Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ҚИНҒИР ИШНИНГ ҚИЙИҒИ...

Яшаш жойни обод ва кўркам қилиш халқимизга хос фазилатдир. Албатта, мевали ва манзарали дарахтларга бурканган ҳовлида гулу райҳонлар бўй таратиб турса, кишига хуш кайфият бахш этади.

Ёки мўжазгина ҳовлисида қишин-ёзин турли сабзавот экинлари, кўкатлар ўстириб рўзғорни таъминлаш ҳам қандай яхши. Аммо мана шундай бетакрор ифор таратадиган гулу райҳон, сабзавоту кўкатлар ўрнига одам саломатлигига зиён етказувчи гиёҳлар экиш, уни парвариш қилиш бу соф ниятли инсонлар иши эмас. Туман ҳудудида яшовчи фуқаро Зайнура Аслиева (исм-фамилияси ўзгартирилган) ҳам ўз ҳовлисининг экин майдонидан унумли фойдаланиш ўрнига таркибида гиёҳванд моддалар бўлган ўсимликни экиб, мўмай даромад қилишни кўзлади. Ўсимликни гўёки, гулдек парвариш қилаётган Зайнура ўзининг ғаразли мақсадларига эриша олмади. Туман ички ишлар идораси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбир давомида З.Аслиева эккан «гуллар» аслида кўкнори бўлиб чиқди.
Халқона таъбир билан айтганда қинғир ишнинг қийиғи чиқди. Мазкур иш юзасидан ўтказилган суд мажлисида Зайнура бу ўсимликни манзарали гул кўчати сифатида эканлигини бот-бот такрорлаган бўлса-да, у айтган важлар иш бермади, чунки суриштирув давомида аниқланган далиллар унинг асл муддаосини ошкор қилди. Гувоҳларнинг кўрсатмалари, далилий ашёлар асосида айблов тўлиқ ўз тасдиғини топди. Суд фуқаро Зайнура Аслиевага 6 йиллик озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳаққининг 25 баробари миқдорида жарима жазоси тайинлади. Бироқ таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз қонунларида инсон манфаатлари бирламчи вазифа сифатида алоҳида эътироф этилган. Шу боис ҳам ҳар қандай жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик ҳолатларида жавобгарнинг аввало, инсоний қадр-қиммати эътиборга олинади.
Одил суд Зайнура Аслиеванинг ҳам илгари судланмагани, оилали, 1 нафар фарзанди борлигини инобатга олиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосини шартлига ўзгартирди ва 1 йиллик синов муддати белгиланди. Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 61-моддасига асосан тайинланган жазолар алоҳида-алоҳида бажарилиши қайд этилди.

Тошпўлат НУР


Дата добавления: 21/04/2017 11:46;   Просмотров: 1463
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку