Туман ҳокими Носир Мавлонов билан суҳбат
Дунёдаги ҳозирги мураккаб вазият - пандемия, иқлим ўзгаришлари, табиий офатлар шароитида аҳоли учун кафолатланган хавфсизликни таъминлашда озиқ-овқат маҳсулотларининг барқарор захирасини яратиш муҳим ўрин тутади. Шунинг учун мева-сабзавот, узум, картошка ва полиз маҳсулотларини етиштиришни кучайтириш, ички бозорни тўлдириш, экспорт салоҳиятини ошириш давлатимизнинг муҳим стратегик йўналишларидан бирига айланган. Бизнинг туманда бу соҳада ижобий ўзгаришларга эришилмоқда.
Шуниси диққатга сазоворки, иқтисодиётнинг барча тармоғига замонавий инновацион технологиялар жадаллик билан кириб келмоқда. Айниқса, қишлоқ хўжалигида, саноат, хизмат кўрсатиш соҳаларида замонавий инновациялар жорий этилмоқа.
- Муҳтарам Президентимизнинг "2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида"-ги Фармонида жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳалари шиддат билан ривожланаётгани ислоҳотларни мамлакатимизнинг жаҳон цивилизацияси етакчилари қаторига кириш йўлида тез ва сифатли илгарилашини таъминлайдиган замонавий инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларга асосланган ҳолда амалга оширишни тақозо этади" деб алоҳида таъкидланган, - деди Носир Мамарасулович, - шунингдек, Ҳаракатлар стратегиясида меҳнат бозори мутаносиблигини ва инфратузилмаси ривожланишини таъминлаш ва тадбиркорлик фаоллигини тўлиқ амалга ошириш учун шароитлар яратиш, ишга муҳтож шахсларни касбга тайёрлаш тизимини кенгайтириш вазифалари белгиланган.
Туманимизда 2020-2022 йилларда қиймати 4601,5 млрд. сўм бўлган 110, та яъни қишлоқ хўжалиги йўналишида 70 та, саноат йўналишида 22 та, хизмат кўрсатиш ва сервис йўналишларида 18 та инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати тасдиқланган. Мазкур лойиҳаларни ишга туширилиши натижасида 2675 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.
Жумладан, 2020-2022 йилларда 1-сектор ҳудудида лойиҳа қиймати 734,9 млрд. сўм бўлган 38 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, 854 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган сектор худудида қиймати 166,1 млрд. сўм булган 21 та лойиҳа 2020 йилда қабул қилиниб, 309 та иш ўринлари режалаштирилган, 2020 йилда амалга оширилиши режалаштирилган инвестиция лойиҳаларидан жорий йилнинг январь-август ойларида 43,4 млрд. сўмлик 11та лойиҳа фойдаланишга қабул қилинди, 74 та янги иш ўринлари яратилди. Жорий йил якунига қадар қиймати 122,4 млрд. сум бўлган 10 та инвестиция лойиҳалари фойдаланишга қабул қилиниб, 235 та янги иш ўринлари яратилади.
- Ҳурматли Носир Мамарасулович, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик - иқтисодиёт ўсишининг асосий бўғинларидан бири ҳисобланади.
- Тўғри, бу соҳани ривожлантиришга қаратилаётган эътибор бугун ўз самарасини бермокда. Янги корхоналар очилиб, ҳажми ортмоқда. Пировардида янги иш ўринлари яратилмоқда.
Таҳлил қиладиган бўлсак, туманда жами 565 та саноат корхоналари фаолият кўрсатиб келмоқда. Шулардан 5 таси йирик, қолган барча корхоналар кичик ва ўрта бизнес корхоналари ҳисобланади.
Асосий фаолият турларига қишлоқ хўжалик маҳсулотларини саноат усулида қайта ишлаш, қурилиш, мебель маҳсулотлари, металлургия ва бошқа соҳалар киради.
Тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиши ҳамда фаолият юритилиши учун давлатимиз раҳбари томонидан барча шароитлар яратиб берилган. Туманда жорий йилда жами 675 та янги кичик бизнес субъектлари ташкил этиш белгиланган эди, шундан, январь-август ойларида режадаги 444 та ўрнига 465 та янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилди.
- Куз фасли келди. Қиш фасли ҳам эшик қоқмоқда...
- 2020-2021 йил куз-қиш даврида табиий газ етиб бормайдиган аҳоли хонадонларини арзон нархдаги 3 минг тонна кўмир ва 2 минг тонна кўмир брикети билан таъминлаш режалаштирилган.
Туман бўйича 2020-2021 йиллар кузги-қишги мавсумга тайёргарлик доирасида 508 дона Газ тақсимлаш қурилмаларини техник кўрикдан ўтказиш, 72,0 км газ қувурларини босим остида синаш ва ҳаво босими ёрдамида тозалаш, 13,3 км Ер ости газ қувурлари ҳолатини асбоблар ёрдамида текшириш, 9,0 км ер усти газ қувурларини бўяш ва 4 дона газ қурилмаларини мукаммал таъмирлаш кўзда тутилган. Ва бу ишлар бошлаб юборилган.
Туманда 2450 та газ истеъмолчиси бўлиб, шу жумладан 1954 та истеъмолчи 3-босқичли газ таъминот тизимидан 2-босқичли тизимга ўтказилди. Жами 20 080 та газ истеъмолчилари, шу жумладан 2020 йилда 6669 та аҳоли хонадонларига электрон газ ҳисоблагич ускуналари ўрнатиш режалаштирилган.
Суюлтирилган газ истеъмолчилари сони 29 009 тани ташкил этади. Бунда саккиз ойлик суюлтирилган газ етказиб бериш режаси 2644,58 тоннадан иборатдир.
Маиший газ баллонлари ҳам ҳисоблаб чиқилган. Бугунги кунда уларнинг сони 26 981 донани ташкил этади. Газ баллонлар ташувчи автомобиллар сони 5 та. Уларнинг ойлик қуввати 300 тонна ҳисобланади.
Пандемия даврида асосий эътибор тиббиёт тизимига ҳам қаратилган.
Туман тиббиёт бирлашмасининг 2020-2021 йилларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича жами 276 тонна, шундан 138 тонна брикет ва 138 тонна оддий кўмир захирасини яратиш режалаштирилган.
Тумандаги Гулобод, Оҳалик, Меҳробод, Хишрав, Ўзбекистон, Заҳлик ва Охунбобоев қишлоқ врачлик пунктларининг бино ҳолатлари, куз-қиш мавсумига тайёргарлик даражаси ўрганиб чиқилди. Биноларда газ ва кўмирга мослаштирилган козонхоналар ўрнатилди. Сув таъминоти яхшиланди, қўшимча равишда кондиционерлар ҳам ўрнатилди.
Шунингдек, электр энергияси, ичимлик суви ҳамда уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳам шу каби ишлар олиб борилмоқда. Энг муҳими аҳоли саломатлигини асраш, уларнинг яшаш шароитини яхшилаш, куз-қиш мавсумини беталофат ўтказишга жиддий эътибор каратилмоқда.
- Маълумки, сайёҳлик ҳам даромад манбаидир. Бизнинг вилоятда келаётган меҳмонлар фақат Самарқанд шаҳридаги тарихий-маданий мерос иншоотларига саёҳат қилиш билан чекланмасдан бизнинг туманга ҳам ташриф буюришмоқда. Демак, туманда ҳам янги сайёҳлик йўналишлар ташкил этилди.
- Тўғри айтдингиз, тумандаги Конигил қишлоғида намунали йўсиндаги "Туризм қишлоғи"га асос солинмоқда. Зеро бу ҳудуд ҳам ўзига яраша узоқ тарихга эга.
Ҳунармандчилик, боғдорчилик бўйича ибратли тажрибаси бор. Аждодларидан мерос анъаналарни бугунги авлод ҳам давом эттириб келмоқда ва табиийки, бу маҳаллий ҳамда чет эллик сайёҳлар учун қизиқарли, Муҳими, бу ҳудудлар туризм маскани бўлгач, деярли барча хонадон мазкур тармоқ орқали доимий даромад манбаига эга бўлади. Янги туристик объектлар, хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилади, Бундан асосий мақсад, сайёҳларнинг туманда бўлишини узайтириш билан бир қаторда, аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, қўшимча даромадини ошириш ҳамда камбағалликни қисқартирищдан иборат.
"Туризм қишлоғи"да биринчи босқичда 20 та хонадонда 30 турдаги туризм хизмати йўлга қўйилади. Бу ерда агротуризм, экотуризм, этник анимацион туризм турлари иш бошлайди. Лойиҳа мустақиллик байрами кунлари ишга тушиб, сайёҳларни хушнуд этади. Қарийб 3 гектар майдонда халқимизнинг турли маданияти, урф одатлари, анъаналари, ҳунармандчилиги акс эттирилади. Бундан ташқари, маҳорат дарслари уюштирилиб келадиган сайёҳлар бевосита ушбу жараёнда, масалан, палов тайёрлаш, сигир соғиш, ҳунармандчилик маҳсулотларини ясашда ўзлари ҳам қатнашади.
Худди шундай тумандаги Янги жой маҳалласининг туристик салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш мақсадида "Анисабону" МЧЖ томонидан умумий қиймати 10 миллиард сўмлик "Оқбўйра гарден" дам олиш масканини ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида 20 та ёзги ва 20 та қишқи дам олиш уйлари, бассейн, умумий овқатланиш маркази фойдаланишга топширилади. От ва эшакларда тоққа сайр қилиш, квадроцикллар ижараси ташкил этилади.
Вақтинча ишламай турган корхоналар фаолияти қайта йўлга қўйилиб, ички туризмни ривожлантириш бўйича маҳалла фаоллари, ёшлар жамоалари ҳамда корхона ва ташкилотлар, уларнинг меҳнат жамоалари билан ҳамкорликда қатор лойиҳалар жорйи этилияпти...
Ҳа, ҳокимнинг гапларида жон бор. Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш жараёни бир кунлик, бир йиллик иш эмас. Ҳар кун, ҳар ҳафта дилларни хушнуд этадиган янги қадамлар, ижобий ташаббуслар бу диёр халқининг турмуш тарзига, ҳаёт қоидасига айланган.
Муҳтарам Президентимизнинг туманимиз тараққиёти кўрсаткичларига берган холис баҳоси, ҳақли эътирофи замирида фидоий тадбиркорларимиз, жонкуяр мутасаддиларнинг машаққатли меҳнатлари ётади, уларнинг ишга, ҳар бир соҳага жиддий эътибор ва юксак масъулият билан ёндашишларига куч-қувват бағишлайди.
Нормурод КАРИМОВ
Зоҳир ҲАСАНЗОДА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.