Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Имкон берадиган Ҳам, олиб ҚЎядиган Ҳам ВАҚТ...

"Ўтиб кетган йилингдан топ-чи бир кун, бугун қайтиб келурми кечаги кун", деган эди донишмандлардан бири. Ҳақ гап.

Дарҳақиқат, Вақт учун тўхташ, кутиб туриш бегона. Ўтиб кетадию, лекин, орқага қайтишни билмайди. У ўз манзили томон ҳамиша шошилади. Аммо...
Ҳеч эътибор берганмисиз, айнан шу ҳақиқатни англаб етган, етаётган кўпчилик атрофимиздаги одамлар вақт қадрига етишга уринади, унинг қаршисида ғафлатда қолмаслик учун ҳаракат қилади. Ахир, ўтиб бораётган ҳар бир фурсат ғанимат. "Вақтим йўқ", "Ишим кўп" дейиш бу каби одамлар учун одат бўлиб қолгани ҳам асло муболаға эмас. Ачинарлиси эса, улар шунчалик бандки, ҳатто оиласи, фарзандлари, ота-онаси, яқинларига ҳам баъзан вақт ажратишга Вақт топаолмасликларидир. Яқинда китобларнинг биридан "Ижодкор" номли ҳикояни ўқиб қолдим. Ундаги бир воқеа менга манзур бўлди.
" – Мен катта ёзувчи бўлмоқчиман!- деди у хотинига ва фарзандларига. – Ижод қилаётганимда халал берманглар!
У туну кун ижод қилди. Унга кўзларини мўлтиратиб тиккан қизини ҳам, юрак ютиб бўйнига осилолмаган ўғлини ҳам кўрмади. Жуфтига бағишлолмаган изҳорларини китобига битди. Фарзандларига айта олмаган ширин сўзларини китобига битди. Оиласига кўрсатолмаган ғамхўрликни китобга исботлади!
У танилди. Унинг шоҳ асарлари минглаб нусхаларда чоп этилди. У шону шуҳратга бурканди.
– Энди етар, - деди бир кун қўлидаги қаламни қўйиб, - кексайибман...
Шундай дея атрофига қаради: ҳеч ким йўқ эди.
У бир уюм китоблари ичра ёлғиз қолганди."
Ҳаётда ҳамма нарсага ҳам улгуриш мумкин, бироқ, вақт бизга имкон берган экан, фурсат борида энг аввало ёнимиздаги яқинларимизнинг қадрига етайлик. Унутманг, уларни биздан, бизни улардан жудо қиладиган ҳам аслида Вақт...

Фотима МАҲМУДОВА


Дата добавления: 09/02/2018 11:46;   Просмотров: 1237
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку