаги Шайо саройида қабул қилинган.
Инсоният оиласининг ҳамма аъзоларига хос қадр-қиммат ва уларнинг тенг, ажралмас ҳуқуқларини тан олиш эркинлик, адолат ва ялпи тинчлик асоси эканлигини эътиборга олиб;
инсон ҳуқуқларини менсимаслик ва уни поймол этиш инсоният виждони қийналадиган ваҳшиёна ишлар содир этилишига олиб келганини, кишилар сўз эркинлиги ва эътиқод эркинлигига эга бўладиган ҳамда қўрқув ва муҳтожликдан ҳоли шароитда яшайдиган дунёни яратиш инсонларнинг эзгу интилишидир деб эълон қилинганлигини эътиборга олиб;
инсон охирги чора сифатида зулм ва истибдодга қарши исён кўтаришга мажбур бўлишининг олдини олиш мақсадида инсон ҳуқуқлари қонун кучи билан ҳимоя этилиши зарур эканлигини эътиборга олиб;
халқлар ўртасида дўстона муносабатларни ривожлантиришга кўмаклашиш зарурлигини эътиборга олиб;
Бирлашган Миллатлар халқлари инсоннинг асосий ҳуқуқларига, шахснинг қадр-қимматига, эркак ва аёлнинг тенг ҳуқуқлилигига, ўз эътиқодларини Низомда тасдиқлаганликлари ҳамда янада кенгроқ эркинликда ижтимоий тараққиёт ва турмуш шароитларини яхшилашга кўмаклашишга аҳд қилганликларини эътиборга олиб;
аъзо бўлган давлатлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ялпи ҳурмат қилиш ва унга риоя қилишга кўмаклашиш мажбуриятини олганлигини эътиборга олиб;
мазкур ҳуқуқлар ва эркинликларнинг характерини ялпи тушуниш ушбу мажбуриятларнинг тўлиқ адо этилиши учун катта аҳамиятга эга бўлишини эътиборга олиб;
Бош Ассамблея Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини барча халқлар ва барча давлатлар бажаришга интилиши лозим бўлган вазифа сифатида эълон қилар экан, бундан муддао шуки, ҳар бир инсон ва жамиятнинг ҳар бир ташкилоти доимо ушбу Декларацияни назарда тутган ҳолда маърифат ва таълим йўли билан бу ҳуқуқ ва эркинликларнинг ҳурмат қилинишига кўмаклашиши, миллий ва халқаро тараққийпарвар тадбирлар орқали ҳам унинг бажарилиши таъминланишига, Ташкилотга аъзо бўлган давлатлар халқлари ўртасида ва ушбу давлатларнинг юрисдикциясидаги ҳудудларда яшаётган халқлар ўртасида ялписига ва самарали тан олинишига интилишлари зарур.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.