Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 275 ва 290-моддаларига кўра, уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахсларнинг мол-мулки ва ер участкалари солиқ солишдан озод этилади.
Бунда имтиёзлар мулкдорнинг танлашига биноан фақат бир мол-мулк объектига ва битта ер участкасига тааллуқли бўлади. Имтиёзлар якка тартибдаги уй-жой қурилиши, деҳқон хўжалиги юритиш учун берилган ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органда рўйхатдан ўтган жисмоний шахсларга берилади.
Имтиёзлар жисмоний шахслар томонидан тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланиладиган ёхуд юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берилган солиқ солиш объектларига нисбатан қўлланилмайди.
Имтиёзларни олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар мол-мулк ва ер участкаси жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органларига ушбу имтиёзларга бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларни мустақил равишда тақдим этади. Ушбу ҳужжатларга уруш ногиронларининг тегишли гувоҳномаси ва мудофаа ишлари бўлимининг маълумотномаси киради.
Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳамда ер солиғини ҳисоблаб чиқариш давлат солиқ хизмати органлари томонидан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органнинг маълумотлари асосида амалга оширилади.
Календар йил мобайнида имтиёз ҳуқуқи вужудга келган тақдирда, жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ва ер солиғини қайта ҳисоб-китоб қилиш ушбу ҳуқуқ вужудга келган ойдан эътиборан амалга оширилади. Ер солиғи ва мол-мулк солиғи суммаси ва уни тўлаш муддатлари кўрсатилган тўлов хабарномаси давлат солиқ хизмати органлари томонидан жисмоний шахсларга имзо қўйдирилган ҳолда ёки тўлов хабарномаси олинганлигини ва олинган санани тасдиқловчи бошқа усулда ҳар йили 1 майдан кечиктирмай топширилади. Йил мобайнида имтиёзларга бўлган ҳуқуқлар вужудга келганида давлат солиқ хизмати органлари мазкур ўзгаришлардан кейин бир ой ичида ер солиғини қайта ҳисоб-китоб қилишлари ҳамда солиқ тўловчига ер солиғи сумммаси ва уни тўлаш муддатлари кўрсатилган янги ёки қўшимча тўлов хабарномасини тақдим этишлари керак. Ер солиғи ва мол-мулк солиғи ер участкаси ва мол-мулкнинг мулкдори яшаш жойидан қатъи назар, солиқ солинадиган объект жойлашган ҳудуддаги туман ёки шаҳарнинг маҳаллий бюджетига тўланади.
Д.РАВШАНОВ,
вилоят давлат солиқ бошқармаси
Ахборот хизмати бош мутахассиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.