Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ИМТИЁЗ ВА ПРЕФЕРЕНЦИЯЛАР БЕРИШ ТАРТИБИ ЎЗГАРДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 31 майдаги «Имтиёзлар ва преференциялар бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар (кейинги ўринларда имтиёзлар деб юритилади) қонунлар ва Президент ҳужжатлари билан барча тармоқлар, фаолият соҳалари, ҳудудлар учун берилади.
Божхона имтиёзлари бўйича янги тартиб
Имтиёзлар беришга, божхона тўловлари бўйича имтиёзлар қўллаган ҳолда олиб кириладиган (импорт қилинадиган) товарлар рўйхатларини тасдиқлашга доир ҳукумат ва идоравий қарорларни қабул қилиш бекор қилинади.
Энди бундай рўйхатлар ва уларга тузатишлар, имтиёзлар бериш тўғрисида қонун ёки Президентнинг ҳужжати мавжуд бўлган тақдирдагина, имтиёз берилган ташкилот томонидан шакллантирилади. Шакллантирилган рўйхатлар Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази томонидан текширилади. Унинг ижобий хулосаси рўйхатдаги товарларни божхона имтиёзларини қўллаган ҳолда импорт қилиш ҳуқуқини беради.
Имтиёзлар беришни назарда тутадиган НХХ лойиҳалари экспертиза учун ЛБМАга
Имтиёзлар беришни назарда тутадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ЛБМАда мажбурий тартибда экспертизадан ўтказилиши шарт. Лойиҳаларга сўралаётган имтиёзлар бўйича асослантириш ва тегишли ҳисоб- китоблар мажбурий тартибда илова қилинади, уларда лойиҳанинг мақсади, амалга ошириш муддати, киритилаётган инвестиция ва экспорт ҳажми, янгидан ташкил этиладиган иш ўринлари сони, яратилаётган ёки жорий этилаётган инновацион маҳсулот, технологик янгиликлар, прогрессив илмий изланишларнинг аниқ натижалари, ишлаб чиқариш, ишлар (хизматлар, солиқ тушумлари, имтиёзларнинг ҳисобланган суммаси ва бошқалар) ҳажмининг ўсиши кўрсатилади.
Тақдим этилган маълумотлар, жумладан:
• мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан истиқболли ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда, имтиёз ва преференцияларнинг алоҳида тармоқлар, фаолият соҳалари ва ҳудудларга таъсирини;
• берилаётган имтиёз ва преференцияларнинг бюджет ва жамият учун самарадорлигини;
• уларнинг рақобат муҳитига ва тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш нуқтаи назаридан кўриб чиқилади.
Имтиёзларнинг самарадорлигини, имтиёзлар суммасининг кутилаётган натижаларга ва қабул қилинган мажбуриятларга мувофиқлигини, берилган имтиёзларнинг мамлакатимиздаги, айрим тармоқ ва минтақалардаги ижтимоий-иқтисодий ривожланишга ҳамда рақобат муҳитига таъсири даражаси мониторинг қилинади ва баҳоланади.
ЛБМА берилган имтиёзларни муддатидан олдин тугатиш юзасидан Президент девонига асослантирилган таклифлар киритиш ҳуқуқига эга.

Ғайрат САТТОРОВ,
вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати ходими


Дата добавления: 20/07/2018 15:11;   Просмотров: 1116
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку