Зукко газетхонларимиз агар эътибор билан кузатиб бораётган бўлса, кейинги бир йилга яқин вақт мобайнида туман ҳокими бутун туман ҳудудини кезиб, жойларда уй-жой, коммунал хизмат, газ, сув, электр энергияси таъминоти, ички йўллар сифати ҳамда транспорт қатновини яхшилаш, ободонлаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари аҳволи, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, оила ва маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга кўмаклашиш сингари қатор йўналишларда мавжуд бўлган кўплаб муаммоларни жойида ўрганиб, натижада, улар бартараф қилинаётганлиги ҳақида газетамизнинг деярли ҳар бир сонида мақолалар чоп этиб борилмоқда.
Албатта, бугун давлат идоралари вакиллари халққа яқинлашиб, уларнинг дардини, муаммоларини тинглаётгани, долзарб масалаларга ечим топилаётгани кўпчилик аҳолимизни мамнун этмоқда. Лекин, баъзи мансабдор шахсларнинг ҳали ҳам юртимизда кечаётган қизғин ислоҳотларни тўла англаб етмаётгани, замонга муносиб тарзда ҳаракат қила олмаётгани кечириб бўлмас ҳолдир.
Ушбу мақола ҳам олдингиларининг мантиқий давоми сифатида ҳокимнинг ҳудудларга қайта ташрифига бағишланади. Эрталабки соат 6.30 да борар манзилимиз «Чордара» ММТП ҳудудидаги «Дўстлик» МФЙ сари йўл олдик. Ҳамроҳимиз туман ҳокимлигининг жисмоний ва юридик шахслар мурожаати бўйича масъул ходими С.Мардонов йўл-йўлакай ҳоким бундан уч ой олдин «Дўстлик» МФЙ да бўлиб, у ердаги муаммолар ечими бўйича мутасадди раҳбарларга берган топшириқлар ижросини назорати юзасидан қайта ташриф буюраётганини айтди.
Дарҳақиқат, Хишрав қўрғонининг шундоққина тепа қисмида жойлашган сўлим ва хушҳаво маҳаллага кираверишда қарийб 2 км.га яқин, қайта реконструкция қилинган, қум, шағал тўкилиб, асфальт ётқизишга ҳозирлаб қўйилган текис йўл дилимизни равшан этди. Буни пайқаган ҳамроҳимиз ҳоким топшириқларидан бири айнан шу йўлга асфальт ётқизиш эди, деб бизни огоҳлантирди. Йўлнинг ўнг томонида катта-катта ер участкалари деворлар билан ўраб олинган қурилиши чала уй-жойлар ҳам диққатимизни тортди. Маҳалла марказига етиб борганимизда аллақачон маҳалла фаоллари, тадбиркору фермерлар йиғилишиб бўлган экан. Соат 7.20 лар чамаси ҳудудни айланиб чиққан туман ҳокими ҳам маҳалла марказига келди. Унинг кайфиятидан топшириқлар ижроси борасида қилинган ишлардан норози эканлиги билиниб турарди.
- Ер сотган одамнинг икки дунёси ҳам барбод бўлади, - деди ҳоким куюнчаклик билан ва мутасаддиларга юзланиб.
- Қани ўзбошимчалик қилиб ерни эгаллаб, ноқонуний уй-жой қураётганлар тўғрисидаги маълумот-деб сўради. Афсуски, бу саволга на туманнинг бош «земламери» ва на ММТП мутасаддилари жўяли бир жавоб қайтаришди. Аксинча, улар елка қисишдан нарига ўтишмади. Аслида бу алоҳида мавзу бўлсада, ҳурматли газетхонларимизга очиқ бир ҳақиқатни эслатиб ўтмоқчимиз. Бу ишлар ўз-ўзидан эмас балки, турли қинғир йўллар (коррупция) орқали қайсидир «олғир»ларнинг манфаатдорлиги эвазига амалга оширилади. Корррупция бу давлатнинг ҳам, жамиятнинг ҳам кушандаси ҳисобланади. Кейинги мақолаларда бу мавзуга яна тўхталамиз.
Хайриятки, шу куни МФЙ раиси А.Рустамов ҳокимнинг саволларига оз бўлса-да, салмоқли жавоб қайтарди. Маҳалла оқсоқолининг айтишича тез кунларда маҳалла маркази янги бинога кўчиб, эски бино ҚВП га мослаштирилади ва аллақачон битта хонада шифокорлар беморларни қабул қилишни бошлаб юборишган. Шунингдек, ҳудуддаги 5-умумтаълим мактабининг 6 та синфхоналари ҳам ҳомийлар ва тадбиркорлар кўмагида капитал таъмирдан чиқариш арафасида.
Шундан сўнг, ҳоким бошчилигида 5-умумтаълим мактабига бордик. Ҳақиқатан ҳам бу ерда 6-та синфхоналар сифатли жорий таъмирланганлигига амин бўлдик. Ҳоким бу ишларни яна давом эттириб, қолган синфхоналарни ҳам таъмирдан чиқариш, коридордаги эшик-ромларни ҳам алмаштиришга кўрсатма ва топшириқлар берди. Мактаб ҳовлисини тартибга келтириш, ободончилик ишларига эътибор қаратиш мактаб директорига уқтирилди.
Бизни ҳайратга солган нарса шу бўлдики, булар маҳалланинг ёнбошида бўлган 1,5 гектардан зиёдроқ токзор ўртасида қурилиши битмаган ноқонуний уй-жой ва яна кўплаб уй-жойларнинг бетон пойдеворлари, ажабо бунга ким рухсат берди экан.
- Йўқ, уларга рухсат берилмайди, - деди ҳоким. - Ноқонуний бўлган «сохта» қарорларни бариси бекор қилинди. Ҳоким вилоятнинг тегишли ташкилотларига қўнғироқ қилиб маслаҳатлашган ҳолда, амалдаги тартиб-қоидаларга мувофиқ энди бу ернинг 0.30 гаси МФЙ ҳисобига, қурилиши чала иморат эса хусусий болалар боғчаси қуриш истагида бўлган тадбиркорларга ва қолган қисми эса иссиқхона қурилишига ажратилажагини айтди. Шу жойнинг ўзида мутахассислар томонидан ер ўлчаниб, 0.30 га ерда 25 кишилик ҳаммом ва мини-футбол майдончаси барпо этиш МФЙ ҳамда ММТП раисига топширилди. Ярим тайёр бинони 100 нафар болага мўлжаллаб хусусий боғчага айлантириш ва иссиқхона қуриш вазифаси тадбиркорларга топширилди. Шунингдек, улар билан юқорида зикр этилган кўчани асфальтлашда ҳомийлик қилишга ҳам келишилди.
Ҳа, ҳокимнинг ушбу маҳаллага қайта ташрифи бесамар кетмади. Энди улар қанчалик рўёбга чиқади, кўрамиз. Халқимизда «инсоф сари барака» деган ибора беҳудага айтилмайди. Хоҳ у раҳбардир, хоҳ тадбиркор ўз ишига виждонан, инсоф билан ёндошса, албатта унинг самараси бўлади. Чунки, Аллоҳ ҳам инсофли, диёнатли, элимга, юртимга нафим тексин деган бандаларини ишига доимо баракот ато этади.
Хотима ўрнида таъкидлашни истардикки, балки кимлардир хўш нима бўпти, ахир бу туманнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига жавобгар бўлган ҳокимнинг вазифаси-ку, дейиши мумкин. Шоядким, улар ҳақдир. Аммо диёнат билан айтсинларчи, бу ҳолат олдин қачон бўлган эди?! шунинг учун ҳам биз ўзимиз кўриб, гувоҳи бўлган реал воқеликни ўз ҳолича қоғозга туширдик, холос. Зеро, муҳтарам Юртбошимизнинг барча раҳбарларга қўяётган талаби ҳам худди шундай.
Тошпўлат ЮСУПОВ,
«Гулобод тонги» газетаси махсус мухбири
Сурат муаллифи Бекзод ҚОДИРОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.