Мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар миллий давлатчилик ва суверенитетни мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни, давлатимиз чегаралари дахлсизлигини, жамиятда қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини таъминлаш учун муҳим пойдевор бўлди, халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, фуқароларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратди.
Иқтисодиётда маъмурий буйруқбозликка асосланган бошқарув тизимидан мутлақо воз кечилиб, бозор ислоҳотлари босқичма-босқич амалга оширилгани ва пул-кредит сиёсати пухта ўйлаб олиб борилгани макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиётнинг юқори суръатлар билан ўсишини, инфляцияни прогноз кўрсаткичлари даражасида сақлаб қолишни таъминлади ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш учун кенг имкониятлар ва қулай шароитлар яратилишига хизмат қилди.
Олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимизни модернизация қилиш ҳамда ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш бўйича устувор йўналишларни амалга ошириш мақсадида 2017 йил 7 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тасдиқланди. Ушбу Стратегия давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришни, қонун устуворлигини таъминлашни ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишни, иқтисодиётни ривожлантиришни ҳамда эркинлаштиришни, ижтимоий соҳани ривожлантиришни, хавфсизликни, миллатлараро тотувликни ва диний бағрикенгликни таъминлашни назарда тутади.
2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишларидан бири суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш ҳисобланади. Бу, ўз навбатида, мустақилликнинг илк йилларидан мазкур соҳани демократик ва умуминсоний тамойилларга мувофиқ ислоҳ этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг сифат жиҳатидан янги поғонага чиқишидан далолат беради.
Мамлакатимиз Конституциясида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият экани белгиланиб, айни мезон асосида барча соҳада қонун устуворлигини ва қонунийликни, фуқаролар манфаатларини таъминлаш, одил судловга эришиш мақсадида изчил ислоҳотлар рўёбга чиқарилди. Шу ҳақда сўз юритганда, Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги "Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони соҳада янги саҳифа очганини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиздир.
Мазкур ҳужжат ижроси доирасида қабул қилинган "Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун суд-ҳуқуқ ислоҳотларини янги босқичга кўтаришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг "Судлар тўғрисида"ги, "Прокуратура тўғрисида"ги қонунларига, шунингдек, Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал ва Жиноят-ижроия кодексларига инсон ҳуқуқлари устуворлиги, суд муҳокамасининг адолатли ва ўз вақтида ўтиши, жазонинг одиллиги ва инсонийлиги кафолатларини кучайтириш ҳамда одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, прокурорларнинг почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш, мурдани эксгумация қилишга санкция бериш бўйича ваколатлари судларга ўтказилди, назорат инстанциясининг вазифалари Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари ва Раёсатига юклатилганлиги сабабли Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари ҳамда улар раёсатининг ишларни назорат тартибида кўриш ваколатлари чиқариб ташланди, тегишли суд раислари ва прокурорларининг назорат тартибида протест келтириш бўйича ваколатлари бекор қилинди.
Бу ўзгартиш ва қўшимчалар "Хабеас корпус" институти қўлланилишини янада кенгайтиришга, тергов устидан суд назоратини кучайтиришга, суд қарорларининг қонунийлиги, шунингдек, суд процесси муддатлари ва сифатига салбий таъсир кўрсатувчи ортиқча оралиқ инстанцияларни бартараф этишга асос яратади.
Ушбу Қонун нормаларининг ҳаётга татбиқ этилиши суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини оширишга, одамларнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлашга туртки беради.
Камолиддин ТЎХТАЕВ,
Тайлоқ туманлараро иқтисодий суди раиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.