Муҳтарам Юртбошимизнинг саъй-ҳаракатлари ва ташаббуслари билан мамлакатимиз аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш ва турмуш фаровонлигини ошириш йўлида ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса "яшаш минимуми" ва "истеъмол саватчаси" тушунчалари ҳамда уларни аниқлаш мезонларини белгилаш орқали аҳолининг иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва бошқа хил реал даромадлари миқдори мунтазам ошириб борилаётир. Бу ғамхўрликлар замирида эса халқимизнинг тинч, фаровон ва замонага мос ва хос ҳаёт кечириши учун қулай имкониятлар яратилганлиги кўзга ташланади. Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлими бошлиғи Фирдавсжон Ғаниев билан қилган суҳбатимиз айнан ана шу масалага бағишланди.
- Шу йилнинг 1 июль ҳолатига кўра Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлими тасарруфида жами 25504 нафар пенсия ва нафақа олувчилар бўлиб, шундан 19182 нафари ёшга доир, 2684 нафари ногиронлик, 1349 нафари боқувчисини йўқотганлик ва 2289 нафари ижтимоий нафақа олувчилардир. – дейди Фирдавсжон Ғаниев. – 2018 йилнинг 1 июлига қадар пенсия ва нафақа тайинланишини сўраб1304 нафар фуқародан ариза тушган. Шундан 1128 нафар фуқарога амалдаги қонун доирасида пенсия ва нафақалар тайинланди. Иш стажи етмаганлиги сабабли 16 нафар фуқаронинг пенсия тайинлаш ҳақидаги аризасига рад жавоби беришга тўғри келди. Шунингдек Ўзбекистон республикасининг 2010 йил 27 декабрда қабул қилинган "Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида"ги ЎРҚ -276-сонли Қонуни асосида ижтимоий тўловлар – 1673 кишига суюнчи пули ва 557 нафар фуқарога дафн нафақаси тўланди.
- Фирдавсжон, ишловчи пенсионерларнинг қайси тоифаларига пенсиялар тўлиқ миқдорда, яъни юз фоиз тўланади?
- Аввало уруш ногиронлари ва қатнашчиларига, шунингдек уларга тенглаштирилган шахсларга. Иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳарбий хизматни ўтаган ёки фронт ортида ишлаган шахсларга, 1 ва 2 гуруҳ ногиронларига, Чернобиль ҳалокатидан зиён кўрган фуқароларга, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашидан тортиб, фуқаролар йиғинлари раислари ва ўринбосарларигача бўлган қатламга, туман, шаҳар хотин-қизлар қўмиталари мутахассиларига ҳамда Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси ходимларига неча пул ойлик олишларидан қатъий назар пенсияси тўлиқ миқдорда тўланади.
2018 йилнинг 1 январидан бошлаб эса ушбу тўловларга янгиликлар киритилди. Яъни, фаолият соҳасидан қатъий назар республиканинг ижтимоий ривожланишига салмоқли ҳисса қўшганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан фахрий унвонлар олган, илм-фан, адабиёт ва санъат асарларини яратган бўлиб, бу асарлардан фойдаланилаётганлиги учун муаллифлик мукофоти (гонорар)кўринишида даромад олаётган, лекин меҳнат шартномаси асосида фаолиятини амалга оширмаётган пенсионерлар, мулкчилик шаклидан қатъий назар тиббиёт ташкилотларида ишловчи шифокорларга пенсиялар тўлиқ бериладиган бўлди.
Шу йилнинг 1 мартидан бошлаб эса Қуролли кучлар таркибида ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тизимида (яъни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат хавфсизлик хизмати, давлат божхона хизматлари), аммо хизматда бўлишнинг чегараланган ёши бўйича пенсияга чиқиш шарти билан (яъни соғлиги туфайли пенсияга чиққан шахслардан ташқари) пенсия тўлиқ берилади. Шунингдек, умумтаълим мактабларида, касб-ҳунар коллежларида ва академик лицейларда раҳбар ва унинг ўринбосарлари, бошланғич чақириққача ҳарбий тайёргарлик, "Ватанпарвар" мудофаага кўмаклашиш ташкилоти ўқитувчилари ҳамда олий ўқув муассасаларининг ҳарбий тайёргарлик ўқув тизилмаларида ўқитувчилик қилаётганлар иш фаолияти давомида тўлиқ пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлди.
Шу билан бирга маҳаллий органларнинг мудофаа ишлари бўйича ҳарбий бошқармалари, фахрийлар ишлари бўйича кенгашлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоят, туман (шаҳар) Халқ қабулхоналарида, мудофаа саноати бўйича давлат қўмитасининг ижро аппаратида, ҳарбий қисмлар ва муассасалардаги Ёшлар иттифоқининг бирламчи ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлимларида меҳнат қилаётганлар, вилоят ва шаҳар бошқармалари раҳбарлари, маслаҳатчилари бўлиб ишлаётганларга пенсия тўлиқ тўланади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, республика "Оила" маркази ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари, республика Бош прокуратураси ҳузуридаги мажбурий ижро бюросида, жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари, таълим муассасаларининг спорт ташкилотларида ишлаётганларга фаолиятнинг бошқа ҳақ тўланадиган турлари билан шуғулланмаслик шарти билан пенсия тўлиқ ҳажмда берилади.
2018 йил 1 июлдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгеси раиси, вилоятлар ва туманлар ҳокимлари, қишлоқ хўжалиги вазири ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши тизимида, нодавлат-нотижорат ташкилотларида ишлаётган пенсионерларга фаолияти ягона иш жойи бўлган тақдирда пенсия тўлови тўлиқ амалга оширилади.
Яна бир янгилик, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ давлат ташкилотларида меҳнат қилаётганларнинг маошлари шу йил 15 июндан 1.7 фоизга кўтарилди. Бу эса давлатимиз раҳбарининг "Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади" деган гапларининг яна бир исботи бўлди. Президентимиз томонидан имзоланган "Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида"ги фармонини бажаришни янги босқичга кўтариш аҳоли даромадларини оширишда дастуриламал бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Зеро, ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган ҳар бир меёрий ҳужжат замирида халқ фаровонлигини оширишдек эзгу мақсадлар ва юксак ғоялар ётади.
Суҳбатни
Зоҳир ҲАСАНЗОДА ёзиб олди.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.