Адабий жараёнга кам-тум иштирок этиб келаётганим сабабли, мен ҳам вилоят студиясига таклиф этилиб, муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 3 август куни Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан ўтказган учрашувида иштирок этиш бахтига муяссар бўлдим.
Давлатимиз раҳбари қарийб тўрт соат давом этган маърузасида юртимиз ижодкорларининг бугунги фаолияти ҳақида гапириб, гарчи адабий ижод аҳлининг меҳнати нақадар машаққатли, масъулиятли ва шарафли экани ва улар ўзларининг бетакрор сўзларида инсон қалбини, унинг дарду ташвишларини, халқнинг орзу-интилишлари, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини тараннум этишни ўз ҳаётининг маъно-мазмуни деб билиши барчага маълум эканини эътироф этган бўлса-да, ижодкор зиёлиларимизнинг бугунги фаолияти жамиятимизни қониқтирадими, деган саволни ўртага ташлади ва бугунги кунда ижодкорларда фаоллик, янги-янги ижодий ғоя ва ташаббуслар билан яшаш, изланиш руҳи етишмаётганини очиқ-ойдин баён этди.
Дарҳақиқат, бугунги биз яратган ижодий муҳитни кузатсак, у қандайдир турғунликка тушиб, бир жойда депсиниб тургандек, кўпчилигимиз ўз ташвиш ва муаммоларимиз билан ўралашиб қолгандай таассурот қолдириши рост. Ҳолбуки, юртбошимиз таъкидлаганидек, ижод аҳли жамиятнинг энг олдинги сафларида бўлиши, ўз асарлари, фаол гражданлик позицияси билан одамларни эзгу мақсад ва марралар сари бошлаши, илҳомлантириши керак.
Маърузада бугунги кун асарлари асосан қалам аҳлининг шахсий ташаббуси билан яратилаётгани, уларда замонамиз қаҳрамонлари тасвири яққол намоён этилмагани таъкидланди. Ҳақиқатан, бугунги бунёдкорлик даври қаҳрамонлари бўлган қурувчи ва муҳандислар, дала заҳматкашлари, жонкуяр муаллим ва шифокорлар, жасур ҳарбийлар, навқирон ёшларимиз эришаётган ютуқ ва марралар асарларимиз мавзусини ташкил этмаяпти. Албатта, бу борада қандайдир интилиш ва ҳаракатлар кўзга ташланаётган бўлиши мумкин, лекин уларни маданий ҳаётимизда воқеа бўладиган етук ва мукаммал асарлар деб бўлмаслигини тан олмай илож йўқ.
Ижодий асарлар фарзандларимиз тарбиясига жуда катта таъсир кўрсатади. Юртбоши ўз сўзида буюк бобомиз Абдулла Авлонийнинг “бу масала биз учун ҳақиқатан ҳам ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир” деган фикрини келтириб, юртимизда тобора кенг тарқалиб бораётган “Ўз болангни ўзинг асра!” деган даъват амалий ҳаракатга айланиши учун ижодий ташкилотлар ўз масъулиятини қайта кўриб чиқиши лозимлигини уқтириб ўтди. Шу ўринда фаолиятимизни жонлантириш учун давлат ташаббусларидан етари фойдаланмаганимизни айтиб ўтмоқчиман. Маълумки, ҳокимликлар гуруҳида иштирок этган биз адиблар йилда ўртача бир ой меҳнат жамоалари, маҳала аҳли ва таълим муассасалари ўқувчи ҳамда талабалари билан ижодий учрашувларда бўламиз. Асосан “мастер класс” тарзда ташкил этиладиган бу тадбирларда жойларда бадиий ижодга қизиққан, асосан ёшлар кўплигига гувоҳ бўламиз. Лекин уларда ижодга иқтидор борлигини эътироф этган ҳолда келгусидаги фаолияти билан қизиқмаймиз. Эндиликда уюшма аъзоси бўлган ҳар бир ёзувчи ва шоирга йил давомида икки нафар иқтидорли ёшга ижодий кўмак бериб, уларнинг китобини чиқаришга бош-қош бўлиш вазифаси қўйилди. Агар ушбу иш амалга ошадиган бўлса, бадиий ижод майдони ҳар йили минглаб қаламкашлар билан бойиши ўз-ўзидан маълум бўлади. Бу эса маърифатнинг ўсишини таъминлайдиган омил. Ахир маданият соҳасида жаҳолатга қарши фақат маърифат билан курашиш ва у билан ёшларимизни ҳақиқий санъатни англашга ўргатиш, уларнинг эстетик оламини соғлом асосда шакллантириш мумкинлиги барчага аён-ку.
Президент маърузасида “Бугун биз “ижодкорларимиз ишламаяпти”, деб сизлардан, сизлар эса “давлат ёрдам бермаяпти”, деб бизлардан гина қилиб ўтиришимизнинг мавриди эмас.” деган гапни айтди. Лекин, менимча бизларга кўрсатилаётган ёрдамга ҳали муносиб жавоб бермадик, деб ўйлайман. Нега? Чунки давлат томонидан адибларга жуда катта эътибор берилгани ва берилаётганини таъкидламасликнинг иложи йўқ. Ижодини тинч ва хотиржам олиб бориши учун Дурмон ижод уйида уюшманинг ҳар бир аъзоси фойдаланиши мумкин бўлган барча шароитлар яратилган. Энг қувонарлиси Адиблар хиёбони ҳудудида уюшма учун алоҳида бино қуриляпти. Насиб қилса, мустақиллигимизнинг 26 йиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилади. Ушбу ҳудудда Ёзувчилар уюшмаси аъзолари учун имтиёзли ипотека кредити асосида 2 та кўп қаватли уй барпо этиш ва Зомин ва Паркент туманларининг хушманзара ҳудудларида ижодкор зиёлиларимиз учун замонавий ижод уйлари қурилиши режалаштирилгани ҳам келгусида адабий жараён янада гуркираб яшнашига имконият яратиши муқаррар.
Ёшларнинг бадиий ижодини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ижод” фонди томонидан “Биринчи китобим” сериясида китоблар нашр этилмоқда. Бу яхши, албатта. Лекин, ҳатто номдор ёзувчилар ҳам мазкур фонднинг молиявий имконияти чеклангани сабабли унинг ёрдамида ўз китобларини чоп эттириш имкониятига ҳамиша ҳам эга эмаслар. Шуни ҳисобга олиб, ижодий ташкилотларнинг “дўстлари клублари” ташкил этилиши бу муаммони бир мунча ҳал этилишини таъминлайди. Жумладан Халқ банкининг “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг дўстлари клуби”га раҳбарлик қилиши айни муддао бўлмоқда. Чунки мазкур муассасанинг асосий мижозлари фуқаролар бўлиб, у адибларнинг китоблари чоп этилишига ҳомийлик қилиш билан бирга уларнинг кенг оммага тарқатилишини ташкиллаштириши ҳам мумкин.
Давлатимиз раҳбари йиғилишда Ўзбекистонда адабиёт ва санъат, маданият, оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат бизнесга айланмаслиги ғоясини илгари сурди. Бундай муносабат, айниқса бадиий қиймати йўқ китоблар чоп этилишида кўзга ташланиши жуда ачинарли ҳол. Бунинг олдини олиш учун нашриётларда босмага тайёрланадиган асарларни, албатта бадиий таҳрирдан ўтиши ва махсус кенгашнинг рухсати билан амалга ошишини йўлга қўйиш керак. Таҳрирга келадиган материалларнинг кўплигини эътиборга олиб, бу ишга уюшма аъзоларини жалб этиш мумкин. Агар уюшманинг ҳар бир аъзоси йилида бештадан китобни ўқиб, ўз хулосасини берган тақдирда ҳам умумий ҳисобда бир йилда 3 минг асарга мутахассис баҳоси берилган бўларди. Бу билан ҳам муаллифнинг, ҳам уни таҳрир қилган адибнинг бадиий маҳоратига баҳо бериш имконияти пайдо бўлади.
Хуршид НУРУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.