Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ИЛҲОМ ҲАМИДОВ

Туманимиз санъат аҳли оғир жудоликка учради. Таниқли санъаткор, мумтоз куй ва қўшиқлар ижрочиси, дилкаш дўст ва меҳрибон устоз Илҳом Ҳамидов бемаврид ўлим туфайли орамиздан барвақт кетди.

Илҳом Ҳамидов 1958 йилнинг 25 майида тумандаги Ўрташиқ маҳалласида туғилди. Ўрта мактабни тугатгандан сўнг, 1978-1982 йилларда Самарқанд Давлат педагогика институтининг мусиқа факултетида таҳсил олди. 1982-1987 йилларда туман “Пахтакор” кўнгилли спорт жамиятида йўриқчи, 1987-1990 йилларда туман маданият бўлими Марказий маданият уйи бадиий раҳбари вазифаларида фаолият юритди. 1990-1991 йилларда эса шаҳарнинг хўжалик ҳисобидаги минтақавий тарғибот Марказида инспектор бўлиб ишлади. 1991-2011 йилларда туман ҳокимлиги маданият ва спорт ишлари бўлимининг Марказий маданият уйи бадиий раҳбари сифатида самарали меҳнат қилди. 2014 йилда мазкур бўлимнинг 1-сон маданият ва аҳоли дам олиш Марказининг бадиий раҳбари этиб тайинланди ва умрининг охиригача бу вазифани сидқидилдан адо этиб келди.

У ўз меҳнат фаолияти давомида 1987 йилда ўтказилган Бутуниттифоқ Халқ ижодиёти II халқаро фестивалининг лаурияти, истеъдодли санъаткор сифатида кўплаб ёш санъаткорларга устозлик қилиб, улкан муваффақиятларга эришди. Бевосита Илҳом Ҳамидов раҳбарлигида “Шашмақом” Халқ ансамбли 2013 йилда “Мақом жамоалари ва катта ашула ижрочиларининг Республика кўрик-танлови”да фахрли 1-ўринни қўлга киритди. Иқтидорли шогирд-лари ҳам 2015 йилда “Ёш мақом ижрочилари” кўрик-танловининг Республика босқичида муносиб иштирок этиб, юқори ўринни эгалладилар. Шунингдек, у киши бошчилигида “Шашмақом” ансамбли вилоятда ўтказиладиган “Наврўз”, “Мустақиллик” байрамлари тантаналари ва бошқа кўплаб тадбирларда ҳам мунтазам қатнашиб келди.

И.Ҳамидов оилада меҳрибон ота сифатида турмуш ўртоғи Муҳаббат Шарипова билан биргаликда 4 нафар фарзандни эл-юрт корига ярайдиган инсонлар қилиб тарбиялаб, вояга етказишди. Ўтган йили муборак Ҳаж сафарига бориб мусулмонлик фарзларини адо этиб келди. Айни пайтда маҳалла-кўй, фарзандлари ва набираларининг ҳақиқий дуогўйи эди.

Самимий инсон, моҳир ташкилотчи, устоз санъаткор И.Ҳамидовнинг порлоқ хотираси ҳамкасблари ва шогирдлари қалбида бир умрга сақланиб қолади.

ТУМАН ҲОКИМЛИГИ МАДАНИЯТ ВА СПОРТ ИШЛАРИ БЎЛИМИ ЖАМОАСИ

 


Последнее редактирование: 29/03/2017 15:49;   Просмотров: 1641
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку